15.08.2023 11:18
8181
«МЮ» мавсумни қийин ғалаба билан бошлади. Интернетда ҳакамнинг ўйин охиридаги қарори муҳокама қилинмоқда

Тен Ҳаг жамоаси ўйинига саволлар бор.

АПЛнинг 1-турини ёпиб берувчи ўйин «Вулверҳэмптон» меҳмон бўлиб келган «Олд Траффорд»да ўтказилди. Ўйин «Манчестер Юнайтед» учун осон кечмади.

Мезбонлар бош мураббийи Эрик тен Ҳаг бошланғич таркибга янги футболчилардан иккисини киритди. Андре Онана дарвозадан жой эгаллади, Мэйсон Маунт эса майдон марказида ҳаракат қилди. Учинчи янги футболчи — Расмус Ҳойлунд — ўйинни трибунада ўтириб кузатди. Даниялик ҳужумчи жароҳатидан даволанишда давом этмоқда, унинг «МЮ» сафидаги дебюти сентябр ойига мўлжалланган.

«Вулверҳэмптон» «Олд Траффорд»га янги бош мураббийи билан ташриф буюрди. АПЛ стартига тахминан бир ҳафта вақт қолганида клуб Хулен Лопетеги билан шартномани бекор қилганди. Мураббий раҳбариятнинг трансфер сиёсатидан норози бўлган, бу эса томонлар муносабатни тўхтатишига олиб келган. Испаниялик мутахассис клубда тўққиз ой ишлади, унинг ўрнини эса ўтган мавсум «Борнмут»ни лигада олиб қолган 40 ёшли Гари О’Нил эгаллади. У сўнгги олти йилликда «Вулвз» бошқарувига келган илк британиялик бўлмоқда.

Биринчи бўлим «Юнайтед» дарвозаси қаршисида юзага келган икки вазият билан ёдда қолди. 26-дақиқада Куня тўпни ўз жамоаси жарима майдони атрофида қўлга киритиб, аввалига Каземирони, кейин Мартинесни ортда қолдириб, тўпни рақиб жарима майдонигача олиб борди, аммо унинг узатмасини Пабло Сарабия голга айлантира олмади - унинг зарбаси дарвозанинг чап устуни ёнидан ўтиб кетди. Кўп ўтмай Сарабия жарима майдонига кириб борган Куняни тўп билан таъминлади, аммо бразилиялик ҳужумчининг зарбаси дарвозанинг ўнг устуни ёнидан ўтиб кетди. Меҳмонлар фақат бўлим охирларига бориб фаоллашишди. Бунгача меҳмонлар дарвозаси қаршисида хавфли вазиятлар кузатилмади. 35-дақиқада арбитр Саймон Ҳупер «Вулвз» ҳимоячиси, тўпни аутдан ўйинга киритишда ҳаяллаган Райан Айт-Нурига сариқ карточка кўрсатди. Янги тавсияларга оғишмай амал қилинмоқда — энди вақт чўзишга ҳаракатлар дарҳол жазоланади.

Танаффусда тен Ҳаг марказий ҳимоячи Лисандро Мартинесни алмаштирди, у сариқ карточка олишга улгурганди (унинг ўрнига Виктор Линделёф майдонга чиқди). Иккинчи бўлимнинг илк дақиқаларида меҳмонлар «МЮ»ни очиқчасига кечиришди. Матеус Куня жуда қулай вазиятда туриб тўпни бўш қолган бурчакка кирита олмади — тўп устунга бориб тегди.

Меҳмонлар уддалай олмаган ишни мезбонлар бажаришди. «Манчестер Юнайтед» бир неча дақиқа давомида рақибни ўз жарима майдони атрофида қамал қилди ва биринчи яхши ташкил этилган комбинациядаёқ рақиб дарвозасини ишғол этишди. Бу ҳужумни якунлашда ҳимоячилар ўзини кўрсатишди. Аарон Ван-Биссака жарима майдонига ёриб кириб, ортдан узатилган тўпни дарвозабон ҳудудига ошириб берди, у ерда эса Рафаэл Варан бош билан тўпни дарвоза тўрига жойлади.

Умуман олганда, «Вулверҳэмптон» ўйини жуда яхши таассурот қолдирди. О’Нил жамоаси дадиллик билан ҳаракат қилди, хавфли зарбалар йўллашди, тезкор қарши ҳужумлар амалга оширишди. Футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги жуда яхши ҳолатда. Ўйин охирида улар Андре Онанани яна икки бор синовдан ўтказишди, аммо «МЮ»нинг янги дарвозабони уялтирмади. Сўнгги сонияларда эса у қанотдан узатилган тўпга ета олмасдан, рақибнинг бош қисмига уриб юборди. Арбитрлар видеотакрорни кўриб чиқишди, аммо фол қайд этилмади ва бу меҳмонлар мураббийини қуюшқондан чиқарди. Афтидан, бу эпизод жиддий резонансга эга бўлади.

«Манчестер Юнайтед» биринчи бўлимда мавсумга ҳали яхши тайёр эмасдек кўринганди, аммо иккинчи бўлимда барибир ғалабани сақлаб қолди. Ҳатто ҳужумчи Маркус Рашфорд ўрнига таянч яримҳимоячиси Скотт Мактоминейни туширишга тўғри келди. Тен Ҳаг жамоаси кейинги турларда ўйинни кучайтириб бориши тайин, аммо тезлашиш учун вақт кўп эмас. Манкунианликларни 19 август куни АПЛнинг 2-турида «Тоттенҳэм» майдонида қийин ўйин кутмоқда.

АПЛ турнир жадвалида 1-турдан кейинги вазият:

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар