«Ювентус» яримҳимоячиси Поль Погба жароҳат сабабли яна сафдан чиқди.
Туринликлар бош мураббийи Массимилиано Аллегрининг маълум қилишича, франциялик ўйинчи машғулотлар пайтида жароҳат олган.
«Сампдория»га қарши ўйин олдидан эрталабки машғулотларда Погба жарима зарбаларини машқ қилаётганида оёқ мушакларида оғриқ ҳис қилди. Уни тиббий текширувлар кутмоқда. Аммо ҳозирдан айтиш мумкинки, у Европа лигаси жавоб ўйини доирасидаги «Фрайбург»га қарши ўйин ва якшанба кунги «Интер» билан баҳсда майдонга туша олмайди. Погбани энди ФИФА кунларидан кейин кўрамиз», - дейди Аллегри.
Погба пайшанба кунги «Фрайбург»га қарши Европа лигаси 1/8 финал 1-баҳсини йиғинга кечиккани сабабли ўтказиб юборган бўлса, жароҳати боис «Сампдория» (4:2) билан якшанба кунги баҳс қайдномасига киритилмади.
Эслатиб ўтамиз, Поль Турин клубига қайтгач, жиддий жароҳат олиб жарроҳлик амалиётини ўтказди ва 28 февраль куни сафга қайтган эди. У жорий мавсум клуби сафида бор йўғи 2 ўйинда майдонга тушган.