«ПСЖ» клуби дарвозабони Серхио Рико шифохонадан уйига жавоб берилди.
«Пари Сен-Жермен» голкипери Испаниядаги таътилда отдан йиқилгач, от унинг бошига зарба берган ва футболчининг бош суяги синиб, миясига қон қуйилганди. 29 ёшли испаниялик дарвозабон дастлаб 19 кун сунъий кома ҳолатида бўлиб, бир ойдан кўпроқ реанимацияда ётди. Серхио касалхонага ётқизилганидан кейин 20 килограммдан ортиқ вазн йўқотган.
Испанияда рўй берган воқеадан 82 кун ўтиб, Серхио бугун 18 август куни шифохонани тарк этди.
«Ҳозирда ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Энди уйда яна бир неча ой дам олишим ва тикланишим керак. Бу худди ёмон тушга ўхшайди. Оилам, рафиқам ва мени қўллаб-қувватлаган барчадан миннатдорман, уларнинг қўллаб-қувватлашларисиз бунинг иложи йўқ эди», - дейди Рико.
Аввалроқ, 29 ёшли испаниялик дарвозабоннинг футболчилик фаолиятини тиклаши имконсиз экани хабар қилинганди.