11.08.2023 21:27
2349
Теглар
«Арсенал» «Сити»ни тахтдан тушира оладими? АПЛда янги мавсум интригалари

11 август куни кечқурун дунёнинг энг яхши лигаси янги мавсуми старт олади: мухлисларни Англия премьер-лигасида нималар кутмоқда?

Амалдаги чемпион «Манчестер Сити» ва чемпионшип ғолиби сифатида юқори лигага қайтган «Бёрнли» тўқнашуви билан бошланадиган АПЛнинг янги мавсумида интригалар жуда кўп. Барча топ-клублар топ даражадаги трансферлар амалга оширди, қайсидир клублар косметик таъмирлар билан кифояланган бўлса, қаерлардадир — глобал қайта қуриш амалга оширилди. Бу мавсумда Англия жамоалари қандай кураш олиб боришини кузатиш қизиқарли бўлиши кафолатланган. Қуйида мухлисларни янги мавсумда нималар кутаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида.

Чемпионлик учун кимлар рақобатлашади? Кучли тўртликни қайси жамоалар ташкил этади?

Ўтган мавсум охирида чемпионликни бой бериб қўйган ва хатолардан хулоса чиқарган «Арсенал» футболчиларининг бу мавсумдаги иштиёқи ва ғалабага чанқоқлиги ўта юқори. Аччиқ тажриба тўплаган Микел Артета янги мавсумда ўз устози Пеп Гвардиоладан ўзиб кетиш учун яна бир уринишни амалга оширади.

«Арсенал» аъло даражадаги трансфер кампанияси олиб борди ва ҳар бир чизиқни мустаҳкамлади. Аарон Рамсдейлга ўтган мавсумда кўп кўрсаткичлар бўйича юқори натижалар қайд этган испаниялик Давид Райя рақобат қилади, ҳимояга универсал Юрриен Тимбер олиб келинди (у чапда ҳам, ўнгда ҳам ва ҳимоя марказида ҳам, таянч яримҳимоячиси сифатида ҳам ўйнаши мумкин), яримҳимояга эса - 116 миллион евролик Деклан Райс. Ва ниҳоят жамоа таркиби Кай Ҳаверц билан тўлдирилди: у марказий ҳужумчи позициясида ҳам, яримҳимояда ҳам ўйнаши мумкин.

«Арсенал» чемпионатни ютиш учун (жамоа катта эҳтимол билан ЕЧЛдан кўра ички чемпионат ўйинларини биринчи ўринга қўяди) максимал даражада чоғланган бир вақтда ўтган мавсум олтин требл қайд этган «Манчестер Сити» ва Гвардиола қўшимча мотивация топиши ва ўзи билан ўзи курашиши керак бўлади. Клуб рамзларига айланган Илкай Гундўған ҳамда Риёз Маҳрезнинг кетишига йўл қўйиб берган Пеп 2023/24 йиллар мавсумини навбатдаги кичик қайта қуриш учун қурбон қилишга тайёр эканини намойиш этди — бундай ҳолда эса ўқувчиси ундан ўзиб кетиши тайин. Бу ҳолат 2019/20 йиллар мавсумида ҳам кузатилганди: ўшанда Гвардиола аламзада «Ливерпул» ниҳоят ўз мақсадига етишига жиддий қаршилик қилмаганди.

Бу сафарги чемпионлик пойгасида ҳам «Манчестер Сити»нинг рақиби «Манчестер Сити»нинг ўзи бўлади. Жамоа ниҳоят орзиқиб кутилган Чемпионлар лигаси ғолиблигига етишгани жамоага таъсир қилмасдан қолмайди. Буни содда қилиб — байрамдан кейинги карахтлик ва бўшашиш деб аташ мумкин. Январ ойида «Тоттенҳэм»га қарши кечган ўйиндан кейин (ўшанда «шаҳарликлар» биринчи бўлимда икки гол ўтказиб юборган ва ўйинга фақат иккинчи бўлимда қайта олиб, 4:2 ҳисобида устунликка эришганди) кейинги матбуот анжуманида Пеп Гвардиола очиқчасига футболчиларидан нолиган ва уларни совринларга тўйиб қолиб, иштиёқни йўқотиб қўйишда айблаганди. Унинг ўша нутқи жамоани силкитган ва футболчилар мавсумнинг қолган қисмини намунали даражада ўтказишганди. Аммо треблдан кейин ҳам бундай оловни қандай ёқиш мумкин? Ва сўнгги мавсумларда космик ўйин кўрсатган Илкай Гундўғаннинг ўрнини қандай билинтирмаслик мумкин? Гвардиолани олдиндаги мавсумда жуда кўп иш кутмоқда.

Кучли тўртликни эса катта эҳтимол билан ўтган мавсумдаги каби «МЮ» ва «Нюкасл» тўлдиради. 

«МЮ»нинг вазияти бир йил ичида анча яхшиланди. Биринчидан, Криштиану Роналду кетди. Иккинчидан, Эрик тен Ҳаг ўтган мавсум давомида ўз жамоасини қурди ва барқарор натижа кўрсата бошлади. Учинчидан, Маунт, Ҳойлунд ва Онана — ажойиб харидлар. Қолаверса, Амрабат ҳам олиб келиниши кутилмоқда. Мавсумолди йиғинларини ҳам яхши ўтказган «қизил иблислар» (хусусан, «Арсенал» 2:0 ҳисобида мағлуб этилди), янги мавсумда  натижасини яхшилаши ва ҳатто чемпионлик учун курашиши мумкин.

«Нюкасл» ўтган мавсумда ЕЧЛга йўлланма олиши тасодиф эмасди: Эдди Ҳау ҳам тен Ҳаг каби тизимли футболни йўлга қўйиб, ўз жамоасини қурди. Жамоа саудияликлар қўлига ўтганидан кейин ақл бовар қилмас пуллар сарфланиши тахмин қилинганди, аммо «қарғалар» исрофгарчилик қилшмади — натижада Уилсон 18 гол урди. «Нюкасл» ёзда ажойиб трансферлар амалга оширди — Сандро Тонали, Тино Ливраменто ва Ҳарви Барнс каби футболчилар ўзини кўрсатиши аниқ.

Мунтазам равишда кучли тўртликка даъвогар бўлиб келган «Челси» бу сафар 12-ўринда қолиб кетмаслиги аниқ, аммо Маурисио Почеттино ёш йигитчалар билан бирданига топ-4га ёриб кириши даргумон. «Ливерпул» Юрген Клопп даврида ўсишдан тўхтаб қолди, қолаверса жамоани оғриқли авлодлар алмашинуви кутмоқда. «Тоттенҳэм» эса Ҳарри Кейнсиз фақат кучсизлашади.

Мавсум тўпурарлари бўлишга номзодлар

Ким энг яхши тўпурар бўлиши олдиндан аниқ, агар жароҳат олмаса, Ҳоланд ўтган мавсумдаги натижаларини янада яхшилаб, АПЛда бир мавсумда урилган голлар сони бўйича ўзи ўрнатган рекордни (36) ҳам янгилаши мумкин. 

Ҳоланд ортидан Кейн жойлашиши керак эди, аммо у «Бавария»га ўтиб кетмоқда. Шунинг учун, бу ўринни эгаллаш учун асосий номзод Нунес бўлиб қолди — уругвайлик ҳужумчи ўтган мавсумни жуда ёмон бошлаганди, аммо у аслида «Ливерпул» учун етарлича гол урди (АПЛда 29 ўйинда 9 гол урган, лекин ўртача ўйин вақти 58 дақиқа). Мавсумолди йиғинларида ҳам Дарвин яхши кўринди, Салоҳнинг «Ливерпул» ўйинига таъсири эса борган сари пасайиб бормоқда.

Маркус Рэшфордда ҳам кучли учликка кириш имконияти бор, аммо «МЮ» соф марказий ҳужумчи (Ҳойлунд) олиб келгани унинг имкониятларига таъсир қилади, энди у даниялик шеригига голли узатмалар бериш билан шуғулланиши ҳам мумкин.

«Арсенал»нинг ўтган мавсумдаги энг яхши тўпурари Габриэл Мартинелли (15 гол) натижасини яхшилашини кутиш мумкин. Мартинелли «Арсенал» чап қанотида намойиш этадиган ҳаддан ташқари фаоллик билан янги мавсумда 19-20 гол уришини тахмин қилса бўлади. 

Қайси мураббийлар биринчилардан бўлиб истеъфога чиқарилади?

Мавсум бошланмасидан «Вулверҳэмптон» Хулен Лопетегини ишдан бўшатиб бўлди. Мавсумнинг биринчи қисмида истеъфога чиқарилишга асосий номзодлар - одатга кўра дебютантлар - «Шеффилд Юнайтед» устози Пол Хеккинботтом ва «Лутон» мураббийи Роберт Эдвардс бўлиб турибди.

Шунингдек «Ноттингҳем Форест»нинг АПЛ стартидаги қийин графиги (дастлабки 7 турдаги рақиблар - «Арсенал», «МЮ», «Челси» ва «Сити») Стив Купернинг фаолиятини хавф остида қолдиради, у ўтган мавсум давомида ҳам икки бор истеъфо ёқасида қолган, фақат мўъжиза билан омон қолганди. «Ўрмончилар»нинг ўтган мавсумда жамоага киритган сармоялари ва уларнинг амбициялари турнир жадвалидаги ўринга мос эмасди. Энди эса жамоа раҳбарларининг сабр-косаси тўлиши мумкин.

«Кристал Пэлас» бу ёзда қатор муҳим футболчиларини йўқотгани ва йўқотаётганидан келиб чиқилса (Дукуре ва Олисега ҳам гранд клублар даъвогар), Рой Ҳожсоннинг келажаги ҳам туманли кўринмоқда. 76 ёшли мураббий АПЛ суръатларига дош бера олмаслиги мумкин.

Ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган Тодд Боули қисқа муваффақиятсизликлар фонида Маурисио Почеттинонинг жавобини бериб юбориши мумкинлигини ҳам истисно этиб бўлмайди.

Мавсум ёқимтойлари

Мураббийлар:

«Бёрнли»ни АПЛга қайтарган Венсан Компани устозига муносиб шогирд бўлиши мумкин — у Шон Дайч даврида эскича услубдаги ўйини билан ажралиб турган жамоани буткул замонавий услубда ўйната бошлади.

Роберто де Дзерби бошқарувидаги «Брайтон»дан навбатдаги сюрпризлар ва янада ўсиш кутса бўлади — айниқса «чайкалар» «Аякс»дан Муҳаммад Қуддусни трансфер қила олса. Эслаб ўтиш жоизки, айнан де Дзерби ўтган мавсум охирида Артета жамоасини «Эмирейтс»да 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик пойгасига расман нуқта қўйганди.

Чемпионат давомида Унаи Эмери ҳам ўзини кўрсатиши аниқ. У «Астон Вилла»да илк тўлақонли мавсумини ўтказади — ва Бирмингҳемдаги мухлислар ундан кўп нарса кутишмоқда. Жамоа ёзда яхши трансферлар амалга оширди («Байер»дан универсал ҳужумчи Мусса Диаби, «Вилярреал»дан марказий ҳимоячи Пау Торрес олиб келинди, қолаверса, чемпионшипга тушиб кетган «Лестер» етакчиларидан бири Юри Телеманс эркин агент сифатида келиб қўшилди). Эмери жамоа билан яна еврокубоклар йўлланмаси учун курашади (ўтган йилда — еттинчи ўрин билан Конференциялар лигасига йўл олинганди, ҳолбуки у мавсум ўртасида келганида жамоа қуйи поғоналарда кетаётганди).

Футболчилар:

«Бёрнли» дарвозабони Жеймс Траффорд июн ойида ёшлар ўртасидаги Еврода олти ўйинда бирорта гол ўтказиб юбормади ва Англия жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшди. Венсан Компани уни ўз жамоасига олгани бежиз эмас — «Бёрнли» бош мураббийи оёқда ўйновчи дарвозабонлар қандай фойдали эканини яхши билади ва катта эҳтимол билан уни жамоанинг асосий дарвозабони қилади.

«Брайтон»нинг 18 ёшли форварди Эван Фергюсон ҳам мавсум давомида эътиборга тушиши мумкин. АПЛни диққат билан кузатиб борувчи мухлислар ушбу ирландияликни яхши танишади, чунки у ўтган мавсумда нақ олти гол уришга эришган. Аммо Фергюсон бу мавсумда порлаб, уни барча яхши таниб қолиши мумкин.

Йошко Гвардиол ҳам ўз ўйини билан мухлислар эътирофига сазовор бўлиши кутилмоқда. Бундеслига фанатлари ўта аниқ узатмаларга эга бу замонавий ҳимоячини жуда яхши билишади, аммо Гвардиола бошқарувида у янги даражага чиқиши табиий.

Шунингдек, «Брайтон»да ўтган мавсум охирида кўзга ташлана бошлаган Хулио Энсисо, ушбу клуб сотиб олиши кутилаётган Муҳаммад Қуддус, «МЮ»нинг янги хариди Расмус Ҳойлунд, «Нюкасл»га келган Сандро Тонали ва Тино Ливраменто каби футболчилар ҳам мухлисларни ҳайрон қолдиришга қодир.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар