22.08.2023 08:27
4894
Теглар
«Ал-Вақра» кучли ҳужум чизиғига эга». Бабаян ва Аҳмедов «Навбаҳор»нинг ОЧЛдаги илк баҳси ва Қатар ҳақида

ОЧЛ саралаш баҳси доирасида “Навбаҳор” 22 август куни Қатарнинг “Ал-Вақра” клубига қарши майдонга тушади. Сафардаги ўйин олдидан наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян ва жамоа сардори Азимжон Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди.

Самвел Бабаян: 
- Осиё Чемпионлар Лигасига қайтиш ёқимли ҳамда клубимиз ва мамлакатимиз шарафини ушбу нуфузли мусобақада ҳимоя қилиш биз учун катта шараф ҳамда масъулият.

ОЧЛда биз юртимизнинг футболсеварлар вилояти ҳисобланувчи Наманган шарафини ҳимоя қиламиз. “Навбаҳор” кўплаб мухлисларга эга ва улар жамоани муносиб тарзда қўллаб-қувватлашади. “Навбаҳор” ОЧЛда илк марта қатнашмоқда. Умид қиламанки, сўнгги мавсумларда Ўзбекистоннинг етакчи клубларидан бири сифатида қайд этилаётган  “Навбаҳор” кейинчалик ушбу нуфузли турнирнинг мунтазам иштирокчисига айланади. Бўлажак ўйиндаги мақсадимиз албатта, ўзимизга керакли бўлган ижобий натижага эришиб, ишқибозларга қувонч улашиш.

Эртанги рақибимиз яхши шаклланган жамоа ва жорий мавсумда ўз таркибини маҳоратли футболчилар ҳисобига кучайтириб олди. Буни “Ал-Вақра” янги мавсумнинг илк туридаёқ, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганидан ҳам билса бўлади.

Ўз ўрнида бўлажак баҳс ўтказиладиган стадионни ҳам эътироф этмоқчиман. Мазкур ўйингоҳ ЖЧ-2022нинг безагига айланганди. “Ал-жануб” ажойиб архитектура ва дизайн санъати уйғунлигини ўзида жамлаган стадион. Менимча, ҳар бир мураббий учун ушбу стадионга жамоасини бошлаб тушиш, футболчилар учун эса шундай ўйингоҳ майдонида тўп тепиш улкан шараф ҳисобланади.

Азимжон Аҳмедов: 
– Эртанги учрашув жуда қизиқарли тарзда кечади, деб ўйлайман. Биз бу ерга Наманган аҳлига, мухлисларимизга хурсандчилик улашиш мақсадида, ташриф буюрдик. Худо хоҳласа, бўлажак баҳсда зафар қучиб, мухлисларимизга қувонч улашамиз. 

– Эртанги рақибингиз – “Ал-Вақра” борасидаги фикрингиз қандай?

Самвел Бабаян: - Бу ҳақда ҳозиргина тўхталиб ўтдим. Бўлажак рақибимиз маҳоратли футболчиларга эга жамоа. “Ал-Вақра” ўтган мавсумда 4-ўринни эгаллади. Шунингдек, жамоа янги мавсум ва бўлажак баҳсга жиддий тарзда тайёргарлик кўрган ҳолда, мавсумлар оралиғида ўз таркибига маҳоратли футболчиларни жалб этди.

Шунингдек, “Ал-Вақра”ни тажрибали мутахассис бошқараётганлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Бундан ташқари, жамоанинг заиф чизиғи йўқлиги, ҳар бир позициядан яхши футболчилар жой олганлиги, захирадан майдонга тушадиган ўйинчи ҳам ўйинни кучайтириш салоҳиятига эга эканлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман.

Азимжон Аҳмедов: – “Ал-Вақра”ни кўп ўргандик, жамоа сафидан яхши футболчилар ўрин олишган.

– Эртанги рақиб - “Ал-Вақра”нинг ўйин услубини қанчалик ўргандинглар?

Самвел Бабаян: - Таъкидлаганимдек, “Ал-Вақра” таркибида кучли, шунингдек, ўз мамлакати терма жамоасига номзод бўлган кўплаб футболчилар бор. Албатта, рақибимизнинг кучли жиҳатлари кўп. Аммо “Ал-Вақра”нинг ўйин услубини пухта ўргандик ва эртанги ўйинда зафар қучиш учун қандай ўйнаш лозимлигини яхши биламиз. Лекин бу ҳозирча сир бўлиб қола қолсин.

– Сизнингча, “Ал-Вақра”нинг энг кучли чизиғи қайси?

Азимжон Аҳмедов: –­ Рақибнинг ўйин услубини яхшилаб ўргандик ва менимча, “Ал-Вақра” кучли ҳужум чизиғига эга, - дея Аҳмедовнинг сўзларини келтирган Наманган клуби матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, ушбу баҳс 22 август куни соат 20:30да бошланади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар