Қаршининг «Насаф» клуби янги автобусга эга бўлди.
Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов жамоа қароргоҳида бўлиб, «Насаф» футболчилари билан учрашган ва янги автобус калитини бош мураббий Рўзиқул Бердиевга топширган.
«Насаф» футбол клуби қароргоҳига Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари, бош ҳомий «Шўртан газ-кимё мажмуаси» директори, клубимиз президенти Шуҳрат Асланов ва вилоят оқсоқоллари йиғилишди. Жамоа билан учрашув давомида Муроджон Азимов муҳим беллашувлардан олдин жамоамизга омад тилади ва Рўзиқул Бердиевга жамоа учун ҳозирлаб қўйилган замонавий автобуснинг калитини топширди», - дейилади клуб хабарида.
Қарши жамоасига Германиянинг «MAN» компаниясига тегишли замонавий автобус совға қилиниб, унда клуб рамзига айлантирилган ҳумо қўши тасвирланган.
Жамоанинг аввалги автобуси «Higer» компаниясига тегишли бўлиб, унда жамоанинг эски рамзи «аждар» тасвирланган эди.