«Машъал» - «Динамо» (1:3) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб Вадим Абрамов қатнашиб, саволларга жавоб қайтарди.
- Биринчи навбатда мавсумнинг очилиш ўйини билан барчани, мухлисларни табриклайман. Илк тур доим қийин ўтган. Чемпионат бошланиши 2-3та ўйин оғир бўлади. Кейинчалик мослашиб кетилади. Натижамиз яхши, лекин ўйинимиз борасида камчиликларимиз бор. «Машъал» яхши жамоа, улар билан қишки ўқув-машғулот йиғинлари доирасида икки маротаба учрашган эдик. Ўйинга бўлган режаси борлиги маълум эди. Бизни қарши ҳужумда ушлашганди. Бугун ҳам шундай бўлиб чиқди. Футболчиларга раҳмат айтаман, қандай ўйнаш керак бўлса, шундай ҳаракат қилишди.
- Жамоадаги легионерларнинг ҳаракатидан қониқдингизми?
- Легионерлар яхши ўйнашди. Ўзларини кўрсата олишди. Бироқ 3:0 вақтида футболчилар бироз нотўғри ўйнашди. Бу хавотир оладиган жиҳат. Биринчи бўлимда ҳам вазиятлар бўлди, шошилдик. «Машъал» билан ҳаммага қийин кечиши аниқ. Натижадан мамнунман.
- «Динамо» 2-бўлим бошидаги 8 дақиқа ичида 3та гол уриб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Танаффусдан кейин ҳужумкор ўйнаш ўйин режаси эдими?
- Йўқ, вазиятларни ўйин давомида ҳам яратдик. Аммо ўша 8 дақиқа ичида йигитлар яратилган вазиятлар ва имкониятни қўлдан чиқаришмади.
- Жамоа олдига қандай мақсад қўйилган?
- Энди биринчи ўйин якунланди. Бу ҳақда гапиришга эрта, деб ўйлайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади, камроқ гапириб, кўпроқ ишлашимиз керак.