«Насаф» жамоаси билан хайрлашиб, Россиянинг «Алания» клубига ўтган Ҳусайн Норчаев клуб расмий сайти орқали мухлисларга мурожаат қилди
«Фаолиятимда янги саҳифа очишга яқин турибман. Аммо қаерда бўлсам ҳам «Насаф» ҳар доим юрагимда бўлади. «Насаф»га мухлислик қилиб, ўйинларини кузатиб боришга ҳаракат қиламан.
Ҳозирги даражамга чиқишга ёрдам берган клуб мураббийлари, раҳбарият, ходимлар ва мен билан ака-ука бўлган жамоанинг барча аъзолари ҳамда Рўзиқул Бердиевга катта раҳмат айтаман. Мени қароримни қўллаб-қувватлаган клуб бош директори Алишер Юсуповга, клуб президенти Шуҳрат Чориевичга миннатдорчилик билдираман.
Мени доим қўллаб-қувватлаб келган жамоамизнинг барча мухлисларига ҳам раҳмат дейман. «Насаф» ҳар доим юрагимда бўлади», - дейди Ҳусайн Норчаев.
Transfermarkt портали маълумотига кўра, «Алания» ўзбекистонлик ҳужумчининг трансфери учун «Насаф» ҳисоб рақамига 470 минг евро ўтказади.
Маълумот учун, Ҳусайн Норчаев «Насаф» футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2019 йилдан буён бош жамоа таркибида эди. Норчаев «Насаф» таркибида Суперлиганинг бир марта кумуш ва бир марта бронза медалларини, икки бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган. 2021 йилда ОФК кубогида тўпурарга айланганди.
Қайд этиш жоиз, Владикавказ клуби Россия 1-дивизионида 20 ўйиндан кейин 38 очко жамғариб, 2-ўринда бормоқда. Ўз вақтида ушбу жамоа сафида Миржалол Қосимов ва Марат Бикмаев тўп сурган.