07.09.2023 20:23
4635
Теглар
Месси саккизинчисини оладими? «Олтин тўп» учун кимда қандай имконият?

Ҳоланд ёки Мбаппе ўзининг «Олтин тўп»ини қўлга кирита оладими?

30 октябр куни France Football журнали ўтган мавсум якунларига кўра дунёнинг энг яхши футболчиси учун «Олтин тўп» топширади. Журнал 6 сентябр куни даъвогарларнинг 30 кишилик рўйхатини эълон қилди. Нуфузли Goal.com сайти фаворитлар рейтингини янгилади — катта эҳтимол билан, бу сафар ғолиблик учун рақобат жуда кескин кечади: тиғиз мавсумдан ташқари футболчиларнинг жаҳон чемпионатидаги иштирокини ҳам ҳисобга олишга тўғри келади.

20-ўрин. Ким Мин Жэ – ҳижоячи, 26 ёш (Жанубий Корея/«Бавария», собиқ «Наполи»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 18 та қуруқ ўйин, 45 ўйинда 2+2
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: А Серия ғолиби

Ким Мин Жэ ўтган мавсум порлаган футболчилардан бири бўлди. У Италия чемпионатида ўзини жуда яхши ҳис қилди ва «Наполи»га узоқ кутилган чемпионликка эришишда ёрдам берди. Чемпионлик учун ушбу жамоанинг ҳужум чизиғи кўпроқ олқиш олган бўлса-да, Кимнинг жамоа ўйинига таъсирини инкор этиб бўлмайди. У идеал даражадаги замонавий ҳимоячи бўлиб, унинг техникаси ва жисмоний қобилияти қоришмаси «Наполи»га чемпионлик курашида қўл келди. Агар Жанубий Корея миллий жамоаси жаҳон чемпионатида узоқроқ борганида, Кимнинг ҳам бу рўйхатдаги ўрни юқорироқ бўлган бўларди.

Название

19-ўрин. Ҳарри Кейн – ҳужумчи, 30 ёш (Англия/«Бавария» собиқ «Тоттенҳэм»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 40 гол, 9 ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: –

«Тоттенҳэм» мавсумни ўта ёмон ўтказганига қарамай, Ҳарри Кейн барибир жамоасига фойда келтира олди. У АПЛда 30 гол урди ва фақат Ҳоланд туфайли энг яхши тўпурар сифатида «Олтин бутса» соҳибига айлана олмади. 

Унинг жаҳон чемпионатидаги иштироки идеал кечмади, чоракфиналда Францияга қарши ўйинда пеналтини аниқ ижро эта олмади ва жамоаси мағлубиятида асосий сабабчига айланди. Шунга қарамай, у турнирда икки гол уриб, уч голга узатма берди. Бу «Олтин тўп» фаворитлари қаторида бўлиш учун етарли эмас, аммо у мавсумни яхши ўтказди ва ниҳоят соврин ютиш учун «Бавария»га йўл олди.

18-ўрин. Эмилиано Мартинес – дарвозабон, 31 ёш (Аргентина/«Астон Вилла»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: АПЛда 37 ўйин, 39 та ўтказилган гол, 13 та «қуруқ» ўйин (барча турнирлар доирасида 22 та)
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: жаҳон чемпиони, ЖЧ-2022нинг энг яхши дарвозабони, The Best FIFA Goalkeeper соҳиби

«Астон Вилла» футболчилари «Олтин тўп» учун даъвогарлар рўйхатига кириши ноёб ҳолат, бу эса Мартинес ўтган мавсумни жуда юқори нотада ўтказганидан дарак беради. У Аргентинанинг биринчи рақамли посбонига айлангач, жамоасини мундиал плей-офф босқичида иккита драматик пеналтилар сериясидан олиб ўтди. Унинг финалдаги қилиқлари турли баҳсларни уйғотди, аммо унинг финалнинг сўнгги дақиқаларида Рэндал Коло Муани билан яккама-якка вазиятдаги қаҳрамонлиги барчасини босиб кетади. У ҳақли равишда турнирнинг «Олтин қўлқопи»ни қўлга киритди, «Астон Вилла»га эса Конференциялар лигасига йўлланма берувчи ўринни қўлга киритишда ёрдам берди.

17-ўрин. Мартин Эдегор – яримҳимоячи, 24 ёш (Норвегия/«Арсенал»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 45 ўйинда 15 гол ва 8 ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: – PFA бўйича йил жамоасига кирди

«Арсенал» сардори ўзининг энг яхши мавсумини ўтказди ва ниҳоят ўсмирлик ёшида у ҳақда кўтарилган шов-шув бежиз эмаслигини исботлади. Микел Артета қурган «Арсенал» рамзига айланган бу футболчи мунтазам равишда муҳим голлар ва голли узатмаларни амалга ошириб, жамоанинг АПЛ ғолиблиги учун пойгадаги муносиб иштирокини таъминлади. Аммо Норвегия миллий жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмагани уни ушбу рейтингда юқорироқ ўринларга кўтарилишдан маҳрум этади.

16-ўрин. Букайо Сака – яримҳимоячи, 22 ёш (Англия/«Арсенал»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 22 гол, 14 узатма
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: –

«Арсенал»нинг барча футболчилари каби Букайо Сака ҳам мавсум охиригача юқори формасини сақлаб тура олмади ва натижада сўнгги ҳафталарда қўлда турган соврин бой берилди. Шунга қарамай, ушбу вингер Европанинг энг яхши футболчилари сафида ва бу унинг «Олтин тўп» учун даъвогарлар қаторига биринчи ва охирги бор кириши бўлиб қолмайди.

15-ўрин. Лаутаро Мартинес – ҳужумчи, 26 ёш (Аргентина/«Интер»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 29 гол ва 12 ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: жаҳон чемпиони, Италия Кубоги ва Суперкубоги ғолиби, Чемпионлар лигаси финалчиси

Лаутаро Мартинес Истанбулдаги финалда ўз имкониятларидан фойдалана олмади ва «Интер» «Сити»дан олдинроқ гол ура олмаслигида сабабчилардан бири бўлди. Аммо у А Серияда самарали ҳаракат қилди, Аргентина миллий жамоасининг жаҳон чемпиони бўлишида ўз ҳиссасини қўшди.

14-ўрин. Жуд Беллингҳем – яримҳимоячи, 20 ёш (Англия/«Реал», собиқ «Боруссия» Д)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 15 гол, 9 узатма
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: –

Жуд Беллингҳем мавсумнинг сўнгги ўйини олдидан жароҳат олмаганида Дортмунднинг «Боруссия» клуби Бундеслига ғолибига айланиши эҳтимоли юқори эди. Ушбу йигитча сўнгги йилларда ушбу жамоанинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланганди ва жамоа ниҳоят Германия чемпионлигини «Бавария»дан тортиб олишга яқин келганди. Аммо якунда мавсумнинг энг яхши футболчиси совринсиз қолди, у энди «Реал» билан совринлар учун курашишни бошлади.

13-ўрин. Хвича Кварацхелия – ҳужумчи, 22 ёш (Гуржистон/«Наполи»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 16 гол, 17 узатма
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Италия чемпиони, А Серияда мавсумнинг энг яхши футболчиси

Хвича Кварацхелия янги мавсумда ўтган мавсумдаги каби юқори спорт формасида эмас, аммо «Наполи» мухлислари бундан кўп ташвиш чекишмайди, у ўтган мавсумда керагидан ортиқ иш қилиб, жамоани узоқ кутилган чемпионликка етаклаб борди. Кварадона лақабини олган ушбу гуржистонлик ҳужумчи ўтган мавсумда Европа футболидаги кашфиётлардан бирига айланди ва қитъадаги қарши ўйнаш қийин бўлган футболчилардан бирига айланди.

12-ўрин. Карим Бензема – ҳужумчи, 35 ёш (Франция/«Ал-Иттиҳод», собиқ «Реал»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 43 ўйинда 31 гол ва 6 узатма
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Испания Кубоги ва Суперкубоги эгаси, Европа Суперкубоги ғолиби, клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиби, ЖЧ-2022 финалчиси

«Олтин тўп»нинг амалдаги соҳиби Карим Бенземага бу сафар мукофот берилмайди, чунки у «Реал»га Испания чемпионлиги ва ЕЧЛ ғолиблиги учун курашда ёрдам бера олмади. Бу унинг фаолиятидаги сўнгги номинация бўлиб қолиши ҳам мумкин, чунки франциялик футболчи ёзда Европани тарк этиб, Саудия Арабистони чемпионатига йўл олди.

11-ўрин. Бернарду Силва – яримҳимоячи, 29 ёш (Португалия/«Манчестер Сити»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 10 гол ва 8 узатма
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Англия чемпиони, Англия Кубоги ғолиби, Чемпионлар лигаси ғолиби

Бернарду Силва тўпурар футболчи саналмайди, аммо у муҳим голларни уради ва ўтган мавсумда унинг голлари «Манчестер Сити»га «Реал»ни мағлуб этиб, ЕЧЛ ғолиблиги сари йўл олишини таъминлади. Майдонинг турли нуқталарида ҳаракатлана оладиган ушбу португалиялик футболчини сафда олиб қолиш Гвардиоланинг ёздаги асосий трансферларидан бири бўлди.

10-ўрин. Роберт Левандовски – ҳужумчи, 35 ёш (Полша/«Барселона»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 36 гол, 11 ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Ла Лига ва Испания Суперкубоги ғолиби

35 ёшли поляк бу совринни 2020 йилда қўлга киритиши керак эди, аммо пандемия туфайли маросим ўтказилмаганди. Бир йилдан кейинги маросимда ҳам унга бу совринни беришмади — шундан буён унинг «Олтин тўп» учун имкониятлари фақат камайиб борди.

2023 йилда Левандовски фақат ўнликка кира олиши мумкин ва бу мутлақо адолатли бўлади. У мавсумда ажойиб статистика қайд этди («гол плюс пас» тизимида 36+11) ва Испания чемпионлигини қўлга киритди, аммо каталонияликлар билан Чемпионлар лигасида муваффақиятсизликка учради. Жаҳон чемпионати ўтказилган йилларда эса яхши статистика ва ла лигадаги ғалаба — France Football рейтингида ҳатто топ-5 учун ҳам етарли бўлмайди.

9-ўрин. Хулиан Алварес – ҳужумчи, 23 ёш (Аргентина/«Манчестер Сити»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 23 гол, олти ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Жаҳон чемпионати, Европа Чемпионлар лигаси, Англия Премиер лигаси ва Англия Кубоги ғолиби

Англия чемпионатида фақат олти футболчи барча турнирлар доирасида Алварес 2022-23 йиллар мавсумида урган голлардан кўра кўпроқ гол урган, бу эса у шунчаки «Манчестер Сити»нинг захира ҳужумчиси эмаслигини кўрсатади.

23 ёшли ҳужумчи айни вақтда ўтган мавсумда энг кўп соврин ютгани билан мақтана олади — Англия Кубоги, АПЛ, Чемпионлар лигаси ва жаҳон чемпионати. Унда нима учун Хулиан фақат тўққизинчи ўринда? Жавоби аниқ: у бу триумфларнинг бирортасида асосий ролни ўйнамаган. Қатарда Мессига ёрдам берган, «Сити»да ротация футболчиси бўлган. Алвареснинг ўтган мавсумдаги статистикаси рейтингдаги ўрнига мос келади — «шаҳарликлар» учун 49 ўйинда 17+5 ва жаҳон чемпионатида тўрт гол. У муносиб, аммо бундан ортиғи эмас.

8-ўрин. Виктор Осимҳен – ҳужумчи, 24 ёш (Нигерия/«Наполи»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 33 гол, беш ассист.
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Италия чемпиони, А Сериянинг энг яхши тўпурари

«Наполи» форвардининг нафақат шахсий кўрсаткичлари юқори (А Сериянинг 32 ўйинида 26+5), балки ўз клуби муваффақиятига қўшган ҳиссаси ҳам улкан бўлди. Осимҳен — «Наполи»ни янги даражага олиб чиққан ва жамоани Италияда Диего Марадона давридан буён илк чемпионликка (33 йиллик танаффусдан кейин) етаклаган футболчилардан бири бўлди. 24 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумда асосий роллардан бирини бажарди, қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, жамоа Европа грандлари талабгор бўлган бу футболчисини сақлаб қолди ва у дарҳол янги кампанияни бошлади, бу мавсумда ундан янада ўсишни кутиш мумкин.

7-ўрин. Илкай Гундўған – яримҳимоячи, 32 ёш (Германия/«Барселона» (собиқ «Манчестер Сити»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 13 гол, етти ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Европа Чемпионлар лигаси, Англия Премиер лигаси ва Англия Кубоги ғолиби

32 ёшли яримҳимоячи «Сити»да космик статистика қайд этмади, Қатардаги жаҳон чемпионатида эса Германия миллий жамоаси билан бирга гуруҳда қолиб кетди. Аммо, биринчидан, Гундўған треблни қўлга киритди, иккинчидан, бунда муҳим роллардан бирини ўйнади:

— Илкай Чемпионлар лигасининг ҳар бир ўйинида, жумладан финал қатнашди;

— Англия Кубогида атиги икки гол урди, лекин бу голларни финалда киритди. Манчестер дербисида жамоаси ортда қолаётганда у урган голлар ғалаба келтирди;

— АПЛда 31 ўйинда 8+5 балл ишлади, жумладан, мавсум охирларида «Лидс» ва «Эвертон» дарвозаларига дубл қайд этиб, жамоасининг турнир жадвалидаги етакчилигини мустаҳкамлади.

«Барселона» уни эркин агент сифатида сафга қўшиб олиш орқали ёздаги энг кучли трансферлардан бирини амалга оширди.

6-ўрин. Родри – яримҳимоячи, 27 ёш (Испания/«Манчестер Сити»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: Тўрт гол, етти ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Миллатлар лигаси, Европа Чемпионлар лигаси, Англия Премиер лигаси ва Англия Кубоги ғолиби

Родри дунёнинг энг яхши яримҳимоячиси мақомини ўзида сақлаб турибди, айни вақтда «Сити»ни ушбу 27 ёшли испаниялик яримҳимоячисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ўтган мавсумда у «шаҳарликлар» сафида барча турнирлар доирасида 56 ўйинда майдонга тушди ва жамоанинг энг кўп ўйин ўтказган футболчиси бўлди, таянч зонасини бетонлаб ташлади ва Чемпионлар лигаси финалида ғалаба голини урди.

У требл қайд этган футболчи сифатида ҳам топ-10 дан ўрин олишга ҳақли, лекин унинг ўзига фарқи йўқ — Родри ўзининг «Интер»га урган голини беш минг марта кўрганини тан олган. Афтидан, унинг учун бундан бошқаси аҳамиятсиз.

5-ўрин. Кевин Де Брюйне – яримҳимоячи, 32 ёш (Белгия/«Манчестер Сити»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 10 гол, 32 ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Европа Чемпионлар лигаси, Англия Премиер лигаси ва Англия Кубоги ғолиби

Goal версияси бўйича Топ-5ни «Сити»нинг белгиялик яримҳимоячиси очиб беради. Ўз авлодидаги энг яхши плеймейкер бўлган ушбу 32 ёшли футболчи афсонавий мавсум ўтказиб, ўз жамоасининг ҳақиқий йўлбошчиси бўлди, чемпионат, Кубок ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозонди. Бир мавсумда 32 ассист — ақл бовар қилмас кўрсаткич ва фақат Чемпионлар лигаси финалидаги жароҳат унга 5-ўриндан юқорироқ чиқиш имконини бермади.

4-ўрин. Винисиус – ҳужумчи, 23 ёш (Бразилия/«Реал»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 25 гол, 26 ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Испания Кубоги, Испания Суперкубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва Европа Суперкубоги ғолиби

2022/23 йиллар мавсумида рақиб жамоалар мухлисларининг нафрат ёмғирлари остида ҳам ушбу реактив бразилиялик жаҳон даражасидаги футболчи мақомига чиқди ва ўз авлодида Килиан Мбаппе ва Эрлинг Ҳоланд билан бир даражадаги футболчи сифатида қарала бошланди. Вингер ўтган мавсумдаги совринлари билан (Қирол Кубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва Европа Суперкубоги) мақтана олмаса ҳам, шахсий статистикаси бўйича барчанинг оғзини ёпа олади — «Реал» сафида 23+21 ва жаҳон чемпионатида Бразилия сафида 1+2.

Фақат ўтган мавсумда ЕЧЛдаги муваффақиятсизлик у бу сафар «Олтин тўп» учун даъвогарлар подиумига чиқишига халақит қилди. Аммо Винисиус аллақачон ўз позициясидаги энг яхши футболчига айланган ва у яқин йилларда «Олтин тўп» учун даъвогарларнинг кучли бешлигини тарк этмайди. 

3-ўрин. Килиан Мбаппе – ҳужумчи, 24 ёш (Франция/«ПСЖ»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 55 гол, 14 ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Лига 1, Франция Суперкубоги ғолиби, ЖЧ-2022 финалчиси

Килианнинг ўзи 2023 йилги «Олтин тўп»ни олиш учун барча ишни қилдим, деб ҳисоблайди ва унинг бу даъвоси учун аргументлар етарлича топилади. 24 ёшли француз футбол ўйнашдан кўра можаролар гирдобида қолгандек кўринган ўтган мавсумда ҳам 53 гол урган ва 13 голга узатма берган — ақл бовар қилмас самарадорлик! Айниқса, у жаҳон чемпионатининг ўзида 12+3 қайд этгани таҳсинга сазовор — рейтингдаги футболчиларнинг барчаси ҳам бутун мавсум давомида бундай самарадорлик кўрсата олмаган.

Қолаверса, у жаҳон чемпионати финалида ҳет-трик қайд этди, ўйиндан кейинги пеналтилар сериясида ҳам ўз имкониятидан аниқ фойдаланди. Аммо қаторасига иккинчи бор жаҳон чемпиони бўлишга эриша олмади. «ПСЖ»да ҳам шундай вазият: форвард лига 1 да ғолиб бўлди ва бутун мавсум рақибларга даҳшат солди, аммо Чемпионлар лигасида узоққа бора олмади.

Мбаппе индивидуал жиҳатдан тенгсиз — аммо унда «Олтин тўп» қўлга киритиш учун совринлар етарли эмас.

2-ўрин. Эрлинг Ҳоланд – ҳужумчи, 23 ёш (Норвегия/«Манчестер Сити»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 56 гол, 9 ассист
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Европа Чемпионлар лигаси, Англия Премиер лигаси ва Англия Кубоги ғолиби, АПЛ ва УЕФА «Олтин бутсаси» соҳиби

Норвегия жаҳон чемпионатига чиқа олмади, шу туфайли Ҳоланд бутун энергиясини клублар мавсумига қаратди. Мавсум ўта муваффақиятли чиқди: 23 ёшли форвард «Сити» учун 52 гол урди, қатор рекордларни янгилади (жумладан, Ширерники каби абадий кўринган рекордларни ҳам) ва требл қайд этди. Ва буларнинг барчаси — унинг Англиядаги дебют мавсумида рўй берди.

Апрел ойига келиб унинг «Олтин тўп»ни олиши муқаррардек кўринаётганди. Аммо Аргентинада бунга қарши одам бор эди. Қолаверса, Ҳоланд ҳам мавсум охирида темпни туширди ва сўнгги саккиз ўйинида атиги бир гол билан кифояланди, ЕЧЛ финалида порлай олмади.

1-ўрин. Лионел Месси – ҳужумчи, 36 ёш (Аргентина/«Интер Майами» (собиқ «ПСЖ»)

  • Ўтган мавсумдаги статистикаси: 42 гол, 26 узатма
  • Ўтган мавсумдаги ютуқлари: Жаҳон чемпионати, Лига 1, Франция суперкубоги ва Америка лигалар кубоги ғолиби, ЖЧ-2022нинг энг яхши футболчиси

Месси жуда узун мавсум ўтказмоқда: у ўйнаётган МЛСда 2022/23 йиллар мавсуми ҳали якунланмаган, шундай экан, унинг «Интер Майами» сафидаги ҳар бир самарали ҳаракати Париждаги ютуқларига қўшилади. У икки клубда «гол плюс пас» бўйича 32+25 ишлади, қолаверса, Қатардаги жаҳон чемпионатида ҳам миллий жамоаси тўпурарига айланди — ақл бовар қилмас статистика.

Аммо Лео фақат бу рақамлар учунгина «Олтин тўп» учун курашда асосий фаворит эмас. Айнан Месси Аргентинага жаҳон чемпионати олтин медалларини келтирди ва Қатардаги турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

«Олтин тўп» учун овоз беришда бу жиҳатлар ҳамиша улкан аҳамиятга эга бўлиб келган — шу туфайли Goal.com ҳам аргентиналик футболчи саккизинчи совринини қўлга киритиши эҳтимолини юқори баҳолаган. Бунга ишонч комил қилиш учун яна бироз вақт қолди — йилнинг энг яхши футболчиси 30 октябр куни эълон қилинади.

  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар