22.08.2023 11:38
2664
Теглар
«Мақсад — гуруҳга чиқиш». Қосимов ва Турсунов ОКМКнинг ОЧЛ саралашидаги ўйини олдидан

ОЧЛ плей-офф босқичи доирасидаги «Ал Араби» — ОКМК баҳси олдидан ташкиллаштирилган матбуот анжуманида олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрларини билдирди. 

«Авваламбор, барчага ассалому алайкум! Бизни жуда ҳам қизиқарли ўйин кутмоқда. Иккала жамоада ҳам гуруҳ босқич йўлланмасини қўлга киритиш имконияти бор. Бу ерга яхши ниятда келганмиз. Мақсадимиз — гуруҳ босқичига чиқиш. 

«Ал Араби» шаклланган жамоа ҳисобланади. Таркибда кучли легионерлар ҳаракат қилади. Қолаверса, тўп билан муомалада жамоавий ўйин намойиш этиб, кўпроқ ҳужумга эътибор қаратади.

Дисквалификация сабаб Мартин Боакенинг йўқлиги? Футбол — жамоавий ўйин. Унда, албатта, бу каби вазиятлар учраб туради. Жамоамизда бир-бирини ўрнини тўлдирадиган ўйинчилар етарли.

Жаҳон чемпионати ўтган стадион? Таассуротларимизни эртанги ўйиндан кейин айтамиз. Албатта, бундай стадионда ўйнаш футболчилар учун ёқимли», — дейди мураббий. 

Жамоа сардори Санжар Турсунов ҳам фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Ассалому алайкум. Барчасини тушуниб турибмиз, бу ўйин жуда муҳим баҳс ҳисобланади. Ғолиб эса гуруҳ йўлланмасини қўлга киритади. Барча футболчилар номидан айтишим мумкин: биз эртанги ўйинга тайёрмиз.

Қатар мамлакатини жаҳон чемпионати ўтказилмасидан олдин ҳам яхши кўрардим. Мусобақа ўтказилганидан кейин ҳам таассуротлар ижобий», — дейди Турсунов.

Беллашув бугун, 22 август куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 22:30да бошланади. Ғолиб жамоа гуруҳ босқичига йўлланма олади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар