23.09.2023 16:08
3522
Лондон ва Мадридда дерби, Францияда класико. Ҳафта ўйинлари анонси

Еврокубоклар якунига етмай, миллий чемпионатларда ҳам навбатдаги тур ўйинлари бошланиб кетди. Ҳафта давомида топ-клублар еврокубокларда иштирок этгани сабабли, аксарият эътиборга молик учрашувлар якшанба куни бўлишини таъкидлаш лозим. Айниқса, Лондон ва Мадрид дербилари бу ҳафтадаги дам олиш кунларимизни ҳам мароқли ўтишига сабаб бўла олади.

АРСЕНАЛ – ТОТТЕНҲЭМ (24 сентябр, 18:00)

Лондон дербиси бу сафар нафақат ўзаро муносабатлар ва муросасизлик, балки турнир нуқтаи назаридан ҳам марказий учрашувга айланиши шубҳасиз. Ҳар иккиси ҳам бир хил – 13тадан очко тўплаб, «Манчестер Сити»ни таъқиб қилиб боришмоқда ва бу йўлда давом этиш учун ушбу учрашувда очко йўқотмаслик шарт.

Қизиғи, мавсум энди бошланган бўлса-да, ҳар икки клуб жамоа сифатида ҳар томонлама ўзини кўрсатиб улгурди, турли сценарийдаги, турли шароитдаги ўйинларда қатнашди. Ҳар икки жамоада ўртамиёна клуб билан голли дуранглар, камбэклар, сўнгги дақиқалардаги, ҳамда йирик ғалабалар ҳам бўлиб улгурди. Яъни футболчилар ана шундай турли услуб ва сценарийлардаги ўйинлар туфайли, ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан мавсумнинг авжига тайёр, деб бемалол айтиш мумкин. Бу фактор эса ўйинни ҳар жиҳатдан қизиқарли қилишига ва ҳатто жамоалар очиқ услубга ўтиб кетишлари учун шароит яратади, албатта.

Икки йил олдин «Тоттенҳэм» сўнгги турларда, ўзаро ўйиндаги йирик ғалаба туфайли «Арсенал»ни бешинчи ўринда қолдириб кетганди. Ўтган йили эса ҳар икки ўйинда «қизиллар»нинг қўли баланд келди, «Тоттенҳэм» анча муваффақиятсиз мавсум ўтказди. Умуман сўнгги ўн йилликни оладиган бўлсак ҳам, ўзаро ўйинларда кучлар деярли тенг, ҳар икки томонда саккизтадан ғалаба ва олти дуранг мавжуд. Айнан АПЛ доирасидаги ўйинларни олсак, меҳмонлар учун унча яхши бўлмаган серия бор – «Тоттенҳэм» бу стадионда охирги марта 2010 йилнинг ноябрида ғалаба қозонган. Ўша ўйинда голларни Самир Насри, Рафаэл ван дер Варт ҳамда Гарет Бэйл урганини, майдонда Аршавин, Модрич, Фабрегас ва Галласлар ҳаракат қилганини эсласак, бу воқеага жуда кўп бўлганини тасаввур қилишингиз осон.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, «Арсенал»да сезиларли йўқотиш – Габриел Мартинеллининг жароҳатидир. У «Эвертон»га қарши ўйиннинг бошларида майдонни тарк этганди. Лекин яна бир жиҳат, унинг ўрнида ҳаракат қилаётган Леандро Троссар ўзига берилган имкониятдан унумли фойдаланмоқда ва кейинги ҳар икки ўйинда ҳам гол уришга муваффақ бўлди. Мартинеллидан ташқари, Томас Парти ҳам тахминан яна бир ой шерикларига ёрдам бера олмаса керак. Меҳмонлар сафида эса янги жароҳатлар йўқ. Фақат «Шеффилд»га қарши камбэк сабабчиларидан бири бўлмиш тажрибали Иван Перишич узоқ муддатга сафдан чиққани маълум бўлди. Сўнгги ўйинларда у асосий таркибда ҳаракат қилмаётган бўлса-да, ўйин давомида жамоани кучайтириш ва мураббийга турли режаларни тузишда жуда фойдали ижрочилардан бири эди.

Дарвоқе, яна бир омил шундаки, «Тоттенҳэм» рақибидан фарқли равишда ҳафта ўртасида ўйин ўтказмади. «Арсенал» чоршанба куни «ПСВ»га қарши ЕЧЛ ўйинида гарчи осон ғалабага эришган бўлса-да, айни шу дербига тайёргарлик борасида «Тоттенҳэм»да кўпроқ вақт бўлгани ва футболчилар жисмоний нуқтаи назардан яхшироқ ҳолатда бўлишини айтиш лозим бўлади. Агар ўйин тақдири эртароқ ҳал бўлмаса, ўйин охирига борган сари «Тоттенҳэм»нинг имконияти ошиб борса керак.

ПСЖ – МАРСЕЛЬ (24 сентябрь, 23:45)

Ҳозирча Луис Энрикенинг «ПСЖ»даги ислоҳоти натижа беришни бошлагани йўқ. Албатта, бу жараён шошилинч эмас, Францияда ҳар доим ҳам ўнгланиб, пешқадамларга етиб олиш имкони бор. Кучли бешликда 1-ўринда кетаётган жамоа энг кўп очко йўқотган лига ҳам айнан Франция чемпионатидир. Аммо барибир, ўтган турда «Ницца»дан ўз майдонидаги мағлубият парижликлар учун оғир ботган бўлса керак. Мавсум бошидаги дуранглар тушунарли, Мбаппе йўқ эди, янги футболчилар ҳали тўлиқ киришиб кетмаган, аммо кейинчалик, икки ишончли ғалаба қозонилгач, барчаси рельсга тушиб олгандек тасаввур уйғотганди. Мбаппе қаторасига уч ўйинда дубл қайд этди, масалан.

«Марсель» чемпионатнинг пешқадамларидан, ҳали мағлубиятга учрамаган икки жамоадан бири. Кеча «Ницца» «Монако»ни ютиб, биринчи ўринга кўтарилиб олди, лекин шу турда ғалаба қозонса, «Марсель» ҳам очколар бўйича пешқадамга айланиб олади. Қизиқ томони, «Марсель» доим кучли жамоалардан бири бўлиб, юқори ўринларда юрган бўлса-да, айнан «ПСЖ»га қарши лигадаги энг ёмон статистикага эга. Қаранг, 2011 йилнинг ноябрида «Марсель» парижликлар устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Шундан буён барча мусобақаларда рақиблар 28 марта куч синашишди ва фақат бир маротаба «Марсель»нинг қўли баланд келган холос. 2020 йилнинг сентябрида Товеннинг голи эвазига минимал ҳисобдаги ғалабага марселликлар айнан Парижда ўтган учрашувда эришган эди. Яна бир факт, «Марсель» Франция чемпионатида 7 ўйиндан бери сафарда ғалаба қозона олмай келяпти.

Ҳар икки жамоа еврокубокларда майдонга тушди. Лекин жисмоний томондан «ПСЖ»да устунлик бўлиши эҳтимоли катта. Чунки Энрике шогирдлари ўз ўйинини Парижда, бунинг устига икки кун олдин ўтказган. «Марсель» эса пайшанба оқшомида «Аякс»га қарши қийин (3:3) ўйин ўтказди.

Жароҳатларга тўхталадиган бўлсак, Марко Асенсио ва Нуно Мендеш келаси ой бошига майдонга қайтади. Аммо яхши хабар, мавсумолди йиғинларда жароҳат олган Преснел Кимпембе машғулотларга қайтгани айтилмоқда. Асосий таркибда тушмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, учрашув қайдномасидан ушбу ҳимоячининг ўрин олиш эҳтимоли юқори. «Марсель» сафида Исмоил Сарр жароҳатдан тикланиб улгурмади.

ЛИВЕРПУЛЬ – ВЕСТ ҲЭМ (24 сентябр, 18:00)

Агар мавсум бошида тақвимга қаралганда, бу жамоаларнинг 5 турдан сўнг турнир жадвалининг юқори қисмида бўлишига ишониш қийин эди. Яримҳимояни бутунлай янгилаган «Ливерпуль» «Челси», «Ньюкасл» каби жамоалар майдонига сафар қилди, «Астон Вилла» билан ўйнади. Деклан Райсдан ажралган «Вест Ҳэм» эса аллақачон «Челси», «Сити», «Брайтон» каби кучли рақибларга қарши ўйнаб улгурди. Шу ҳолатда ҳам жамоаларнинг минимал йўқотишлар билан юқори ўринда бораётгани диққатга сазовор ва бу ўйин ҳам мана шу ижобий тенденцияни йўққа чиқармаслик учун ҳар икки томоннинг ҳаракатига айланиб кетиши турган гап.

«Энфилд»даги сўнгги 6 ўйинда мезбонларнинг қўли баланд келган, аммо охирги тўрт ўйинда «Ливерпуль» фақат минимал ҳисобда ғалаба қозонаётганига ҳам эътибор бериш лозим. Охирги икки ўйинда 1:0 ҳисоби қайд этилган бўлса, ундан аввалгиларида «Ливерпуль» фақат сўнгги дақиқаларда иродали ғалабага эришган. «Вест Ҳэм» охирги марта меҳмонда 2015 йилда 3:0 ҳисобида муваффақиятга эришган.

Эътибор бериладиган яна бир жиҳат шундаки, «Ливерпуль» қайтадан янги қурилаётган жамоа, табиийки, тартибли ва тизимли рақибга қарши муаммолар пайдо бўлиши керак. Ўйин очиқ тус олиб, хатолар олд планга чиққанда, яъни хаос бошланганда эса «Ливерпуль»нинг устунликлари намоён бўла бошлайди ва алоҳида ижрочиларнинг бу сценарийдаги қобилияти эвазига натижа қўлга киритиш осон бўлади. «Ньюкасл»га қарши ўйинни эслашингиз мумкин. Хуллас, айнан бугунги ҳолатдаги «Ливерпуль» учун «Вест Ҳэм» анча ноқулай рақиб бўлиши керак. Зеро Давид Мойес шогирдлари асосан қуйи блокда ва тартибли ҳимояланадиган, муҳими, ҳатто ҳисобда ортда борса ҳам, режани бузмаган ҳолда, ўз имкониятини кутадиган жамоадир. Ҳали юқори даражада бутун ўйин ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлмаган «Ливерпуль» учун эса албатта, унча мунчага руҳий синиб қолмай, охиригача ўз режаси бўйича ўйнайдиган «Вест Ҳэм» етарлича қийинчилик туғдириши турган гап.

Бошқа тарафдан, ҳар икки жамоа пайшанба оқшомида Европа Лигасида иштирок этди ва бир хил – 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Жисмоний томондан икки кун ичида оптимал даражада тикланиш ҳар икки жамоага ҳам осон бўлмаслигини ҳисобга олсак, ўйин қайсидир дақиқалардан тартибсиз ва хатолар билан давом этиши эҳтимоли бор, бу сценарий эса табиийки, «Ливерпуль»га кўпроқ қўл келади. Хуллас, томоша қилиш учун жуда қизиқарли ўйин ва маслаҳатимиз, ўйиннинг бошланишига қараб телевизорни ўчириб қўйманг. Учрашув умуман кутилмаган пайтда кутилмаган томонга бурилиб кетиши мумкин.

АТЛЕТИКО – РЕАЛ МАДРИД (24 сентябр, 23:55)

«Реал» мавсум бошидан юз фоизлик натижаларга эришиб келаётган бўлса-да, ғалабаларнинг ишончлилиги, умуман кўрсатилаётган ўйин борасида «Атлетико» бошқа даражани намойиш этаётганда ва агар сўнгги ҳафта бўлмаганда, бемалол Симеоне шогирдларини фаворит сифатида эътироф этсак бўларди. Аммо сўнгги икки ўйиндаги воқеалар «Атлетико»га айниқса руҳан таъсир қилган бўлиши эҳтимоли бор.

Аввал «Месталья»даги ўйин жамоанинг устидан муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. 7:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг «Валенсия» майдонига сафар қилган «Атлетико» ҳар жабҳада мезбонларга имкониятни бой берди ва ҳақли равишда йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Ундан ҳам аламлиси эса Чемпионлар Лигасида доирасида «Лацио»га қарши ўйинда рўй берди. Ўйин давомида анча устунлик қилинган бўлса-да, атиги 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб турган жамоа сўнгги дақиқаларда ташаббусни бой бериб қўйди ва ҳисоб тенглашди. Энг аламлиси, римликларнинг голини дарвозабон ургани ва табиийки, бу ҳолат «Атлетико»нинг бутун ҳаракатларини чиппакка чиқариб юборди. «Реал» эса ўз навбатида «Унион»га қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ғалаба голини уриб еврокубокларни ғалаба билан бошлаган бўлса, ундан олдинги Ла Лига ўйинида «Сосьедад» устидан иродали ғалабага эришганди. Икки томондан икки хил кайфият.

Бундан ташқари, «Атлетико»да жамоа ўйинига таъсир этиши мумкин бўлган жароҳатлар бор. Родриго де Паул миллий жамоалар йиғинидан жароҳат билан қайтди ва келаси ой бошларида машғулотларга қайтиши кутилмоқда. Ўтган турда эса Тома Лемар ҳам оғир жароҳат олди. У катта эҳтимол билан энди янги йилда сафга қайтади. Суюнжу, Депай, Барриос каби футболчилар эса камида бир ойдан сўнг таркибга қайтишлари мумкин. «Реал» яна қисқа муддат Винисиуссиз чидаб туришга мажбур. Аммо Даниэл Карвахалнинг ўрнини тўлдириш янаям қийинроқ бўлса керак. Карвахал ушбу мавсумни кутилмаганда жуда фаол бошлаб, мадридликларнинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлиб турганди. Ўнг қанот худди «Унион» билан бўлгани сингари, Лукас Васкесга топширилса керак.

«Реал» Испания чемпионатида ҳали очко йўқотмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Шу билан бирга «Атлетико» ўз майдонидаги сўнгги 14 учрашувда мағлубиятга учрагани йўқ. Демак ушбу сериядан қайсидир бири мазкур дербида барҳам топади. Нима деб ўйлайсиз?

БОШҚА ЎЙИНЛАР

23 сентябр. МИЛАН – Верона (18:00), БАВАРИЯ – Бохум (18:30), БОРУССИЯ Д – Вольфсбург (18:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Ноттингем Форест (19:00), Сассуоло – ЮВЕНТУС (21:00), БАРСЕЛОНА – Сельта (21:30), Бёрнли – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (23:55)

24 сентябр. Эмполи – ИНТЕР (15:30), ЛАНС – Тулуза (18:00), АТАЛАНТА – Кальяри (18:00), ЧЕЛСИ – Астон Вилла (18:00), Болонья – НАПОЛИ (21:00), Торино – РОМА (23:45).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар