Лукас Пакета «Вест Ҳэм»дан «Манчестер Сити»га ўтмайди.
Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, 25 ёшли яримҳимоячининг трансфери «махфий» сабабларга кўра барбод бўлиш арафасида турибди. Ҳозирда клублар ўртасида музокаралар олиб борилмаяпти.
Daily Mail хабарига кўра, музокараларнинг узилишига Англия футбол ассоциацияси (FA) томонидан Пакетага нисбатан олиб борилган тергов сабаб бўлган. Тафсилотлар айтилмаган, аммо «Вест Ҳэм» FA бразилиялик футболчига нисбатан қаттиқ санкция қўлламаслигига умид қилмоқда.
Geglobo'нинг ёзишича, яримҳимоячининг ўтган мавсумда «Астон Вилла» (1:1) билан баҳсда олган сариқ карточкаси шубҳага олинмоқда. Ўша ўйин арафасида Лукасга яқин инсонлар букмекерлик конторасида янги аккаунтлар очишган ва футболчининг карточка олишига пул тиккан бўлишлари мумкин.
Олдинроқ Пакета «Сити» билан 6 йиллик шартнома борасида келишиб олгани ва бош мураббий Пеп Гвардиола билан гаплашгани, у жароҳат олган Кевин де Брюйне ўрнига кўрилгани ҳақида хабар берилганди.
«Шаҳарликлар» Лукас учун 85+10 млн фунт таклиф қилишди, Лондон клуби эса бонусларсиз 110 млн фунт стерлинг сўради.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда «Брентфорд» ҳужумчиси Иван Тони ўзи иштирок этган ўйинларга пул тиккани учун 8 ойга дисквалификация қилинган ва 50 минг фунт жаримага тортилганди.