05.05.2023 22:43
6198
Шавкат Мирзиёев ФИФА президенти билан учрашди

ФИФА президенти Жанни Инфантино Марказий Осиёдаги сафари доирасида бугун, 5 май куни Ўзбекистонга келди.

Ташрифнинг биринчи кунида Халқаро футбол федерацияси раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган. Унда мамлакатимизда футболни оммалаштириш ва йирик тадбирларни биргаликда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

«Нуфузли глобал спорт ташкилоти раҳбари мамлакатимизда футболни ривожлантириш, унга ёшлар ва қизларни кенг жалб қилиш, истеъдодларни тарбиялаш, оммабоп ва замонавий инфратузилмани яратиш, малакали мураббийлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади», - дейилади президент матбуот хизмати хабарида. 

Жанни Инфантино Ўзбекистон етакчисини ёшлар жамоасининг яқинда Осиё кубогида ғалаба қозонгани билан самимий табриклаб, бу – соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар самарадорлигининг навбатдаги тасдиғи эканини таъкидлаган.

Учрашувда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ФИФА ўртасидаги яқин ва сермаҳсул ҳамкорлик юксак даражада экани, унинг доирасида бугунги кунда мамлакатимизда замонавий футбол кластерини ташкил этиш чоралари кўрилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган.

«Ўзбекистонда жаҳон миқёсидаги спорт тадбирлари ва биринчиликларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, миллий жамоани тайёрлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва Ассоциациямиз салоҳиятини оширишга техник кўмакни кенгайтириш ҳамда иқтидорли футболчиларни селекция қилиш тизимини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди», - дейилади хабарда.

Маълумот учун, ФИФА президенти бунгача Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистонда бўлиб, қўшни мамлакат раҳбарлари билан ҳам учрашув ўтказган эди.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар