Чемпионлар Лигасининг навбатдаги мавсумига старт берилди ва гуруҳларда дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтди. Таъкидлаш лозимки, бу мусобақа ҳозирги таниш форматда сўнгги бор ўтказилмоқда ва келаси йилдан умуман бошқача кўринишда ташкил этилади. Хўш, нега УЕФА бундай қарорга келди? Келаси мавсумдан амал қилинадиган кўриниш қай шаклда бўлади ва қандай афзалликларга эга?
Нега бундай эҳтиёж пайдо бўлди?
Аслида, шуни тан олиш керакки, Чемпионлар Лигаси бугунги кунда дунёнинг энг зўр турнири мақомига чиқиб, ҳатто жаҳон чемпионати билан рақобат қила оладиган, молиявий томондан ҳам, эътибор жиҳатидан ҳам барча клуб ва футболчилар интиладиган даражага чиқишига аслида айнан формат ўзгартирилиши сабаб бўлган. 90-йиллардан олдин Чемпионлар Кубоги илк босқичларданоқ плей-офф кўринишида бўлар, лигалардан фақат чемпион клублар қатнашиши мумкин эди. Аста-секин топ-лигаларда кейинги ўринни олган топ-жамоалар ҳисобига турнир таркиби бойиди, гуруҳ босқичи ташкил қилиниши эса ўйинлар сонини ҳам, мусобақанинг яхлитлигини ҳам яхшироқ қилди.
Аммо бугунги кунга келиб, ушбу формат ҳам мазмунан эскирганини тан олиш вақти етганга ўхшайди. Гуруҳлар сони 4 тадан 8 тага ошиши, табиийки, ўйинлар ва жамоалар сонини кўпайтирди, лекин гуруҳлар таркиби ва интрига жиҳатдан пасайиш рўй беришини кузатиш мумкин. Бир-икки гуруҳдан ташқари, аксарият гуруҳларда фаворитлар сараланиб қолмоқда ва аксарият топ-клублар учун гуруҳ босқичи аввалгидек мазмун касб этмаяпти.
Буни юқоридаги жадвалдан ҳам таҳлил қилиш мумкин. Сўнгги йилларда айниқса, иккинчи ва учинчи жамоа тўплаган очколар бўйича фарқ катталашиб бормоқда. 2-ўринни банд этган жамоаларнинг ўртача очкоси сўнгги 5-6 йилда 10 дан пасайгани йўқ, 3-ўринни эгаллаган клубларнинг ўртача очкоси эса, ҳатто 6 очкодан ҳам пасайиб кетди. Бу фарқ табиийки, гуруҳдан чиқиш учун кураш муросасиз бўлмагани, кўп ҳолларда охирги турдан ҳам олдин ҳал бўлаётганини билдиради. Табиийки, ҳақиқий Чемпионлар Лигаси баҳорда бошланади, деган мулоҳазалар ҳам ўринли бўлиб қолгандек. Бу биринчидан, мусобақа томошабоплигига путур етказса, иккинчидан, энг муҳими, топ-клубларнинг ҳам ЕЧЛга бўлган муносабатига таъсир қиляпти. Шундоқ ҳам, ички чемпионат даражаси ва юкламаси ошиб бораётган, кузда ҳар ой футболчиларини миллий жамоа йиғинларига жўнатадиган топ-клублар кузда учинчи дунё вакиллари билан, кўпинча турнир аҳамияти бўлмаган ўйинларда қатнашишни исташмайди. Молиявий томондан ҳам наф келтириши қийин. Бир неча йил олдин Суперлига машмашалари ҳам айнан шу сабабдан пайдо бўлганини унутмаслик керак. Янги формат қайсидир маънода ўрта йўлни топишга хизмат қилади – ҳам топ-лигаларнинг истаги амалга ошиши керак, ҳам УЕФА жавобгар бўлган кейинги эшелон клублари жабр кўрмаслиги лозим.
Хўш, янги формат қандай бўлади?
Кузда бошланадиган асосий босқичда энди 32 эмас, 36 жамоа қатнашади. Лекин гуруҳлар бўлмайди ва ҳар бир жамоа аввалги 6 та ўрнига 8 тадан ўйинда майдонга тушади. Ҳам жамоалар сонини ошириб, ҳам топ-клублар масаласини ҳал қилмоқчи бўлаётгани учун УЕФАга қойил қолиш керак.
Бундан нима чиқади, қани, амалда кўрамиз.
Хуллас, 36 жамоа ҳар бири 9 та клубдан иборат 4 та саватга бўлинади. Биринчи саватга Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби, ҳамда сўнгги беш йилдаги натижалар бўйича ҳосил бўлган клублар рейтинги бўйича энг юқори коэффициентга эга бўлган 8 жамоа (ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритганлар ичидан, албатта) ўрин олади. Кейинги саватлар ҳам худди шу тартибда тўлдирилади.
Ҳар бир жамоа ушбу босқич давомида ҳар саватдаги иккитадан жамоа билан ўйнаб чиқади. Биттаси билан уйда, биттаси билан сафарда. Ўз саватидаги жамоалар билан ҳам ўйнайди. Шу тариқа, 8 ўйин ҳосил бўлади. Бир жамоа билан икки марта ўйналмайди. Бир мамлакат вакиллари бу босқичда ўзаро дуч келишмайди. Рақиблар қуръа асосида аниқланади.
Мана шу 8 тадан ўйинда тўпланган очколарга қараб умумий жадвал шаклланади ва очколар бўйича дастлабки 8 ўринни эгаллаган жамоа тўғридан тўғри 1/8 финалга йўлланмани қўлга киритади.
9-24 ўринни эгаллаган 16 жамоа ҳам кейинги босқичга чиқади. Ушбу 16 жамоа 8 жуфт бўлиб, плей-оффда ўйнашади ва ғолиб чиққан 8 жамоа уларни кутиб турган дастлабки 8 жамоа билан биргаликда 1/8 финални ташкил қилишади. Уёғи ўша биз билган баҳорги форматда давом этади.
Бу ерда топ-клублар учун ҳам ҳар бир ўйиннинг аҳамияти оширилаётганига эътибор қаратиш лозим.
Биринчидан, ғолиблар тўртталик гуруҳда эмас, умумий аниқланишини эътиборга олсак, ҳар бир ўйинда очко олиш лозим бўлиб қолади. 3-4 турда гуруҳ масаласини ҳал қилиш қийин, зеро 8 талик учун курашда яхши очко тўплайдиган жамоалар кўп бўлади.
Иккинчидан, хўп, кимдир айтайлик, қаторасига 5-6 ўйинда ғалаба қозонган тақдирда ҳам, сўнгги турларда имкон қадар очко йўқотмасликка, ўша саккизталикнинг ҳам энг юқорисида бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки 1/8 финал учун рақиб танланаётганда аввалгидек, кўр қуръа эмас, қанчалик юқорида бўлинса, шунча пастроқдаги рақибга рўпара келиш эҳтимоли ошади. Яна шуниси ҳам борки, ўша кузги жадвалда 1-ўринни олган жамоа 2-ўриндаги жамоа билан фақат финалда дуч келиши мумкин. Қуръанинг сеткаси шундай тузилади ва буни қуйидаги инфографикада ҳам кўриб олиш мумкин:
Топ-учрашувлар нафақат баҳорда, кузда ҳам кўпайишини дарҳол пайқаш мумкин. Қаранг, биринчи тўққизталик саватчадан катта эҳтимол билан «Реал», «Барселона», «Бавария», «ПСЖ», «Интер» ва АПЛ топ-клублари ўрин олишини ҳозирдан тахмин қилсак бўлади. Тасаввур қилинг, бу клублар ўз саватидаги рақиблар билан ҳам икки ўйин ўтказади. Бу шу саватдаги ўйинларнинг ўзи камида 9 та юқори рейтингли топ-учрашув бўлишини кафолатлайди.
Инглиз жамоалари ўзаро ўйнамаслигини эътиборга олсак, уларнинг ҳар бири «Бавария», «Реал» ёки «Барселона» билан ўйнаб чиқиши ҳам шарт бўлиб қолади. Кейинги саватда ҳам мавжуд бўладиган топ-клублар, масалан, «Милан», «Атлетико» ёки «Боруссия» каби клубларнинг ҳам ҳар бири икки мартадан Топ-9 билан ўйнашини қўшилса, яна 6 та топ афишали ўйинга эга бўламиз. Жами 15 та.
Энди ҳозирги форматдаги кузги ЕЧЛни оламиз. «Бавария» – «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ»нинг «Милан» ва «Боруссия» билан иккитадан ўйинлари юқоридаги тўқнашувларга яқин келиши мумкин, холос. Яъни қарийб уч баробар кам.
Жамоалар таркиби қандай аниқланади?
Аввалги 32 клубга қўшилган 4 клуб қаердан келади? Икки клуб саралашлар орқали етиб келади, бу тушунарли. Шу ерда топ-чемпионатлар, айниқса, АПЛ клублари мухлислари учун қувончли хабар бор. Мисол учун, бу мавсумда АПЛда 5-ўринни олган жамоа ҳам кейинги йили ЕЧЛ иштирокчиси бўлиши мумкин. Қўшимча икки ўрин еврокубоклар рейтингида сўнгги йилда энг кўп очко тўплаган икки ассоциацияга ажратилди. Яъни 2023/24 йиллар мавсумида клублари энг яхши рейтинг-очко тўплаган икки лига қўшимча биттадан ўринга эга бўлади.
Аввалига УЕФА бу ўринлари рейтинги юқори икки клубга беришга қарор қилганди. Аммо бу ҳолатда, рейтинги доим юқори бўладиган «Челси», «МЮ» ёки «Милан» каби клублар ўз чемпионатида қандай ўринни олишидан қатъи назар ҳар мавсумда ЕЧЛ wild-card’ига эга бўлиб қолиши мумкин эди. Шунинг учун УЕФА бу ўринларни ассоциацияларга ажратди.
Шу билан бирга, рейтинг очколар нафақат Чемпионлар Лигасидаги жамоалар, балки Европа Лигаси ва Конференциялар Кубогидаги клублар томонидан ҳам тўпланишини инобатга олиш керак. Бир лига жамоалари томонидан тўплаган очколар ҳаммаси жамланиб, ўша лигадан қатнашувчи жамоалар сонига тақсимланади. Албатта, мусобақа ва босқич даражасининг мос коэффицентини инобатга олган ҳолда. Яъни ЕЧЛ ўринлари учун Европа Лигаси ва Конференциялар кубогида қатнашаётган жамоаларнинг ҳам очколари муҳим, биргина клубнинг эрта босқичларда турнирни тарк этиши ўша мамлакат лигасига бериладиган ўринларга сезиларли таъсир қилиши аниқ. Қизиқ томони, айтайлик, «Брайтон» АПЛда 5-ўринларда бориб, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишни ўйласа, биратўла, Европа Лигасида ҳам рейтинг очколарига аҳамият бериши керак, ҳар ўйинда ғалаба учун ўйнаши лозим бўлади.
Масалан, 2021/22 йиллар мавсумида тўпланган рейтинг-очколар бўйича ҳисобласак, Эредивизия умумий 2-ўринни олганини кўрамиз. Айнан Европа Лигаси ва Конференциялар Лигасидаги муваффақиятли иштирок туфайли Нидерландия жамоалари ўртача рейтинг бўйича фақат АПЛдан ортда қолишди, холос. Демак, қўшимча ўринлар нафақат топ-5 лигалар учун, балки Нидерландия, Португалия, Туркия каби чемпионатлар учун ҳам имконият бериши мумкинлиги амалий томондан исботланди. Агар шу кўриниш аввалдан ишлаб келганида, бу йилги ЕЧЛда «Ливерпул» ва «Аталанта», ундан олдинги мавсумда эса «Арсенал» ва «ПСВ»ни кўрган бўлардик.
Шунингдек, ЕЧЛ ва Европа Лигасини ютган клубларнинг ўз чемпионатида ҳам йўлланма эгаси бўлиши сабабидан қўшимча ўринлар пайдо бўлиши турган гап. Айниқса, ЕЧЛ ғолиби аксарият ҳолларда, катта эҳтимол билан ўз чемпионатида ҳам кучли тўртликка кириши ҳақиқатга яқинроқ. Бу ҳолатда қўшимча ўрин УЕФА рейтинги бўйича юқори ўринга эга клубларга қаралади. Украина ёки Греция чемпионати ассоциациялар умумий рейтингида пастроқ бўлиши мумкин, аммо «Шахтёр» ёки «Олимпиакос» каби жамоалар мустақил равишда йиққан рейтинг очколар туфайли ҳам ЕЧЛ иштирокчисига айланиб қолиши мумкин бўлади.
Хуллас, Суперлига лойиҳасига жавоб сифатида УЕФА ўз вариантини тақдим этмоқда. Балки кўпчилик учун бу бироз тушунарсиз ва нотўғри йўналишдек кўриниши мумкин, аммо айнан бугунги ЕЧЛ формати пайдо бўлганда ҳам норозилар етарлича бўлган. Агар ҳозиргидан ҳам яхши бўлиб чиқса, Чемпионлар Лигаси қанақа даражага чиқиб кетишини тасаввур ҳам қилиш қийин.
Қаҳрамон Асланов