«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Кевин де Брюйненинг сафдан чиққанидан сўнг ўйинчиларнинг мавсум бошида кетма-кет жароҳат олаётгани сабабини айтди.
«Биласизми, «Барселона»даги фаолиятимда биринчи мавсум олди йиғинида Чемпионлар лигаси саралаш босқичи ўйинига тайёргарлик кўриш учун менда 25 кун вақт бўлганди. Бу мавсумда эса бунга 4-5 кун вақт бўлди, холос.
Мавсум стартидаёқ қанча ўйинчилар кетма-кет хочсимон пайларини шикастлаб, сафдан чиқаётганига эътибор қилинг. Бунга футболчиларнинг на жисмонан, на руҳан дам олаётгани сабаб бўлмоқда.
Катта клублар мавсум олди тайёргарлик жараёнини тижорий мақсадда Осиё ёки Америкада ўтказишни одат қилишди. Жамоалар футболчиларни у ердаги ёмон майдонларда оғир ўйинларни ўтказишга мажбурламоқда. Оқибатда уларнинг хочсимон пайлари мавсум стартидаёқ ёрилмоқда. Биз мураббийлар эса ҳозирда аввалги 25 кунлик тайёргарлик машғулотларида маҳрум этилганмиз», - дейди «Манчестер Сити» бош мураббийи.
Аввалроқ, Кевин де Брюйненинг тиззасидаги жароҳат сабабли камида 3-4 ойга сафдан чиққани маълум қилинганди. Шунингдек, Тибо Куртуа, Эдер Милитао, Юрриен Тимбер сингари ўйинчилар ҳам хочсимон пайлари ёрилгани сабабли 6 ойдан кўпроқ муддатга сафдан чиққани хабар қилинганди.