06.09.2023 10:56
3411
АПЛда трансферлар ойнаси якунлари. Ким муваффақиятлироқ ишлади?

«Челси» жамоанинг ярмини алмаштирди, «Сити» ва «Арсенал» муайян нуқталарни кучайтирди, «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпул» эса ёзни тушунарсиз ўтказди.

Футбол бўйича энг яхши чемпионатда барча гранд жамоалар таркибларини янгилади, яқин ойлар давомида мухлислар бу жамоаларнинг ўйинидаги кўплаб ўзгаришларга гувоҳ бўлишади.

Рейтинг: АПЛ топ-клублари учун трансферлар ойнаси якунлари

Фото: JULIAN FINNEY/GETTY IMAGES

«Арсенал»

Келди: Деклан Райс, Кай Ҳаверц, Юрриен Тимбер, Давид Райя
Кетди: Фоларин Балогун, Гранит Жака, Киран Тирни, Нуну Тавареш, Мэтт Тёрнер
Трансфер баланси: – 167,04 млн евро

«Канонирлар» харидларни эртароқ якунлади ва мавсум бошига тўлиқ шаклланган жамоа билан кириб келди. «Арсенал» ёзда таркибдаги алоҳида нуқталар бўйича ўзгариш қилиб, керакли позицияларга рақобат қўшди ҳам кераксиз футболчиларидан қутулди. Аммо Юрриен Тимбер биринчи турдаёқ хочсимон пайларини шикастлаб олди ва бир неча ойга сафдан чиқди.

«Арсенал» Деклан Райс учун пойгада «Сити»ни ортда қолдириб, ўз тарихидаги энг қимматбаҳо трансферни амалга оширди (116,6 млн евро). «Вест Ҳэм»нинг 24 ёшли сардори янгиланаётган жамоанинг мотори бўлади ва аллақачон жиддий амбициялар рамзига айланиб улгурди. Клуб хўжайинлари ўтган мавсум тасодиф бўлмаганини кўрсатишга қарор қилишди – «канонирлар» ҳар йили мамлакатнинг энг кучли клублари билан рақобатлашмоқчи.

Иккинчи қимматбаҳо харид – Кай Ҳаверцнинг «Челси»дан 75 млн еврога сотиб олиниши бўлди. Германиялик футболчи ҳозирча янги жамоага мослашиш даврида, аммо универсаллиги ва ёшлиги (у ҳам ҳали 24 ёшда) эвазига у Артета учун ҳужумкор гуруҳдаги муҳим қўшимча имконият тақдим этиши керак. Яна бир қизиқарли трансфер – «Брентфорд»дан Давид Райянинг ижарага олинишидир. Ҳозирча Рамсдейл асосий таркибдаги ўрнини сақлаб қолмоқда, аммо Микел унга биринчи рақам ўрни учун кучли рақобат кераклигини яққол намойиш этди.

Фото: LEWIS STOREY, MICHAEL REGAN/GETTY IMAGES

«Манчестер Сити»

Келди: Йошко Гвардиол, Матеус Нунес, Жереми Доку, Матео Ковачич
Кетди: Коул Палмер, Риёз Маҳрез, Эмерик Лапорт, Илкай Гундўған
Трансфер баланси: – 126,60 млн евро

Ўтган мавсум Европа футболи чўққисига чиққан жамоа ёзда максимал даражада режали трансферлар амалга оширишга ҳаракат қилди. «Сити»ни Гвардиола учун муҳим саналган бир қатор футболчилар тарк этди (Гундўған эркин агент сифатида «Барса»га бориб қўшилди, Маҳрез ва Ляпорт каттароқ пул ишлаб олиш учун Саудия Арабистонига йўл олди), аммо «шаҳарликлар» алоҳида позициялар учун сифатли трансферлар қилиб, пайдо бўлган тешикларни ортиқча харажат қилмасдан ёпа олди.

Гундўған турли позицияларда ҳаракат қилиб, муҳим голларни урган ҳолда (икки йил олдин мавсумнинг сўнгги турида «Сити» «Астон Вилла»га 0:2 ҳисобида ютқазаётганида у икки дақиқа ичида дубл қайд этиб, жамоаси чемпион бўлишини таъминлаганди) бир неча мавсум давомида Пепга ёрдам бериб келганди. У кетгач клуб раҳбарлари дарҳол Лондонга қўнғироқ қилди ва 30 млн евродан камроқ нархга Илкай ўрнига Матео Ковачични олиб келишди – максимал даражада мантиқий алмаштириш, қолаверса, хорватиялик футболчи уч йилга ёшроқ.

Қанотда Маҳрез ўрнига «Ренн»дан Жереми Доку келди – у ҳали атиги 21 ёшда, уни эса аллақачон Килиан Мбаппе мақтаган. Энди ундан Пепнинг мураккаб схемаларига кўникиш ва Англияга мослашиш талаб этилади, қоғозда эса бу трансфер жуда сифатли амалга оширилгандек кўринмоқда. Манчестерликларнинг энг қиммат хариди – «Лейпциг»дан 90 млн еврога сотиб олинган Йошко Гвардиол трансфери бўлди. Ушбу хорватиялик футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячига айланди, аммо бу трансфер шунга арзийди – 21 ёшли марказий ҳимоячи ўз позициясида дунёнинг энг яхшиларидан бири саналади.

Трансферлар ойнаси ёпилиши арафасида «Сити» «Вулверҳэмптон»дан 62 млн евро эвазига Матеус Нунесни олиб келди. Ҳозирча ушбу португалиялик яримҳимоячи билан барчаси аниқ эмас: ҳавбек 25 ёшда ва АПЛда атиги бир мавсум ўйнаган, бирор қаҳрамонлик кўрсатмаган, аммо унга «Ливерпул» ҳам даъвогар бўлиб чиққанди ва якунда Гвардиола курашга қўшилди. Гранд клубларнинг селекция  хизматлари нима қилаётганини билишади.

Фото: STU FORSTER, GEORGE WOOD/GETTY IMAGES

«Нюкасл»

Келди: Сандро Тонали, Ҳарви Барнс, Тино Ливраменто, Люис Ҳолл
Кетди: Аллан Сент-Максимен, Крис Вуд
Трансфер баланси: – 108,60 млн евро

«Нюкасл» саудияликларнинг пулларини ақл билан ишлатишда давом этмоқда. Месси, Неймар ёки Мбаппе даражасидаги юлдузлар Англиянинг шимолий шаҳрига боришга рози бўлмайди, аммо клуб кўп йиллардан кейин Чемпионларга қайтиши арафасида таркибни яхшигина кучайтириб олди. Асосий харид италиялик таянч яримҳимоячиси Сандро Тонали бўлди – Италия миллий жамоаси футболчиси учун «қарғалар» «Милан»га 64 млн евро тўлашди.

Кейин клуб Премер-лигани тарк этган жамоаларнинг футболчиларини овлашга киришди – «Лестер»дан вингер Ҳарви Барнс олиб келинди, «Саутҳемптон»дан 37,2 млн еврога 20 ёшли қанот ҳимоячиси Тино Ливраменто сотиб олинди. «Нюкасл» асосий еврокубокда энг қийин гуруҳга тушди, аммо бу таркиб гуруҳда чиқишга даъвогарлик қила олади.

Фото: GETTY IMAGES/«ЛИВЕРПУЛ» ФК

«Ливерпул»

Келди: Доминик Собослаи, Алексис Мак Аллистер, Ватару Эндо, Райан Гравенберҳ
Кетди: Фабинио, Жордан Ҳендерсон, Алекс Окслейд-Чемберлен, Наби Кейта, Жеймс Милнер, Роберто Фирмино, Артур Мело, Фабиу Карвалю
Трансфер баланси: – 111,30 млн евро

«Ливерпул»да Юрген Клопп давридаги энг жиддий янгиланишлар рўй берди. Жамоани бирданига етти нафар яримҳимоячи тарк этди (агар ижарага олинган Мело қайтиб кетгани ва Карвалю ижарага берилгани ҳам қўшилса), афсонавий Мане – Фирмино – Салоҳ триосидан эса биргина мисрлик ҳужумчи қолди. Клуб аввалбошдан бу қадар капитал қайта қуриш бошлашни режалаштирмаганди, аммо Ҳендерсон ва Фабинио трансфери эвазига Саудия Арабистонидан катта маблағ келди.

Лекин мерсисайдликлар клуби раҳбарларига сотиб олиш бўйича трансферларда 5 баҳодан 3 қўйиш мумкин. Клуб бир неча йилдан буён кутган Жуд Беллингҳем «Реал»га ўтишни афзал кўрди, Кайседо «қизиллар»нинг таклифини эшитишни ҳам истамади, Лавиа ҳам Мойсес ортидан Англия жанубидан Лондонга келишга қарор қилди. Натижада ёз бошида ҳужумкор яримҳимоячилар Доминик Собослаи ва Алексис Мак Аллистерни сотиб олган клуб селекция бўлими таянч яримҳимоячи қидиришга мажбур бўлди. Асосий ва захира трансфер нишонларини «Челси»га бой берган «Ливерпул» кутилмаган вариантга мурожаат қилди: скаузерлар япониялик ҳавбек Ватару Эндо учун 20 млн евро сарфлади. Ушбу футболчи ўтган мавсумда «Штутгарт»га ўйнаган ва унинг жамоаси Бундеслигани тарк этишига бир бахя қолганди.

Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида клуб «Бавария»дан Райан Гравенберҳни олиб келишга улгурди, аммо бу трансферга ҳам саволлар бор. Нидерландия ёшлар жамоаси аъзоси ёз бошидаёқ трансфер нишонларидан бири сифатида кўрилганди, аммо ўшанда клуб барибир таклиф юборишга жазм қилмаганди. Шундай тасаввур уйғонадики, ушбу 21 ёшли яримҳимоячи вариантига иложсизликдан қайтилган. Амстердамлик футболчи бир йил олдин «Аякс»дан «Бавария»га ўтганди, аммо бир мавсумда 800 дақиқадан камроқ ўйнади.

Фото: STU FORSTER/GETTY IMAGES

«Тоттенҳэм»

Келди: Жеймс Мэддисон, Микки ван де Вен, Педро Порро, Деян Кулушевски, Гулельмо Викарио, Манор Соломон, Бреннан Жонсон
Кетди: Ҳарри Кейн, Гарри Уинкс, Жед Спенс, Лукас Моура, Клеман Лангле, Арно Данжума
Трансфер баланси: – 135,90 млн евро

Бу трансферларда акс этмайди, аммо «Тоттенҳэм»нинг асосий янги аъзоси – бош мураббий Анже Постекоглудир. «Селтик»нинг собиқ устози «шпорлар»да ёрқин комбинацияли футболни йўлга қўйишни ваъда қилган, шимолий лондонлик мухлислар бундай футболни Маурисио Почеттино кетганидан буён соғиниб қолишганди. Ҳозирча иш бермоқда: мавсумнинг илк ўйинларида «Лестер»дан 46,3 млн еврога харид қилинган Жеймс Мэддисон жамоадошлари билан ажойиб комбинациялар уюштирмоқда ва ҳужумни ранг-баранг қилмоқда.

Албатта, «Тоттенҳэм»даги энг катта трансфер кетиш бўйича бўлди. Клуб тарбияланувчиси ва XXI асрдаги энг яхши футболчиси Ҳарри Кейн ниҳоят Дэниел Левининг панжалари орасидан сирғалиб чиқди ва суперклуб сафига ўтди – энди ушбу страйкер «Бавария» рақибларига даҳшат солади. «Шпорлар» эса ўтган мавсумда ҳам ижарада ўйнаган Педро Порро ва Деян Кулушевскининг трансфер ҳуқуқини сотиб олиб, бунга тахминан 70 млн евро сарфлади, шунингдек «Волфсбург»дан 40 млн атрофидаги маблағга Микки ван де Венни сотиб олиб, орқа чизиқни мустаҳкамлади. Манор Соломон эса «Шахтёр»дан эркин агент сифатида келиб қўшилди.

Клубнинг узоқ йиллик футболчиларидан яна бири Уго Лиорис ҳозирча «шпорлар» балансида қолмоқда, аммо французнинг хизматларига аввалгидек катта эҳтиёж сезилмаяпти: фахрий футболчининг бир йиллик шартномаси қолган ва уни мавсумолди йиғинларига олиб кетишмади. Энди «Тоттенҳэм»да биринчи рақам «Эмполи»дан олиб келинган 26 ёшли италиялик Гулелмо Викарио бўлади – у ҳозирча топ даражада эмас, аммо истиқболли кипер.

Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида «шпорлар» энг қимматбаҳо харидини амалга оширди – клуб 55 млн евро эвазига «Ноттингҳем»дан ҳужумкор яримҳимоячи Бреннан Жонсонни сотиб олди. Бу истиқболли футболчи саналади: йигитча ҳали 22 ёшда, у фақат ўтган мавсумда «ўрмончилар» билан АПЛда дебют қилди, аммо барча турнирлар доирасидаги 44 ўйинда 10+3 балл жамғаришга улгурди.

Фото: GETTY IMAGES/«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» ФК

«Манчестер Юнайтед»

Келди: Расмус Ҳойлунд, Мэйсон Маунт, Андре Онана, Серхио Регилон, Жонни Эванс, Софиян Амрабат
Кетди: Дин Ҳендерсон, Энтони Эланга, Фред, Давид де Хеа, Мэйсон Гринвуд
Трансфер баланси: – 151,36 млн евро

Эрик тен Ҳаг Ҳоландни олиб беришни сўраганди, Глэйзерлар эса Ҳоланд аллақачон ўз уйида эканини айтишди. Шундай қилиб, «Юнайтед»га бошқа скандинав келди – Расмус Ҳойлунд. Даниялик футболчи «қизил иблислар»нинг бу трансферлар ойнасидаги энг қимматбаҳо хариди (75 млн) бўлди, аммо белидаги жароҳатини даволаш билан машғул бўлмаган 20 ёшли тўпурар ҳали АПЛда бошланғич таркибда ўйнамади, фақат 4-турга келиб «Арсенал»га қарши ўйин охирида майдонга тушиб, фаоллиги билан ажралиб  турди.

Жамоадаги асосий тизимли ўзгариш шартномаси узайтирилмаган Давид де Хеа ўрнига «Интер»дан Андре Онана олиб келиниши бўлди. «МЮ» бош мураббийи ўзига мос таркиб шакллантиришда давом этмоқда ва ганалик кипернинг келиши янгиланишдаги муҳим қисм бўлди. Онана оёқда ишончли ўйнаши ва жарима майдони ичидаги вазиятни ақл билан бошқариши туфайли «Манчестер Юнайтед» ўйинига хотиржамлик бахш этмоқда – унинг испаниялик ўтмишдошида  эса бу борада муаммолар бор эди.

Забитцер ижара муддати тугаб Германияга қайтиши ва Фред шартномаси якунланиб, Туркия чемпионатига йўл олиши туфайли жамоа майдон марказида вакант позициялар юзага келди. Улардан бирини «Челси»дан кетишга қарор қилган Мэйсон Маунт банд этди. Ҳозирча жамоа ўрта чизиғига саволлар бор, гарчи тен Ҳаг матбуот анжуманида журналистлар муаммо йўқ жойдан уни қидиришини таъкидлаган бўлса ҳам.

Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида манчестерликлар фаоллашди – сэр Алекс Фергюсон даврида ўйнаган Жонни Эвансга бир йиллик шартнома таклиф этилди, у «Лестер» билан шартномаси тугаб, эркин агентга айланганидан кейин «МЮ» билан шуғулланаётганди. Люка Шоу жароҳат олгани туфайли мудофаанинг чап қанотига «Тоттенҳэм»дан Серхио Регилон ижарага олинди. Испаниялик футболчи ўтган мавсумни «Атлетико»да ижара асосида ўтказганди. Дедлайн арафасида эса Софиян Амрабат сафга қўшиб олинди – молиявий фэйр-плейга амал қилиш учун Қатардаги жаҳон чемпионатида порлаган марокашлик таянч яримҳимоячиси «Фиорентина»дан ҳозирча ижарага олинган.

Фото: EDDIE KEOGH, MIKE STOBE/GETTY IMAGES

«Челси»

Келди: Мойсес Кайседо, Ромео Лавиа, Кристофер Нкунку, Коул Палмер, Аксел Дисаси, Николас Жексон, Лесли Угочукву, Роберт Санчес, Леви Колвилл
Кетди: Кай Ҳаверц, Мэйсон Маунт, Матео Ковачич, Калиду Кулибали, Кристиан Пулишич, Эдуар Менди, Рубен Лофтус-Чик, Итан Ампаду, Н'Голо Канте, Пиер-Эмерик Обамеянг, Кепа Аррисабалага, Сесар Аспиликуэта, Ҳаким Зиёш, Ромелу Лукаку, Каллум Ҳадсон-Одои
Трансфер баланси: –197,10 млн

Роман Абрамович кетганидан кейинги «Челси»нинг трансфер сиёсати ҳақида тўлақонли монография ёзиш мумкин – «кўклар» таркибидаги футболчиларнинг бундай алмашинувида ҳатто Маурисио Почеттино ҳам ёрдам бера олмаяпти.

Асосий харид Мойсес Кайседо «Брайтон»дан 116 млн еврога олиб келиниши бўлди – трансфер Англияда Райсдан кейинги энг қимматбаҳо харидга айланди. «Челси» нафақат сайёранинг энг яхши таянч яримҳимоячиларидан бирини ўзиники қилди, балки бу билан «Ливерпул»ни шарманда ҳам қилди: эквадорлик футболчи Лондонга келишидан бир неча кун олдин Юрген Клопп журналистларга ушбу футболчининг клуби билан келишувга эришилгани ҳақида айтди, аммо кейин футболчи фақат лондонликлар сафига ўтишни исташини билдирди.

Мойсес Кайседо. Фото: EDDIE KEOGH/GETTY IMAGES

«Қизиллар»нинг муаммоси шу билан тугаб қолмади: бир неча кун ўтиб «Челси» уларнинг захирадаги трансфер нишонини ҳам илиб кетди – Ромео Лавиа. Ушбу таянч яримҳимоячиси ҳам «Сауҳемптон»ни тарк этиб, Кайседо ортидан Лондон жамоасига келиб қўшилди. Кристофер Нкунку эса «кўклар» билан қишдаёқ келишиб қўйганди ва жамоага расман ёз бошида қўшилди, аммо у ҳозирча дебютини амалга ошира олмади: у мавсумолди йиғинлари чоғида жароҳат олди ва сафга фақат ноябрда қайтиши мумкин.

Ҳужум қаноти учун «Сити»дан Коул Палмер олиб келинди. 21 ёшли англиялик футболчи Манчестер клубида дебют ўйинларидаёқ кучли ўйин кўрсатди ва «Челси» ҳали катталар футболида бирор мавсумни асосий таркибда ўтказмаган ушбу йигитча учун 47 млн еврони аямади. Ижарадан қайтган Леви Колвиллнинг трансферини ҳам тўлақонли трансфер деб аташ мумкин. Ушбу марказий ҳимоячига бошқа клублардан талаб катта эди, аммо футболчи қадрдон клубида қолишга қарор қилди.

«Реал»га ижарага берилган Кепа ўрнига «Брайтон»дан Роберт Санчес келди, «Монако»дан харид қилинган Аксел Дисаси ҳимоя марказида рақобат ҳосил қилди, Николас Жексон эса Нкунку ўрнини муносиб босмоқда. «Челси» жамоанинг ярмини тарқатиб юборди ва шунча футболчи олди, шундай экан, жамоадаги трансформацияни кузатиш қизиқ бўлади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар