14.02.2023 20:53
14870
Туркиядаги йиғинда россиялик ва украиналик футболчилар ўзаро муштлашди 

Икки мамлакат футболчилари бир меҳмонхонага жойлаштирилган. 

Туркиянинг Royal Seginus меҳмонхонасида Россиянинг «Шинник» жамоаси футболчилари Украинанинг «Минай» клуби футболчилари билан муштлашди. 

Россия телеграм каналларининг ёзишича, украиналик спортчилар россиялик футболчилар билан бир меҳмонхонада ўқув-машғулот йиғинида яшашини билиб, ўзини тажовузкор тутиб, атайлаб жанжал қўзғатган. 

Дастлаб, Baza канали 13 феврал куни кечқурун украиналиклар «Шинник» клуби бошлиғидан Украина мадҳиясини куйлашни талаб қилгани, шундан сўнг, у кўчага чиқиб «орани очиқ қилишни» таклиф этгани ҳақида ёзди. Каналнинг маълум қилишича, меҳмонхона вакиллари орага тушиб, жанжалнинг олдини олган. 

Кейинроқ Baza воқеа бошқача бўлганини, украиналиклар руслардан нега Россия режимига қарши норозиликка чиқмаганлигини сўраганидан кейин жанжал юз берганини ёзди. Шундан сўнг ҳар иккала томон лифтда муштлашиб кетган. Вазиятга полиция аралашиб, можарони тўхтатган. 

Украина манбалари воқеалар бошқача ривож олганини ёзди. «Зеркало Недели» газетасининг ёзишича, россиялик футболчи маст ҳолда меҳмонхона ходимларига қўпол муносабатда бўлган, украиналиклар унга танбеҳ берганидан кейин жанжал бошланиб кетган. 

Россиянинг Mash телеграм канали муштлашувда тўрт нафар россиялик спортчи жароҳатлангани ҳақида хабар берди. «Коммерсант»нинг аниқлик киритишича, футболчилар шифокор кўригидан ўтган. Улардан бирининг лаби кесилган, бошқасининг бармоғи синган, яна бирининг қовурғаси сингани гумон қилинмоқда. Украиналик спортчиларнинг жароҳат олгани ҳақида маълумотлар йўқ. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жанжал такрорланмаслиги учун меҳмонхонада навбатчилик қилган. «ТАСС» хабарига кўра, футболчилар полицияга ариза ёзмасликка қарор қилишган. Яқин келажакда жамоалар турли меҳмонхоналарга жойлаштирилади. 

«РИА Новости» хабарига кўра, «Шинник» клуби меҳмонхона маъмуриятидан ўз футболчиларини украиналик футболчилар билан бирга жойлаштирмасликни олдиндан сўраган, бироқ 6 феврал куни содир бўлган зилзила туфайли Туркияда меҳмонхоналарда жой етарли эмаслиги айтилган. 

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар