Ўзбекистон мезбонлигида ўтган Осиё Кубоги U-20 мусобақаси якунига етди.
Финалда мезбонлар Ироқ ёшларига қарши майдонга тушиб, худди гуруҳ босқичида бўлгани каби 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Иккинчи бўлимда Аббос Файзуллаев ишлаган пенальтини Умарали Раҳмоналиев голга айлантирди.
Беллашув давомида Асад Жўрабоев, Аббос Файзуллаев ва Нодирбек Абдураззоқовда ҳам гол уриш учун имкониятлар юзага келди. Меҳмонларнинг бирга-бир вазиятида эса Отабек Боймуродов супер сэйви билан жамоаси жонига ора кирди.
Шу тариқа Ўзбекистон турли ёшлар тоифасида 3-бор, бош мураббий Равшан Ҳайдаров эса 2-марта чемпионликни қўлга киритди. Бунгача U-17 ва U-23 миллий жамоалари ҳам Осиёда тенгсиз деб топилганди.
Муҳими — ушбу қитъа чемпионатидаги муваффақиятли иштирок эвазига U-20 жамоаси 2 ойдан сўнг Индонезияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги мундиалга йўлланма олди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган фотосуратларни томоша қилишингиз мумкин.
Аъзамжон Иззатиллаев олган суратлар