Ўзбекистон ёшлар жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров U20 Осиё Кубоги яримфинали доирасида Жанубий Кореяга (0:0, пен — 3:1) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ҳаммани финалга чиққанимиз билан табриклайман. Бугун бир-бирига мос жамоалар шиддатли ўйин кўрсатишди. Баҳсда кучлар тенг келгани билан бизда кўпроқ вазиятлар бўлди. Пенальтилар сериясидаги ғалаба мантиқан тўғри бўлди. Матонат кўрсатган жамоам билан фахрланаман ва уларга раҳмат айтаман.
Захирадан тушганлар киришиб кетиши қийин бўлди, аммо шу йигитлар сабаб вазиятлар яратдик. Улар ўйинни кучайтира олишди ва барчаларида вазиятлар бўлди. Асад Жўрабоевни сариқ карточка олгани учун алмаштирдим, у ҳам мослашаётганди.
Пўлатхўжа Холдорхонов ва Беҳруз Асқаровнинг жароҳатлари борасида ҳозир бир нима дея олмайман. Шифокорларимиз текширишади. Агар жароҳатлари халақит қилмаса, ўйнашади. Бўлмаса, бошқа ўйинчилар майдонга тушади.
Кўп вазиятлар яратяпмиз, яхши ўйин ташкил этяпмиз, аммо якуний паллаларда совуққонлик етишмаяпти. Ҳа, бу борада ишлашимиз керак.
Атмосфера? Дастлабки ўйинларда босим ҳис қилдик, кейинчалик йигитларга бу ёқа бошлади. Бундан завқланишимиз ва куч олишимиз керак. Шу билан бирга ўйинга танланган тактикадан ҳам чалғимаслик зарур.
Финалгача кўп куч йўқотдик, аммо шунга яраша тайёргарлик кўрганмиз. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийларимизга ҳам раҳмат. Австралия ва Жанубий Кореядан ҳам бу борада қолишмадик.
Эмоциялар енгиб қўйиши мумкин, аммо кийиниш хонасидаёқ байрамни тўхтатдик. Ҳозирдан кейинги ўйинга тикланиш бошланди», — дея Ҳайдаровнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.