«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Европа Суперкубогида «Севилья» (1:1, пен — 5:4) устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Эдерсон бизни бир неча бор қутқарди. Англия Суперкубогида «Арсенал»га қарши пенальтилар сериясида мағлуб бўлгандик, бу сафар ғалаба қозондик. Коул Палмерга бундай финалда осон бўлмади, аммо у ажойиб тарзда уддалади.
Ан-Носири бирга-бир вазиятга чиқди, Окампос ҳам голга яқин келган даҳшатли лаҳзалар бўлди. Бироқ Эдерсон бизни қутқариб қолди. Иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларидан кейин пас ўйнай бошладик, ўйинни кўпроқ назорат қилдик. Баҳс охирига келиб гол урдик ва сўнгги дақиқаларда қайсидир жамоа гол урса, бу биз бўлишимиз мумкинлигини ҳис қилдик. Агар «Севилья» иккинчи голни урганида, ғалабага эриша олмаган бўлардик.
«Севилья»да ажойиб футболчилар, қойилмақом дарвозабон ва ҳимоя қанотларида халқаро даражадаги ўйинчилар бор. Оливер Торрес ҳужумчилар билан яхши боғламда, шунинг учун улар олдинда жуда хавфли.
Илгари жамоа тез-тез совринларни қўлга киритганида, баъзида мотивацияни ҳис қилардим. Аммо бугун бундай бўлмади. Янги мавсум бошида кубок қўлга киритганимиздан жуда хурсандмиз. Бизга яна битта соврин етишмаяпти — клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати», — деди «шаҳарликлар» устози УЕФА расмий сайтига.