«Манчестер Юнайтед» клуби жамоа ҳужумчиси Мэйсон Гринвуднинг клубдаги келажаги бўйича якуний баёнот билан чиқди.
«Манчестер Юнайтед» форварди Мэйсон Гринвуддан номусга тегиш ва зўравонлик бўйича айбловлар олиб ташланган бўлса-да, клуб ички тергов ўтказиб, уни таркибга қайтариш масаласида бир тўхтамга келганини эълон қилди.
Клуб расмий сайти ички текширувлардан кейин 21 ёшли футболчи жамоани тарк этиши ва фаолиятини «Олд Траффорд»дан ташқарида давом эттириши ҳозирги вазиятда икки томон учун ҳам тўғри қарор бўлишини маълум қилган.
«Клубда мавжуд далилларга асосланиб, биз интернетда эълон қилинган материаллар тўлиқ тасаввур бермаслиги ва Мэйсон дастлаб айбланган жиноятларни содир этмаган деган хулосага келдик. Шу билан бирга Мэйсон бугун омма олдида тан олганидек, у хатоларга йўл қўйган, бунинг учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Аммо бу жараёнда иштирокчиларнинг барчаси, жумладан Гринвуд ҳам унинг фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да давом эттириши қийинлигини билади. Шу сабабли буни «Олд Траффорд»дан ташқарида давом эттириш мақсадга мувофиқ деб келишдик», - дейилади «МЮ» баёнотида.
Аввалроқ, Эрик тен Ҳаг ва жамоа футболчилари Мэйсон Гринвудни таркибга қайтарилишига қарши эмаслиги ҳақида хабар қилинганди. Клуб эса жамоатчилик норозилигидан қўрқиб, англиялик ўйинчи билан хайрлашишга қарор қилди.