Ўзбекистон Суперкубоги доирасидаги «Пахтакор» - «Насаф» ўйинидан олдин қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва жамоа ҳужумчиси Лима Круз матбуот анжуманида иштирок этди.
Ўйин ҳақида
- Эртанги рақиблар бир-бирини жуда яхши билади. Эртанги Суперкубок ўйинида фаворит йўқ. Бир-бирини яхши биладиган икки кучли жамоа майдонга тушади. Суперкубок – бу йилги мақсадларимиздан бири. Шу боис совринга эришиш учун боримизни берамиз.
- Суперкубок баҳсида сиз томондан қандайдир кутилмаган юришни кутсак бўладими?
- Эътибор берган бўлсангиз, Суперлигада ҳам чиройли ёки мазмунли ўйиндан кўра, ҳимоявий услуб билан бўлса ҳам натижага эришиш энг муҳими бўлиб қолди. Шу боис, эртага сифатли ёки мазмунли ўйин бўлмаслиги мумкин, аммо натижа учун икки томон ҳам курашади.
- Ҳужум чизиғидаги муаммолар қачон барҳам топиши мумкин?
- Ўтган мавсумлар ҳужумда Ҳусайн Норчаевнинг ёрдами катта бўлганди. У кетгач, 2-давра олдидан ҳужум чизиғини кучайтиришга ҳаракат қилдик, аммо ҳозирча бу иш бермаяпти. Машғулотларда кўп ишлаяпмиз, аммо ўйинларда гол киритиш масаласида қийинчиликка дуч келяпмиз. Бу ҳужумчилар маҳоратига ҳам боғлиқ. Аммо кўп гол ура олмаётган бўлсак-да, дарвозамиздан ҳам кам гол ўтказаяпмиз. Ҳимояда қанча яхши ўйнамайлик, тан оламиз, ҳужумда ишларимиз яхши деб бўлмайди, - дейди Рўзиқул Бердиев.
Лима Круз:
- Биз аввалги ўйинларни эсдан чиқарганмиз. Эртага бир хил савиядаги жамоалар майдонга тушади. «Пахтакор» билан сўнгги йилларда соврин учун курашиб келяпмиз. Эртага кучли жамоа ғалаба қозонади ва умид қиламанки, бу «Насаф» бўлади. Қаршига соврин билан қайтишни истардик.
Ҳужумдаги муаммолар? Ҳужумчи гол уриш учун нима қилиш керак бўлса, мураббийлар тўғри кўрсатма беряпти. Аммо баъзида омадимиз келмаяпти, гоҳида эса барча ёрдам бериши талаб этилади. Чунки футбол – жамоавий ўйин. Биз ҳужумчилар вазифамизни бажаришимиз, бизга эса яхши узатмалар бўлиши керак.
Чавес билан рақобат? Иккимиз ҳам легионермиз ва мақсадимиз жамоага ёрдам бериш. Қайси биримиз яхшироқ тайёр бўлсак мураббийлар ўшани асосий таркибда майдонга туширади», - дейди бразилиялик форвард матбуот анжуманида.