23.05.2023 16:59
2997
ЎФА «Қўқон-1912» бош мураббийининг сўзлари бўйича текширув бошлади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси «Динамо» — «Қўқон-1912» (3:3) ўйинидан кейин матбуот анжуманида меҳмон жамоа мураббийи Муҳсин Низомиддиновнинг сўзлари бўйича ҳолат ўрганилаётганини расман маълум қилди.

Қўқонликлар бош мураббийи ўйиндан кейин «Динамо» мавсум давомида ҳакамлар ёрдамида ғалаба қозониб келаётгани ҳақида гапирган ва «Динамо» мухлислари маданиятни Қўқонга бориб ўрганиши кераклиги ҳақида айтганди. Самарқанд клуби эса мураббийнинг сўзларини жиддий айблов ва туҳмат дея, ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши лозимлиги ҳақида баёнот берганди.

«Ўзбекистон Про лигасининг 9-туридан ўрин олган «Динамо» — «Қўқон-1912» учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида меҳмон жамоа бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов «Динамо» футбол клуби ва у иштирокидаги учрашувлар юзасидан фикр билдирган. Ушбу баёнот ижтимоий тармоқларда тарқалди ва жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси «Қўқон-1912» бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов томонидан қилинган баёнотнинг қанчалик асосли эканлигини ўрганмоқда ва бу борада текширув бошланган», - дейилади ташкилот хабарида.

Аввалроқ, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази томонидан «Динамо» — «Қўқон-1912» (3:3) учрашувида қўқонликлар томонидан 70 ва 90-дақиқада киритилган голлар ўйиндан ташқари ҳолатдан киритилган бўлса-да, қанот ҳаками Бектурсин Канназаров бу вазиятда офсайд қайд этмай, голни инобатга олгани, натижада, ушбу арбитрга нисбатан ўйин учун белгиланган маошнинг 75 фоизи миқдорида жарима ҳамда Суперлига ва Про Лиганинг 3та учрашувидан четлатиш жазолари қўлланилгани маълум қилинганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар