17.09.2023 23:33
6110
Теглар
«Неймарга муносиб қаршилик кўрсата оламиз». Бабаян ва Аҳмедов «Ал-Ҳилол»га қарши ўйин ҳақида

Осиё Чемпионлар лигаси «D» гуруҳи 1-тури доирасидаги «Ал-Ҳилол» - «Навбаҳор» учрашуви олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян ва жамоа сардори Азимжон Аҳмедов қатнашди.

Самвел Бабаян: 
– Эртага жамоамиз Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ баҳслари доирасидаги илк баҳсда майдонга тушади. Очиғини айтиш керак, мазкур нуфузли мусобақанинг гуруҳ баҳслари қуръаси олдидан биз шундай даражадаги рақибга қарши ўйнашни хоҳлагандик.

Яна шуни ҳам таъкидламоқчиманки, биз эртага Осиёнинг энг кучли жамоасига қарши ўйнаймиз. Саудия Арабистони футболида юз бераётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, «Ал-Ҳилол»нинг ҳар бир чизиғида топ футболчилар жамланишган, таркибидан юлдузлар ўрин олишган.

Кучли рақибга қарши қандай ўйин намойиш этиш керак? Бунинг учун футболчилардан аввало, юқори савияли  ўйин, интизомга бўйсуниш ва фидойилик талаб этилади. Шунингдек, бироз омад ҳам керак. «Ал-Ҳилол» сингари кучли клубга қарши кечадиган эртанги ўйинда мўъжизага ҳам умид қиламиз.

Азимжон Аҳмедов: 
–  Эртанги ўйин жамоамиз учун қийин бўлади. Чунки «Ал-Ҳилол» кучли жамоа ва жуда яхши ўйин намойиш этяпти. Аммо биз – футболчилар ҳам бўлажак баҳсда барча имкониятларимизни ишга солган ҳолда, мухлисларимизга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз. 

– Жаҳоннинг энг кучли ҳужумчиларидан бири бўлган Неймарга қарши кечадиган ўйинга қанчалик тайёрсиз?

Азимжон Аҳмедов: – Албатта, Неймар сингари машҳур футболчига қарши тўп тепиш биз учун шараф. Унинг ўйинини ўргандик, кўриб чиқдик ва Худо хоҳласа, учрашув давомида Неймарга муносиб қаршилик кўрсата оламиз, деб ўйлайман.

– Жамоангиз жой олган гуруҳдан сизнингча, қайси жамоалар «плей-офф» босқичига йўл олади?

Самвел Бабаян: - Албатта, гуруҳимиз фаворити бу сўзсиз «Ал-Ҳилол». Қолган 3та жамоа эса кейинги босқичга чиқиш учун бир хил имкониятга эга.   

– «Ал-Ҳилол» таркибидан кўплаб кучли легионерлар, яъни, жаҳон футболи юддузлари ўрин олишган. Уларга қарши ўйнаш учун шогирдларингизни бўлажак учрашувга қандай тайёрладингиз?   

­ Самвел Бабаян: ­– Бўлажак рақибимизнинг нафақат легионерлари, балки маҳаллий футболчилари ҳам кучли. Боиси, улар миллий жамоага номзод ўйинчилар саналишади. Эртанги ўйинда «Ал-Ҳилол» сардори маълум сабабларга кўра, майдонга туша олмайди. Аммо бу менимча, рақиб ўйинига унчалик ҳам ўз таъсирини ўтказмайди. Биз эртанги ўйинга тайёрмиз, - дея Самвел Бабаяннинг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.  

Маълумот учун, Саудия Арабистонидаги мазкур баҳс 18 сентябрь Тошкент вақти билан соат 23:00 да старт олади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар