18.09.2023 18:07
8891
Теглар
ОКМК Осиёнинг икки карра чемпионига қарши. Қосимов шогирдлари Бенземани тўхтата оладими?

Бугун, 18 сентябр куни Осиёда клублар ўртасидаги қитъанинг энг нуфузли мусобақаси Осиё Чемпионлар лигасига старт берилади. Карим Бензема, Нголо Канте, Фабиньо сингари футбол юлдузлари ОЧЛдаги дебютини Миржалол Қосимов мураббийлигидаги ўзбек клубига қарши ўтказади.

ОКМК Саудия чемпионига қарши

Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига Қатардаги плей-офф баҳсидаги ғалаба эвазига йўлланма олган ОКМК жамоаси турнирдаги юришини «Ал-Иттиҳод»га қарши ўтказади. Саудия Арабистонининг амалдаги чемпиони ёзда таркибини юлдуз ўйинчилар билан кучайтиргач, энди нафақат ички турнирда, халқаро майдонда ҳам жиддий мақсадларни кўзламоқда. Жидда шаҳрида ўтказиладиган бугунги ўйинда Нуну Эшпириту Санту қўл остида Карим Бензема, Нголо Канте, Фабиньо сингари футбол юлдузлари ОЧЛдаги дебютини ўтказиши кутилмоқда.

Саудиянинг амалдаги чемпиони саналмиш ушбу клуб ҳозирда мамлакат чемпионатида 6-турдан кейин 15 очко билан 2-ўринда бормоқда. Олмалиқ жамоаси эса Суперлигада 5-ўринни эгаллаб турибди.

Қайд этиш жоиз, Миржалол Қосимов ўйин олди матбуот анжуманида жамоаси номдор рақибдан чўчимаслигини, «Ал-Иттиҳод» ва унинг юлдузларини фақатгина жамоавий ўйин эвазига тўхтатиш мумкинлигини айтди.

Ким қандай ҳолатда?

ОКМК сўнгги расмий ўйинида 3 сентябрь куни Ўзбекистон кубоги чоракфиналида «Хоразм»ни мағлуб этди – 4:2. «Ал-Иттиҳод» эса Саудия Про лигасида 14 сентябр куни Бенземанинг ягона голи эвазига «Ал-Аҳдуд»ни мағлуб этган – 1:0. 

Факт

«Ал-Иттиҳод» клуби Осиёнинг икки карра тенгсиз жамоаси саналади. Жиддаликлар ўз тарихларида уч марта – 2004, 2005 ва 2009 йилларда ОЧЛ финалида қатнашиб, 2004 ва 2005 йилларда Осиё Чемпионлар лигасида ғолибликни қўлга киритган.

Трансфер баҳоси: «Ал-Иттиҳод» Осиёнинг энг қимматбаҳо 3-жамоаси

Transfermarkt порталида Олмалиқ клубининг умумий таркиби 6,76 миллион евро нарх билан ОЧЛ-2023/24 йилги мавсум жамоалари орасида 30-ўринда бўлса, Жидда жамоаси таркиби умумий 133,2 миллион евро нарх билан 40 жамоа орасида 3-ўриндан жой олган.

«Ал-Иттиҳод»нинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Фабиньо, яримҳимоячи (Бразилия) – 42 млн евро

2. Карим Бензема, ҳужумчи (Франция) – 25 млн евро

3. Нголо Канте, яримҳимоячи (Франция) – 15 млн евро

ОКМКнинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Хуршид Ғиёсов, яримҳимоячи – 900 минг евро

2. Акромжон Комилов, ҳимоячи – 500 минг евро

3. Рубен Санчес, ҳужумчи – 450 минг евро

ОКМК ғалабага эришса қанча мукофот пули олади?

Осиё Чемпионлар лигаси 2023/24 йилги мавсум гуруҳ босқичидаги ҳар бир ўйиндаги ғалаба ва сафар харажатлари учун ОФК томонидан маблағ ажратилган. Жумладан, Олмалиқ клубининг сафар харажати учун 40 минг АҚШ доллари ажратилган бўлса, ғалаба учун ОФК томонидан 50 минг АҚШ доллари, дуранг учун 10 минг АҚШ доллари мукофот тариқасида тўланади.

Учрашувни қайси телеканаллар намойиш этади?

Клубларимизнинг ОЧЛдаги ўйинларини Ўзбекистоннинг қайси телеканали намойиш этиши ҳамон расман маълум қилинмаган. Ҳозирги пайтда «Ал-Иттиҳод» ва ОКМК иштирокидаги учрашувини араб телеканалларидан ташқари, Тожикистоннинг «Футбол HD» телеканали (спутник орқали) жонли эфирда намойиш этишини эълон қилган.

«С» гуруҳи. 1-тур.

18 сентябр (душанба)

«Ал-Иттиҳод» (С.Арабистони) - ОКМК

Стадион: Шаҳзода Абдулла ўйингоҳи.

Ўйин бошланиш вақти: 21:00.

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар