21.05.2023 13:14
3630
Теглар
«Қўқон-1912» бош мураббийи «Динамо»ни ҳакамларни сотиб олишда айблади, самарқандлик мухлисларни маданиятсизликда танқид қилди

Про лига 9-тури доирасидаги «Динамо» - «Қўқон-1912» (3:3) учрашувидан кейин қўқонликлар бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов ҳакамлар мавсум давомида Самарқанд клубига ёрдам бериб келаётгани ҳақида кескин гапириб, бу аҳволда ўзбек футболи ривожланмаслигини айтди. 

«Мухлислар ҳам гувоҳ бўлди, ўйин дуранг натижа билан якунланди. 500-600 километр масофа босиб келган жамоамиз мухлислари учун ачинарли бўлди. Самарқанд жамоаси ҳакамлар билан ишлаб, ўйинларда голларни бекор қилиб, пенальтини бермай ютяпти. Бугун ютуқ учун келгандик ва ютдик ҳам деб ҳисоблайман. Голимиз бекор қилингани ва пенальти берилмаганидан хафа бўлдим. Улар бежизга 2-ўринда боришаётгани йўқ. «Динамо» Про лигада ҳар битта жамоани мана шунақа ҳакамлик билан ютяпти. Ҳакамлар иши кўриб чиқилсин. Тегишли ташкилотлар бор. Мана голларимизни кўриб чиқдим, бирортасида ўйин қоидаси ҳам бузилмаган, айбимиз ҳам йўқ. Буни кўриб чиқишларини сўрайман. 

Андишани отини қўрқоққа чиқаришаяпти. Бунақада ўзбек футболи қачон ривожланади? Суперлигага даъвогар иккита жамоа учрашаяпти, аммо бунақа ҳакамлик билан кучли жамоа ютолмайди. Йигитларимиз ўйинидан эса фахрланаман. 

Самарқанд менда яхши таассурот қолдирмади. Мухлисларида ҳам маданият йўқ. Улар Қўқонга бориб ўрганишсин, меҳмон жамоа футболчилари билан қўқонликлар қандай муносабат қилишларини. Бизда ютса ҳам, ютқазса ҳам қарсак чалиб кузатишади. 

- Асосий айбловингиз шу ўйин бўйичами ёки «Динамо»ни аввалги ўйинларда ҳам шу каби ҳолатлар сабаб пешқадамлар сафида бораяпти, деб айтаяпсизми?
- Мен «Динамо»нинг аввалги ўйинларини ҳам кўриб, таҳлил қилдим. Ҳаммаси «Динамо»ни ютиши мумкин эди. Масалан, «Хоразм» ёки «Юниред» билан ўйинларда «Динамо» ғалабага ҳақли эмасди. Мутахассис сифатида айтаман, бу ўйин менда шубҳа туғдирди. Демак, барчаси ҳакамлар орқали бўлмоқда. Яъни, «Динамо» рақиблари биз бугун тушган куйга тушяпти. Лекин Аллоҳ бор, ҳаммасини кўриб турибди. 

- Айбловингиз «Қўқон-1912» жамоасининг инобатга олинмаган 3-голими ёки бошқа эътирозлар ҳам борми? Иложи бўлса, санаб ўтсангиз?

- Ҳисоб 3:2 бўлган пайтда 11 метрлик жарима зарбасини беришмади. Ўйинда тоза голимизни инобатга олишмади, ўша 3-голни дастлабки марта киритган вазиятимизда. Офсайд деб топишди. Қаердан олишди буни? Қани ВАР бормиди? Бош ҳакам голни инобатга олиб марказга югуряпти, қанот ҳаками гол деб марказга югуряпти, кейин эса туриб яна бекор қилишди. Нима учун? ВАР бўлмаса, қаердан билишди гол эмаслигини? Мана ман ҳозир видеони қўйиб бераман, Кўрасизлар, бутун Ўзбекистон кўрсин голимиз қандай бекор бўлганини. Шунча қилган меҳнатимиз йўққа чиқди», - дейди «Қўқон-1912» бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов Самарқанддаги ўйиндан кейин.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар