25.03.2023 23:03
9907
Теглар
Ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2023 қуръаси 31 март куни ўтказилиши сўроқ остида. Индонезиядаги турнир 20 май куни бошланмаслиги мумкин

Ўзбекистон мезбонлигидаги Осиё кубоги U20 якунига кўра, ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2023нинг барча 24 иштирокчи жамоаси аниқ бўлиб улгурганди.

ФИФА режасига кўра, Индонезия мезбонлигидаги турнирга 31 март куни Бали ороллари маркази Денпасар шаҳрида қуръа ташланиши белгиланганди. Аммо маросимга бир ҳафтадан камроқ вақт қолган бўлса-да, ФИФА қуръа жараёни ҳақида расмий ахборот бермаяпти.

«Футболиум» каналининг ёзишича, 20 ёшли футболчилар ўртасидаги ЖЧ-2023 қуръаси 31 март куни ўтказилмаслиги ҳақида хабарлар тарқалган. Қайд этилишича, Индонезия футбол федерацияси турнир ўтадиган шаҳарларнинг дастлабки рўйхатида ўзгартириш киритишни сўраган, энди ФИФА буни қайтадан тасдиқлаши лозим. 

Индонезиялик журналистларнинг ёзишича, Бали провинцияси губернатори сиёсий сабаблар туфайли Исроил ёшлар жамоасининг бу оролда тўп суришини истамаяпти. Маҳаллий аҳоли ҳам бу масалада бир неча марта оммавий намойишлар ўтказган. Бу эса мезбонлик борасида вазиятни чигаллаштирмоқда.

Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаевнинг ёзишича, 31 март куни ўтиши лозим бўлган ЖЧ-2023 қуръа маросимининг бошқа санага кўчирилиши, энг камида ушбу мусобақанинг 20 май кунига белгиланган стартини яна ортга суриши мумкин. 

«Мусобақа нафақат белгиланган муддатда ўтказилмаслиги, балки Индонезия мезбонлигида ҳам ўтмаслиги мумкин», - дея ёзилади Никимбаевнинг телеграм каналида.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2023 баҳслари режага биноан 20 майдан 11 июнга қадар ўтказлиши белгиланган.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар