21.08.2023 12:52
3953
Педри — Хавининг сеҳрли таёқчаси, «Челси» бу мавсумни ҳам ёмон бошламоқда. Кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Энцонинг ҳал қилувчи хатоси

«Вест Ҳэм» – «Челси» 3:1
Голлар:
 1:0 – 7 Агерд, 1:1 – 28 Чуквуэмека, 2:1 – 53 Антонио, 3:1 – 90+4 Пакета
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Энцо Фернандес, 42 (дарвозабон)
Вест Ҳэм – Ареоля, Цоуфал, Зума, Агерд, Эмерсон, Уорд-Проуз (Альварес, 81), Соучек, Лукас Пакета, Бенрахма (Огбонна, 69), Боуэн, Антонио (Форнальс, 76).
Челси – Санчес, Гюсто (Берстоу, 83), Тиаго Силва, Дисаси, Колуилл, Чилуэлл (Кайседо, 61), Галлаҳер (Мадуэке, 75), Фернандес, Чуквуэмека (Мудрик, 46), Стерлинг, Жексон.
Огоҳлантиришлар: Агерд (13), Лукас Пакета (35), Дисаси (36), Чуквуэмека (40), Эмерсон (45), Жексон (72).
Четлатиш: Агерд (67).

«Вест Ҳэм» мавсум бошлангач ажойиб трансфер амалга оширди, стандартлар қироли ва «Саутҳемптон» сардори Уорд-Проузни чемпиошипдан халос этди, у эса дарҳол ўзига тўланган пулларни (30 млн фунт) оқлашга киришди. Ушбу англиялик ҳавбекнинг бурчакдан ҳар бир узатмаси хавфли чиқди, улардан бири эса Агерднинг голи билан якунланди. Ўтган мавсумда «Челси» биринчи гол ўтказиб юборганидан кейин ўзига кела олмаган бўлса, ҳозирги жамоа — таркиб жуда ёшлигига қарамай — руҳий жиҳатдан анча барқарорлигини намойиш этмоқда.

Фахрий футболчилар ҳам ишончли ўйнамоқда. Жавоб голини урган Чуквуэмекига қанотда фаол ҳаракат қилган Чилуэлл ёрдам берди, Стерлинг эса кўп ўтмай пеналти ишлади, аммо Энцо Фернандес ундан фойдалана олмади. Бундай хато эса одатда қимматга тушади.

Қолаверса, жавоб голи муаллифи Чуквуэмеки жиддий жароҳат олиб майдонни тарк этди.

Биринчи бўлимнинг охирги 15 дақиқалигида ҳимоядан чиқа олмаган «Вест Ҳэм» бир амаллаб дуранг ҳисобни сақлаб қолди ва иккинчи бўлимда яна ташаббусни қўлига олди. Антонио Уорд-Проуз ёрдамида гол урди ва Агерд майдондан четлатилиши ҳам «болғачилар»га тўсқинлик қила олмади. Ўйин охирида эса — қимматбаҳо Кайседо дебютини расво қилди, унинг жарима майдони ичидаги эҳтиётсиз ҳаракати пеналтига сабаб бўлди, шундай экан, Маурисио Почеттино «Челси» бошқарувидаги илк ғалабасини ҳали кутишга мажбур бўлади. Бу кейинги турларда рўй бериши мумкин - лондонликлар кейинги турда дебютант «Лутон»ни қабул қилади, кейин яна уйда «Ноттингҳем Форест» билан ва сафарда «Борнмут» билан ўйинлар бор. 

Ҳозирча лондонликларда очколардан кўра жароҳатлар сони кўпроқ.

Испания: Халоскор Педри ва Исконинг қайтиши

Барселона – Кадис 2:0 
Гол: 
1:0 – 82 Педри, 2:0 – Ферран Торрес 90+3
Барселона – тер Стеген, Кристенсен (Эрик Гарсия, 79), Кунде, де Йонг, Балде (Фати, 68), Гундўған, Ромеу (Сержи Роберто, 79), Педри, Гави (Эззалзули, 68), Ямал (Ферран Торрес, 85), Левандовски.
Кадис – Ледесма, Карселен, Эрнандес, Фали Хименес, Хави, Алехо (Мачис, 68), Алкарас, Сан-Эметерио (Собрино, 68), Алекс Фернандес (Негредо, 86), Рохер Марти (Хосе Мари, 86), Рамос (Осмайич, 86).
Огоҳлантиришлар: Алехо (14), де Йонг (26), тер Стеген (26), Сан-Эметерио (45), Гави (45), Педри (73).

«Барселона»га хос бўлмаган уй ўйини — жамоа стадиони «Камп Ноу» реконструкция қилинмоқда. Кўк-анорранглилар ҳужумларни якунлашда қандай қийналишини кўриш янада ажабланарли бўлди. Каталонияликлар «Хетафе»га қарши сафар ўйинида ҳам гол ура олмаган (0:0), бу ўйинда Рафиня қизил карточка олиб дисквалификацияга учраганди, қолаверса Хави ҳам тўп «Кадис» дарвозасига киришни истамаётганини захира ўриндиғида эмас, трибунада ўтириб кузатишига тўғри келди. Ёки шунчаки тўп дарвозага кириш истамаётганини дейиш мумкин, меҳмонларда ҳам бир неча қулай вазиятлар бўлди ва улар ҳам бу имкониятларини кўкка совурди.

Албатта, «Барса» кўпроқ вазиятлар яратди ҳамда меҳмонлар дарвозабони Ледесма бир кечанинг ўзида турнинг энг яхши сейвлари ҳит-парадида бир неча ўринни банд этиб қўйди. Чемпионлар эса Гундўған ва Педри жуфтлигининг чиройли ҳаракатлари эвазига барибир ўз мақсадига эришди. Ёш яримҳимоячи йиқилаётган ҳолда тўпни дарвоза тўрига йўналтиришга эришди ва захира ўриндиғи томон югуриб, ўзи туғилган Тенерифе шаҳрини қўллаб-қувватлаш учун махсус футболкани намойиш этди - у ерда ўрмон ёнғинлари туфайли ўн минглаб кишилар эвакуация қилинмоқда.

Педрининг бу голи — Хави бошқаруви давридаги ўнинчиси бўлди — бу эса унинг ушбу мураббийнинг сеҳрли таёқчаси эканини яна бир бор исботлайди. Гап шундаки, «Барса»нинг янги мавсумдаги илк ғалабасини таъминлаган Педри ўтган мавсумда ҳам етти ўйинда ҳисоб 0:0 ҳолатида гол уриб, ғалаба томон йўл очганди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Левандовски Ферранни голли пас билан таъминлади. Бу ўйиндаги яна бир эътиборга молик ҳолат Ламин Ямал каталонияликлар сафида бошланғич таркибдаги дебютини ўтказиши бўлди. Унинг дебюти 16 ёшу 38 кунлигида рўй берди ва ла лиганинг янги рекордига айланди. Ҳатто Месси ҳам бошланғич таркибда бу қадар эрта майдонга тушмаганди. Мавсумлар оралиғидаги йиғинларда ўзини кўрсатган ушбу футболчи амалда ўтган мавсум охирида дебют қилиб, бир ўйинда захирадан тушганди, янги мавсумнинг биринчи турида эса «Хетафе»га қарши ўйинда ҳам иккинчи бўлимда ўйнаганди.

Бетис – Атлетико 0:0
Бетис – Руй Силва, Сабали, Песселя, Луис Фелипе, Абнер, Руибал (Хуан Крус, 72), Иско (Родри, 72), Рока, Родригес, Перес (Гуардадо, 84), Иглесиас (Виллиан Жозе, 62).
Атлетико – Облак, Аспиликуэта, Савич, Эрмосо, Витцел, Карраско (Лино, 65), Де Паул (Рикелме, 80), Лемар (Мората, 64), Льоренте (Барриос, 46), Гризманн, Депай (Саул, 64).

Бу ўйиннинг биринчи бўлимидаги асосий воқеа – Исконинг катта футболга қайтиши бўлди. У ўтган мавсум арафасида ниҳоят «Реал» билан хайрлашган ва Хулен Лопетегининг чақируви билан «Севиля»га ўтганди. Аммо мураббий мавсум бошида ишдан бўшатилди, ҳавбек эса андалусияликлар клуби билан шартномасини бекор қилишга мажбур бўлди. Кейин қишда «Унион»га ўтиши можароли тарзда барбод бўлганди. Аммо, афтидан донишманд Мануэл Пеллегрини ушбу яримҳимоячининг фаолиятини жонлантиришга аҳд қилган, чунки «Бетис»га ҳам Мексикага кетган Каналес ўрнини босувчи футболчи керак.

Биринчи бўлимда Иско 50 та узатма амалга оширди ва уларнинг барчаси манзилга аниқ етиб борди. Бу ўйиндаги яна бир қизиқ кўрсаткич — «Атлетико»да зарбалар бўлмагани. Гап дарвоза соҳасига аниқ бормаган зарбалар ҳақида кетмаяпти, жамоа футболчилари умуман зарба йўлламаган. Аммо Диего Симеоненинг прагматик ўйини барчага маълум ва иккинчи бўлимда стандарт вазиятдан кейин Эрмосо зерикиб қолган Руй Силвани тўпни дарвоза тўсини остидан «олиб чиқиш»га мажбур қилди. «Атлетико» фаоллашди, аммо бу ғалабага етарли бўлмади. Якунда испанлар учлигида айни вақтда фақат «Реал»гина очко йўқотмай давом этмоқда.

Италия: Белоттининг қайтиши

Рома – Салернитана 2:2
Голлар:
 1:0 – 17 Белотти, 1:1 – 36 Кандрева, 1:2 – 49 Кандрева, 2:2 – 82 Белотти.
Рома – Руй Патрисиу, Кристенсен (Карсдорп, 65), Смоллинг (Паредес, 65), Лиоренте, Манчини, Спинаццола (Залевски, 65), Кристанте, Ауар (Пагано, 90), Бове (Саншеш, 65), Ал-Шаъровий, Белотти.
Салернитана – Очоа, Маццокки (Диа, 66), Фасио, Дьомбер, Ловато, Брадарич, Кандрева, Кастанос (Самбия, 78), Кулибали, Мажоре (Ленговски, 78), Бутҳейм (Кулибали, 88).

«Рома» ҳозирча Дибала ва Абраҳамсиз ўйнашига тўғри келади, икки янги футболчи — Ренату Санчеш ва Паредес эса — захирада қолдирилди. Иккинчи бўлимда эса «ПСЖ»нинг собиқ яримҳимоячиси Римга қайтишини голли пас билан нишонлади. Лекин аргентиналик футболчининг бурчакдан йўллаган голли паси «бўрилар»ни фақат мағлубиятдан қутқаришга яради. Жозе Моурино учун ягона хурсанд қилувчи ҳолат — Белоттида гол сезиш қобилияти яна пайдо бўлгани билан боғлиқ. Бир неча йил муқаддам, у «Торино» ҳужумчиси сифатида А Сериянинг даҳшатли тўпурарларидан бири сифатида танилганди, ўтган мавсумда эса у чемпионатда бирорта гол урмади. «Олимпико»га қайтишдан илҳомланган фахрий футболчи Кандрева «Рома»га муаммолар туғдирди. «Лацио»нинг собиқ футболчиси етти йил ичида илк бор дубл қайд этди ва бу Абадий шаҳардаги асосий стадионда рўй берди.

«Удинезе» – «Ювентус» 0:3
Голлар:
 0:1 – 2 Киеза, 0:2 – 20, пеналти Влаҳович, 0:3 – 45 Рабио.
Удинезе – Силвестри, Эбоселе (Жоау Феррейра, 57), Кабаселе, Бийол, Перес, Камара (Земура, 46), Уолас, Ловрич, Саррага (Самаржич, 46), Товен (Саксесс, 66), Бету (Лукка, 75).
Ювентус – Шченсни, Алекс Сандро, Данило, Бремер, Камбиязо (Айлинг, 70), Веа (Маккенни, 46), Рабио, Локателли, Миретти (Фаджоли, 46), Киеза (Милик, 77), Влаҳович (Йилдиз, 85).

Ёз давомида «Ювентус»нинг ҳужум чизиғи вакиллари турли жамоаларга тарқалиб кетиши ҳақида тинимсиз ёзиб турилди. Лекин мавсум стартида Киеза ҳам, Влаҳович ҳам, Рабио ҳам шу ерда. «Удинезе»га қарши ўйин Массимилиано Аллегрини ва «Ювентус» ҳақидаги тасаввурларни йўққа чиқарадиган ўйин бўлди — туринликлар ҳужумкор ўйин кўрсатишди, Киеза Влаҳовичнинг пасидан кейин тўпга шундай ерлатиб зарба бердики, дарвозабон жойидан қимирлай олмади. Бу вақтда секундомер 1:48 рақамини кўрсатаётганди ва бу «Кекса синора»нинг 1981 йилдан буён энг тезкор голи бўлди. Бўлим охирида эса Киезанинг товон билан берган пасидан кейин Камбиязо тўпни Рабионинг бошига идеал даражада етказиб берди. Бу икки вазият оралиғида Влаҳович пеналтини аниқ ижро этганди ва иккинчи бўлим амалда қуруқ расмиятчиликка айланди.

Буни туринликларнинг идеал ўйини деб бўлмайди, «Удинезе» вақти-вақти билан Шченсни дарвозасига хавф солиб турди, аммо ўтган мавсумда еврокубоклардан маҳрум бўлган «биянконерилар» скудетто учун асосий даъвогарлар қаторида эканини намойиш этишди.

Германия: бир ўйинда икки рекорд

Унион – Майнц 4:1
Голлар: 1:0 – 1 Беренс, 2:0 – 9 Беренс, 2:1 – 64 Каси, 3:1 – 70 Беренс, 4:1 – 90 Пантович.
Унион – Реннов, Триммел, Кнохе, Диогу Лейте, Дуки, Руссийон (Гозенс, 66), Крал, Лаидуни (Кемляйн, 89), Ааронсон (Пантович, 76), Беренс (Фолланд, 89), Фофана (Беккер, 66).
Майнц – Центнер, да Кошта (Вайпер, 81), Белл, Фернандеш, Кор (ван дер Берг, 60), Каси, Ли Жэ Сон (Баркок, 75), Баррейро, Штах (Краус, 81), Онисиво (Груда, 60), Ажорк.
Огоҳлантиришлар: Беренс (10), Ли Жэ Сон (31), Кор (51), да Кошта (58), Баррейро (80), Свенссон (90), ван дер Берг (90).

Бу мавсум Чемпионлар лигасида дебют қиладиган «Унион» ёзда таркибни кучайтирди ва бундеслигада мавсумни йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади. Урс Фишер янги футболчиларни таркибга аста-секинлик билан киритишни бошлади. Якшанба кунги ўйинда янги футболчилардан фақат уч нафари  бошланғич таркибдан ўрин олди. Италиядан («Аталанта») қайтган Гозенс ва Франциядан («Монако») қайтган Фолланд эса захирадан қўшилди, ҳужумчи майдонга тушган заҳоти тўртинчи голга узатма беришга улгурди.

Ўтган мавсумда жамоанинг асосий тўпурари бўлган Беккер ҳам ҳозирча жокер мақомида. У иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилиб, Беренс учинчи голини расмийлаштиришига ёрдам берди. 32 ёшли ҳужумчи бу ҳет-триги орқали бундеслига тарихига кирди. Кўрсаткичлар ҳисоблаш бошланганидан буённ бундеслигада ҳали ҳеч ким бир ўйинда бош билан учта гол урмаганди. «Майнц» ҳужумчиси Ажорк ҳам турнир тарихига кирди, у бир ўйинда икки пеналтини голга айлантира олмаган илк футболчига айланди.

Кун статистикаси

Стуани «Жирона»нинг ла лигада 50 гол урган 1-футболчисига айланди. Уругвайлик фахрий ҳужумчи каталонияликларнинг олий дивизиондаги жами голларининг 42 фоизига муаллифлик қилган (149 тадан 51 та).

Қаторасига 8 уй ўйинида ғалаба — «Астон Вилла»нинг 1990 йилдан буён энг яхши серияси бўлди.

Кайю Энрике «Монако» таркибида 22 та голли узатма берди. Ушбу ҳимоячи бу борада 2020/21 йиллар мавсуми бошидан буён топ-5 лигаларда энг яхши бразилияликлар — Неймар ва Винисиус Жуниор билан бир қаторда.

«Порту»нинг энг сермаҳсул ҳимоячиси Маркано голлари сонини 29 тага етказди. Бундан ташқари, у 90+10-дақиқада гол уриш орқали, «аждарлар» тарихида энг кеч урилган ғалаба голи муаллифига айланди.

39 ёшу 214 кун — «Айнтраҳт» ҳимоячиси Ҳасебе шу ёшда. Япониялик футболчи Ули Штайннинг рекордини янгилади ва «бургутлар»нинг бундеслигада ўйнаган энг кекса ёшли футболчиси бўлиб олди.

«Лацио» ҳужумчиси Иммобиле «кучли бешлик» чемпионатларида урган голлари сонини 200 тага етказди. Бундан ташқари, форвард барча турнирлар ҳисобга олинганда, сафар ўйинларида роппа-роса 100 бор дарвозани ишғол этган.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар