15.09.2023 18:20
3666
Теглар
«Бавария» пешқадамга қарши, Миланда дерби, «МЮ» ва «Реал» учун жиддий синов

Кучли бешлик чемпионатларида жами 6 жамоа юз фоизлик натижа кўрсатиб турибди. Қизиғи, уларнинг тўрттаси шу ҳафта ўзаро куч синашади. Бундеслига пешқадамлари ўртасидаги баҳс ва Милан дербиси айнан шу жиҳати билан эътиборимизни қозонса ажаб эмас. Демак, камида икки, балким кўпроқ жамоа ушбу дам олиш кунларида илк очкосини йўқотади. Келаси ҳафтадан еврокубоклар ҳам старт олишини инобатга олсак, олдимизда яна бир ойлик футбол марафони кутиб турибди.  

БАВАРИЯ – БАЙЕР (15 сентябр, 23:30)

Анъанавий тарзда ҳафтанинг шанба кунлари чиқадиган анонсимиз бир кун олдин тақдим қилинганининг асосий сабаби шу учрашувдир. Айниқса, «Байер»нинг ушбу мавсум кўрсатаётган ўйинлари кўпчиликнинг эътиборига тушган бўлса ажаб эмас. Аслида Хаби Алонсо жамоаси ўтган йили ҳам кўпчиликнинг тилига тушганди, аммо мавсум охирига келиб натижалар беқарорлашди ва жамоа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмади. Кўпчилик энди жамоа етакчиларининг кетиши билан боғлиқ пасайиш рўй беради деб кутганида эса клуб асосий етакчиларини сақлаб қолиш билан бир қаторда анча фойдали харидларга қўл урди. Гранит Жака ва Йонас Хоффманлар жамоа ўйинига тажриба ва салобат олиб кирган бўлишса, Бельгиядан келган Виктор Око Бонифасе умуман Бундеслига кашфиёти бўлиб турибди. Нигериялик 22 ёшли ҳужумчи 4 гол ва 2 пас билан умумий кўрсаткичлар бўйича лига пешқадами бўлиб турибди. «Байер» эса умуман, 3 турдан сўнг энг кўп гол (11) урган ва энг кам (2) ўтказиб юборган жамоадир. 

«Бавария» бундай отилиб чиққан жамоаларни ўз ўрнига тушириб қўйиш бўйича мутахассис, аммо бу ишини одатда мавсум ўрталари ёки охирида амалга оширар эди. Яқинда суперкубок баҳсида мюнхенликлар «Лейпциг»га енгилганини эътиборга олсак, Тухел шогирдлари ҳали тўлиқ оптимал формага кириб олишгани йўқ. Бунинг устига, келаси ҳафта ЕЧЛ доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйин кутиб турганини ҳам унутмаслик керак. 

«Байер» бу стадионда ўтган мавсумда 0:4 ҳисобида йирик мағлубиятга учраган, аммо баҳорда ўтган жавоб ўйинида реваш олганди – 2:1. Умуман леверкузенликларнинг «Бавария» майдонида уч очко қўлга киритишга муваффақ бўлганига кўп бўлгани йўқ. 2019 йилда меҳмонлар Леон Бэйлининг дубли эвазига 2:1 ҳисобида ғалабага эришган эди.  

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – БРАЙТОН (16 сентябр, 19:00)  

Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусда ким-ким «Манчестер Юнайтед» мухлислари умуман зерикишмади. Аввалига Антони билан боғлиқ можаро – Бразилияда футболчига очилган жиноят иш сабабидан у аввал миллий жамоасидан, кейин эса «МЮ» машғулотларидан четлатилди. Кейин Жейдон Санчонинг тен Ҳаг билан можароси – мураббий футболчини танқид қилди, футболчи ижтимоий тармоқлар орқали жавоб қилди ва узр сўрамоқчи эмас. Натижада у ҳам вақтинча умумий гуруҳда шуғулланишдан четда қолди. Буёқда Магуайрнинг навбатдаги автоголи футбол жамоатчилигини қайта қўзғатиб юбордики, ҳатто ҳимоячининг онаси ҳам баёнот беришга мажбур бўлди. Буларнинг ҳаммаси Амад, Майну, Маунт каби ўнг қанотда ўйнаши мумкин бўлган ҳамда Варан, Мартинес, Шоу каби марказий ҳимоячилар жароҳати фонида рўй бераётгани тен Ҳагга яна қўшимча бошоғриғи юклаётгани шубҳасиз. Мартинес ҳамда жамоага янги қўшилган Амрабатнинг «Брайтон»га қарши тайёр бўлиш эҳтимоли айтилаётган бўлса-да, юқори спорт формасида бўлмасликлари табиий. Бунинг устига Амрабат ҳали тўлиқ таркиб билан бирорта машғулот ўтказиб улгургани йўқ. 

Ижобий хабарлардан, ниҳоят Расмус Ҳойлунд «Олд Траффорд»да тўлақонли дебют қилади. Ҳужумчи «Арсенал» билан ўйинда ўзига берилган оз дақиқаларда ишончли тўп сурганини таъкидлаш керак. Шунингдек, Серхио Регилон ҳам катта эҳтимол билан чап қанотда пайдо бўлиши кутилмоқда. Меҳмонлар сафида эса тиззадан жароҳат туфайли Энсисо шерикларига ёрдам бера олмаслигидан ташқари, ўтган турда хет-трикка эришган Эван Фергюсоннинг иштирок этиши сўроқ остида турибди. 

Умуман олганда, ушбу учрашувнинг айниқса, тактик жиҳатдан қизиқ томони бор – ҳар икки жамоа ҳам юқори прессинг бўйича лиганинг энг кучли жамоалари ҳисобланади. «Брайтон» бу хусусият билан анчадан бери мақтана олса, «МЮ» тен Ҳаг қўл остида ўзгаряпти – 4 турдан кейин рақиб майдонида тўпни олиб қўйиш кўрсаткичи бўйича етакчилик қилмоқда. Бундан ташқари, ҳар икки клуб ҳам юқори прессингга қарши билд-ап бўйича эътиборга арзийди – «Брайтон» умуман бу кўрсаткич бўйича ҳатто Гвардиоланинг хавас қилишига сабаб бўлган, «Юнайтед» эса дарвозага Андре Онана келгач, шу йўналишда анча одимлади. 

Яна бир факт, «Манчестер Юнайтед» АПЛ доирасида уч ўйиндан бери «Брайтон»га ютқазяпти. Ўтган йили Англия кубоги яримфиналида ҳам жамоалар дуч келишган, аммо ҳисоб очилмаганди. Эрик тен Ҳаг «МЮ» бошқарувига келгач, қарши майдонга тушган барча жамоа устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлган. АПЛда енга олмаган «Ньюкасл» Лига кубоги финалида мағлуб этилган. Биргина «Брайтон» ҳамон тен Ҳаг учун чақилмас ёнғоқ бўлиб қолмоқда.  

ИНТЕР – МИЛАН (16 сентябр, 21:00)  

«Наполи» ажойиб мавсумдан кейин, бунинг устига янги мураббий қўл остида бироз пасайиши кутилмоқда, «Ювентус» ҳам барча муаммоларини ечиб улгургани йўқ. Бу шароитда Милан жамоалари яна чемпионлик пойгасида фаворитга айланиб олишлари кўпчилик томонидан тахмин қилинмоқда. Уларнинг мавсум бошида, ҳали бирорта очко йўқотмай туриб тўқнаш келишлари дербини янаям муросасиз кечишига сабаб бўлса ажаб эмас. 

«Интер» кучли бешликда ҳали тўп ҳам ўтказиб юбормаган ягона жамоа бўлиб турибди. Лекин кўк-қораларнинг рақиблари бироз енгилроқ бўлганини инобатга олсак, «Милан»нинг натижалари анча салмоқлидек туюлади. Таркибга янги қўшилган Пулишич, Лофтус-Чик каби футболчилар ўйиндаги асосий фигураларга айланиб бораётганликлари ҳам ижобий жиҳат. Пиоли шогирдлари «Болонья» ва «Рома» каби жамоаларни сафарда енга олгани жамоа салоҳиятидан дарак бериб турибди. Айниқса, 60-дақиқадан бир киши кам бўлиб қолган миланликлар ғалабани ушлаб қолишнинг уддасидан чиққани диққатга сазовор. Дарвоқе, ўша ўйинда етакчи марказий ҳимоячи Фикайо Томори майдондан четлатилган. Унинг дисквалификация туфайли дербини ўтказиб юбориши расмий меҳмонларга етарлича муаммо туғдириши мумкин. 

Ўйин ЕЧЛ биринчи тур ўйинлари олдидан бўлаётгани ҳам мураббийларга бор эътиборни жалб қилиш учун ҳалақит берса керак. Зеро ҳар икки клуб ҳам бироз мураккаброқ гуруҳга тушиб қолишди ва келаси ҳафта 1-тур бўлса-да, кўп нарсани ҳал қилувчи баҳсда қатнашишади. «Интер» Сосьедадга сафар қилса, «Милан» умуман «ўлим гуруҳи» аъзоларидан бирига айланди ва ўша куни «Сан-Сиро»да «Ньюкасл»ни қабул қилади. 

Ўзаро ўйинларга келсак, ўтган мавсумда ЕЧЛ яримфиналини ҳам қўшганда, жамоалар тўрт маротаба тўқнаш келишди. «Интер» тўрттала ўйинда ҳам ғалаба қозонди ва яна бир эътиборли жиҳати, бу ўйинларда «Милан» бирор марта гол ҳам ура олмаган эди.  

БАРСЕЛОНА – БЕТИС (16 сентябр, 23:55)  

Ўтган мавсумда узоқ вақт етакчилар сафида бўлган ва ҳатто ЕЧЛ йўлланмаси учун ҳам даъвогар бўлган «Бетис» балким Ла Лигадаги энг оғир тақвимга дуч келганини айтиш мумкин. Андалуслар мавсумни «Вильярреал» майдонида бошлашди, кейин «Атлетико»ни қабул қилишди, «Атлетик»ка сафар билан учинчи тур давом этди. Ўтган турда «Райо Вальекано»га қарши уй ўйинида 1:0 ҳисобида ғалаба қайд этилди. Умуман Бильбаода 2:0 ҳисобида ютаётиб, ғалаба қўлдан чиқарилганини айтмаса, «Бетис» анча муносиб бормоқда. «Барселона» эса яқин даврдаги сўнгги қийин рақиб ва «Бетис»нинг оғир синов даври ниҳоясига етади. 

«Барселона»нинг ҳам ўйин борасида ўзига яраша муаммолари бор. Ғалабалар у қадар осонлик билан қўлга киритилмаётганидан ҳам буни пайқаш қийин эмас. Аммо ўйиндан ўйинга кўп кўрсаткичлар яхшиланиб бораётгани, шунингдек, янги келиб қўшилган португалиялик юлдузлар Канселу ва Фелиш ниҳоят бу турдан асосий таркибда туша бошлашини инобатга олсак, жамоа янада кучлироқ бўлиши лозим. Аммо йўқотиш ҳам бор – Илкай Гундўған миллий жамоаси билан бирга Францияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб, 25-дақиқасида жароҳат туфайли алмаштирилганди. Жароҳатнинг қанчалик жиддий экани маълум эмас ва футболчининг ўйинни ўтказиб юбориш эҳтимоли юқори. Шунингдек, Педрининг ҳам камида бир ойдан сўнг тўлиқ тикланиши маълум бўлди. 

«Барселона» ўз майдонидаги сўнгги 4 ўйиндан учтасида «Бетис»ни йирик ҳисобда енгган. Қизиғи, бу ўйинларнинг иккитаси бир хил 5:2 ҳисобида якунланганди. Аммо 2021 йил охиридаги ўйинда Хименеснинг 79-дақиқада урган ягона голи эвазига меҳмонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. 

Ушбу баҳсдаги яна бир эътиборга молик интрига Абдусамад Эзалзулининг Барселонага қайтиши ва «Бетис»даги илк ўйинини собиқ жамоасига қарши ўтказиши мумкинлигидир. Хави ёш футболчини ўз таркибида сақлаб қолишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, Абде кўпроқ вақт майдонга тушишни танлади ва андалусларнинг таклифини қабул қилди.  

РЕАЛ МАДРИД – РЕАЛ СОСЬЕДАД (17 сентябр, 23:55)  

Бу сафар «Реал» ниҳоят жиддий рақибга дуч келади. Мадридликлар тўрт ўйиндан юз фоизлик натижа кўрсатиб турган бўлишса-да, биринчидан, рақиблар, биринчи турни эътиборга олмаганда, у қадар жиддий эмасди. Иккинчидан, ушбу ғалабалар ҳам анча қийинчиликлар билан, сўнгги иккитаси охирги дақиқаларда, бунинг устига, аксарият ҳолларда биргина футболчининг муваффақиятли дебюти ҳисобига қўлга киритилганини ҳам унутмаслик керак. Ҳа, Беллингҳэм Роналдудан кейин Мадриддаги энг яхши дебютни ўтказмоқда, лекин англиялик футболчи амплуа жиҳатидан ҳужумчи эмаслигини ҳам ёдга олсак, доим қутқармаслиги мумкин. Зеро тур ўтган сайин рақиблар Беллингҳэмга кўпроқ эътибор қаратишга уринишлари ҳам табиий.

«Реал Сосьедад» анойи жамоа эмас, бу мавсумда Чемпионлар Лигасида қатнашади. Умуман Ла Лигада тўрт турдан кейин ҳали мағлубият нималигини билмаган тўрт жамоадан бири бўлиб турибди. Аммо шундай бўлса-да, «Сосьедад» анча қийин рақиблиги, айниқса ҳимояда анча ишончли ўйини орқали ўтган мавсумда ҳам ижобий таассурот қолдирган. Хусусан «Реал»га қарши ўйинлар бунга яққол исбот – Мадриддаги ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, Басконияда ўтган баҳсда мезбонлар 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришган. Умуман айнан Мадриддаги ўйинларни ўзини олганда ҳам «Сосьедад» муносиб қаршилик қила олганлиги эътирофга лойиқ. Сўнгги 6 ўйинда икки марта дуранг қайд этилган ва томонлар 2 мартадан ғолибга айланган. Агар «Реал» ҳам қачондир илк очкосини йўқотадиган бўлса, «Сосьедад» бу сценарий учун идеал номзод деб бемалол айта оламиз. 

Жароҳатлар борасида «Реал»нинг асосий футболчилари бўлмиш Милитао ва Куртуани умуман мавсум учун саноқдан чиқариб турсак бўлади. Винисиус тикланиш жараёнида аммо унинг ҳам сафга қайтиши бироз вақт олади. Шунингдек, сафга янги қўшилган Арда Гулер ҳам бир ойларда майдонга қайтиб қолса керак. «Сосьедад» таркибида эса фақат Содиқ Умар жисмоний чарчоқ туфайли шерикларига ёрдам бера олмайди.  

БОШҚА ЎЙИНЛАР  

16 сентябр. Вулверҳэмптон – ЛИВЕРПУЛ (16:30), ЮВЕНТУС – ЛАЦИО (18:00), Фрайбург – БОРУССИЯ Д (18:30), ТОТТЕНҲЭМ – Шеффилд (19:00), Вест Ҳэм – МАНЧЕСТЕР СИТИ (19:00), Валенсия – АТЛЕТИКО (19:15), НЬЮКАСЛ – Брентфорд (21:30), Женоа – НАПОЛИ (23:45), ПСЖ – Ницца (23:55) 

17 сентябр. Борнмут – ЧЕЛСИ (18:00), Эвертон – АРСЕНАЛ (20:30), РОМА – Эмполи (23:45).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар