10.09.2023 01:03
3851
Теглар
Темур Кападзе — Ҳонгконг устидан ғалаба, Эрон билан бўлажак ўйин, таркибдаги ротация ҳақида

Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Осиё Кубоги U-23 саралаши 2-туридан ўрин олган Ҳонгконгга (10:0) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Барчани ғалаба билан табрийлайман. Мухлислар ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашди. Раҳмат.

Эронга қарши ўйин? Буни кичик финал деса ҳам бўлади. Рақибни ўрганяпмиз. Уларнинг ҳар бир чизиғида яхши ўйинчилар йиғилган. Аммо бизда ҳам ажойиб таркиб бор. 

Афғонистон ва Ҳонгконг? Солиштирсак, афғонлар агрессивроқ ҳаракат қилиб, жанг беришди. Умуман олганда, иккаласи ҳам ҳимоядан ўйнайдиган жамоалар. Аслида бундай жамоаларга 8-10та гол уриш осон эмас.

Икки ўйинда икки хил таркиб туширдик. Сабаби — клубида ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган футболчиларни формага қайтариш. Бу — миллий жамоа. Рақобат бўлгани яхши. Ротация қила оляпмиз. Асосий футболчи деган нарса йўқ. Эрон билан ўйинда кимни асосий таркибда тушириш — бизнинг «бошоғриғимиз». Муҳими, ким қанча ўйнаса ҳам, ўша дақиқалардан унумли фойдаланиши керак.

Пўлатхўжа Холдорхонов таркибга олинмагани? Фақат 23 футболчини кирита олардим. Ҳолатидан келиб чиқиб, 6 нафар ҳужумкор ўйинчини танладик. Пўлатхўжани биламиз, у ҳали келажакда миллий жамоаларга кўп фойда келтиради», — дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Маълумот учун, сўнгги турда 12 сентябр куни Ўзбекистон ва Эрон гуруҳ ғолибини аниқлашади. Иккала жамоа ҳам дастлабки икки турда ғалаба қозонди. Ҳозирча тўплар нисбатига кўра Темур Кападзе жамоаси пешқадам бўлиб турибди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар