09.03.2023 17:10
5559
Ришарлисон: «Бу мавсум – мен учун расво бўлди. Конте захирага ўтқизиб қўйди, буни тушуниш қийин»

«Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ришарлисон жамоаси Чемпионлар лигаси 1/8 финалида турнирдаги иштирокини тўхтатгач, жамоадаги ўрнидан қониқмаётганини очиқ ойдин билдирди.

1/8 финал жавоб баҳсида «Тоттенҳэм» «Милан» тўсиғидан (0:0, 0:1) ўта олмай, турнирни тарк этди. Ришарлисон Лондондаги ўйиннинг 70-дақиқасида захирадан майдонга туширилди.

«Нега захирада қолаётганимни тушунмайман. Менда ҳаммаси яхши кетаётганди, «Вест Ҳэм» ва «Челси»ни мағлуб этдик. Тўсатдан у мени захирада қолдирди ва «Вулверҳэмптон»га қарши баҳсда бор йўғи 5 дақиқага майдонга туширди. Ундан «Нега бундай бўляпти?», деб сўрадим. У эса жим, жавоб беришни ҳам хоҳламади.

Ўйиндан бир кун аввал у тайёргарлигимни билиш учун залда тест топширишимни сўради. Ўйин олдидан эса яна захирада қолдирди. Очиғи, бундай қарорларни тушуниш жуда қийин. Кўрамиз, у эртага яна нима деркин, аммо бу ерда ахмоқлар йўқ. Мен – профессионалман. Ҳар кун ишлашда давом этаяпман ва майдонга тушишни истайман.

Қўполлик учун маъзур тутинг, бу мавсум – мен учун расво бўлди. Чунки ўйнамаяпман. Майдонга тушсам, жонимни беришга ҳам тайёрман. Аввалги икки ўйинни яхши ўтказиб, бугун асосий таркибда тушишга ҳақли эдим», - дейди Ришарлисон TNT Sports Brazil билан суҳбатда.

Маълумот учун, бразилиялик 25 ёшли ҳужумчи жорий мавсум жами 25 ўйинда 2та гол ва 2та ассистга муаллифлик қилган.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар