Бугун, 23 май куни Ўзбекистон ёшлар жамоаси Аргентинадаги U20 жаҳон чемпионатининг 2-турига старт берувчи учрашувида турнирни ғалаба билан бошлаган Янги Зеландияга қарши майдонга тушади.
ЖЧ-2023га ким қандай етиб келди?
Ўзбекистон U20 жамоаси март ойида мамлакатимизда ўтган Осиё кубоги-U20 турнири чоракфиналида Австралияни пенальтилар сериясида мағлубиятга (1:1, 5:4) учратиб, ЖЧ-2023 йўлланмасини қўлга киритди. Яримфиналда Жанубий Корея ҳам пенальтилар сериясида (3:1) тўхтатилган бўлса, финалда Умарали Раҳмоналиевнинг Ироқ дарвозасига пенальтидан йўллаган голи Равшан Ҳайдаров жамоасига Осиё чемпионлигини келтирди.
Янги Зеландия ёшлар жамоаси эса 2022 йилда ўтган Океания чемпионати финалида Фижи ёшларини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, қитъа чемпиони сифатида ЖЧ-2023га ташриф буюрди.
Ўйин олдидан
Равшан Ҳайдаров шогирдлари кичик мундиалнинг 1-турида мезбон Аргентинага аламли тарзда мағлубиятга (1:2) учрагач, бу баҳсда уларни фақат ғалаба қаноатлантиради. Очко йўқотилган тақдирда эса гуруҳдан чиқиш имкониятлари пасайиб кетиши мумкин.
Даррен Базелей мураббийлигидаги Янги Зеландия эса 1-турда Норман Гарбетнинг 80-дақиқадаги ягона голи эвазига Гватемалани мағлуб этиб, турнирни ғалаба билан бошлади. Бу ўйиндаги ғалаба эса океанияликларга плей-офф йўлланмасини тақдим этади.
Ўзаро ўйинлар
Ўзбекистон U20 жамоаси жаҳон чемпионатида Янги Зеландияга қарши илк ва сўнгги марта бундан 10 йил аввал – Туркиядаги мундиалга ўзаро рўбарў келган. Аҳмаджон Мусаев мураббийлигидаги жамоа ЖЧ-2013 дастлабки турида Янги Зеландия устидан йирик 3:0 ҳисобида зафар қучган. Аббосбек Махсталиев, Игорь Сергеев ва Диёржон Туроповнинг голлари вакилларимизга гуруҳ босқичидаги ягона ғалабани келтирган.
Таркиблар баҳоси
Transfermarkt порталига кўра, Ўзбекистон ёшлар жамоаси умумий таркиби баҳосига кўра, Янги Зеландия U20 жамоасидан пастроқ ўринда. ЖЧ-2023нинг 24 жамоаси орасида Янги Зеландия умумий 2,5 миллион евро нарх билан 18-ўринда қайд этилган бўлса, Ўзбекистон 2,15 миллион евро нарх билан 20-ўриндан жой олган.
Энг қимматбаҳо ўйинчилари борасида эса Ўзбекистон таркибидаги футболчилар нархи баландроқ.
Ўзбекистон U20 жамоасининг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:
1. Умарали Раҳмоналиев – 350 минг евро
2. Аббосбек Файзуллаев – 300 минг евро
3. Абдуқодир Ҳусанов – 300 минг евро
Янги Зеландия U20 жамоасининг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:
1. Финн Сурман – 200 минг евро
2. Лукас Келли-Хилд – 200 минг евро
3. Киан Донкерс – 200 минг евро.
Янги Зеландия мураббийи Ўзбекистон ҳақида қандай фикрда?
Янги Зеландия U20 жамоаси бош мураббийи Даррен Базелей ўйин олдидан фикрларини билдириб ўтди.
«Осиё чемпионлари кучли рақиб саналади. Улар турнирдаги иштирокини давом эттириш учун ғалаба ҳақида ўйлайди. Рақиб бизга тўп назоратини бермасликка ҳаракат қилади. Бўлажак ўйинда ғалаба қозониш ва турнирдаги иштирокимизни яхши кайфиятда давом эттиришга интиламиз. Жамоам ўйинга тайёр», - дейди океанияликлар мураббийи.
Анонс. ЖЧ-2023 U20. 2-тур
23 май (сешанба)
Ўзбекистон U20 – Янги Зеландия U20
Сантьяго дель Эстеро, «Estadio Único Madre de Ciudades» стадиони.
Ўйин бошланиш вақти: 23:00
ТВ-трансляция: UzReport TV.