25.02.2023 15:29
12195
«Андижон» қарзи бўла туриб, Анталияда йиғин ўтказди, футболчиларига уй совға қилди» — Диёр Имомхўжаев водий клубининг муаммолари ҳақида

ПФЛ бугун, 25 феврал куни ОАВ билан очиқ мулоқот ташкил этди. Унда ташкилот директори Диёр Имомхўжаев «Андижон»нинг муаммолари ва клуб янги мавсум учун футболчиларини рўйхатдан ўтказа олмагани ҳақида гапирди.

«Андижон» клубида берилган ваъдалар ваъдалигича қолиб кетмоқда. 2 йил давомида жамоага эгалик қилган Журъат Қувватов эски қарзларни тўлаб келди. Агар аввалги қарзлар бўлмаганида, стадион майсаси ва прожекторлари яхшиланарди. 

Клуб 2022 йил 16 ноябр куни қарзларини тўлашга, стадион майсасини тўғрилашга ваъда берган. Ваъдалар бажарилмагач, тақиқлар қўйдик. Шундан кейин маҳаллий мухлислар «Диёр— Андижон душмани» деб ёзишди, телефоним дўқ-пўписаларга тўлиб кетди. Мухлислар ортида кимлар турганини ҳам яхши биламан.

Клуб Про Лигадан Суперлигага чиққач, футболчиларига уй берди, мухлисларига Tracker берди. Мана, пул бор экан-у, нега қарзлар тўланмаяпти? 

Клуб шунча муаммолари билан қишда Анталияда машғулот ўтказди ва, билишимча, у ерда ҳам қарз бўлиб қолибди. «Андижон»нинг бюджети 36 млрд сўмни ташкил қилади ва бунинг 6 миллиардини легионерларга бермоқчи. Қарздор клуб легионерларга шунча пул тўламоқчи. Таққослаш учун, Про лигадаги «Андижон-SGS» жамоасининг бюджети 4,5 млрд сўмни ташкил қилади. Улар ҳукуматдан пул олмайди. Бу жамоада 17-18 ёшли маҳаллий йигитлар ўйнайди. Вилоятга, мухлисларга қай биридан фойда?

Ҳозир клуб қарзларининг катта қисмини тўлади, яна 180 млн сўм қолган. Ҳал бўлиши билан футболчиларини рўйхатдан ўтказамиз», — дейди Имомхўжаев.

Маълумот учун, ПФЛ расмий сайтида Суперлига клубларидан фақат «Андижон»нинг қайдномаси эълон қилинмади.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар