Суперлига 17-тури доирасидаги «Андижон» - «Олимпик» (2:1) ўйинидан кейин Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов стадионда футболчилар билан ғалабани нишонлаб, гол муаллифига айланган Рубин Ҳебайга исталган автомашинасини бориб танлашини, қолганларга эса «Iphone 14» смартфонлари совға қилинишини айтди.
«Футболчиларга нималарни ваъда қилган бўлсам, ҳаммасини бераман», - деди вилоят ҳокими трибунадаги мухлисларга қарата микрофон билан.
Сўнг майдонда жамоанинг албаниялик легионери Рубин Ҳебайни чақириб, унга эртага автосалонга бориб, исталган автомобилни танлаши мумкинлигини айтди.
«Эртага бориб машинани танласин. Сен машинани орзу қилганмидинг, эртага бориб ўзинг танла. Сен қайсини танласанг, гап бўлиши мумкинмас, берамиз. Қолганларга «Айфон 14», - дейди Шуҳрат Абдураҳмонов.
Маълумот учун, «Андижон» клуби ушбу ғалаба эвазига 24 очко билан 7-ўринда бормоқда.
Бир неча ой олдин клубга «UzAuto Motors» бош ҳомийга айлангани хабар қилинган, «Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Рўзиқулов «Андижон» жамоаси билан учрашганди.