Про лига янги мавсуми старт олишига ҳам қарийб бир ой вақт қолди. 2023 йил турнирда иштирок этадиган 11 иштирокчи жамоа ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда янги мавсумга ҳозирлик кўришда давом этмоқда. Tribuna.uz жамоаларнинг қаерда йиғин ўтказаётганига қизиқди.
«Локомотив»
11 йиллик танаффусдан кейин яна Про лигага тушган «Локомотив» жамоаси 2023 йил Суперлигага чиқиш учун асосий даъвогар эканини тайёргарлик жараёни билан ҳам кўрсатмоқда. Денис Коростиченко ва Мирко Йеличич мураббийлигидаги «темирйўлчилар» январь ойидан буён Туркиянинг Анталия шаҳрида ҳозирлик кўриб, ўз сафини Олег Зотеев, Иван Соловьев, Марат Бикмаев сингари тажрибали ўйинчилар билан кучайтирди. Тошкент клуби ҳозирдан Суперлигага чиқишга асосий даъвогар сифатида гавдаланмоқда.
«Қўқон-1912»
Қўқонликлар Суперлигадан қуйи лигага равона бўлгач, клуб раҳбариятида ўзгаришлар юз берди. Мураббийлар штаби олдига эса жамоани яна элитага қайтариш имконияти берилди. Аммо жамоа сафини бир қатор етакчи ўйинчилар тарк этганини ҳам унутмаслик лозим. Уларнинг ўрнига таклиф этилган футболчилар билан жамоа Суперлигага чиқишга уриниб кўради. Таркибга Бобур Акбаров, Ислом Исоқжонов, Муҳаммад Исаев сингари тажрибали ўйинчилар чақирилган.
Даврон Файзиев шогирдлари Фарғона вилояти ҳокими кубоги баҳсларида ғолибликни қўлга киритди. 8 февралдан клуб Тошкентда йиғин бошлайди. Унда бир қатор тажрибали футболчилар таклиф этилиши режалаштирилган. Яна бир янгилик – тез орада жамоага янги ҳомий бириктирилиши кутилмоқда.
«Динамо»
Суперлигадан яна Про лигага тушган Самарқанд жамоасини Вадим Абрамовнинг ўзи элитага қайтаришга қарор қилган. Тажрибали мураббий қўл остида кўҳна шаҳарликлар Тошкентда тайёргарлик олиб бормоқда. Жамоа Эркин Бойдуллаев ва Элгужа Григалашвилини ўз сафида олиб қолгани таркиб борасида қилинган асосий ишдек кўринмоқда.
Шунингдек, Францис Нарх, Салим Мустафоев ва Баҳодир Насимовнинг таклиф этилиши клубни Суперлигага қайтариш йўлида ёрдам бериши мумкин. Шунга қарамай, «Динамо» Суперлигани мақсад қилаётган экан, мавсум бошлангунига қадар ўз сафини кучайтириши талаб этилади.
«Хоразм»
Янги мавсумда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖдан ҳам молиявий ёрдам олиши кутилаётган «Хоразм» клуби ниҳоят Суперлига йўлланмаси учун курашга қўшилиши мумкин. Ўтган мавсумлар давомида Про лигада бешликдан жой олган Урганч клуби учун янги мавсум регламенти ҳам қўл келади. Сабаби 2023 йилдан 1-2-ўрин эгалари тўғридан-тўғри Суперлигага йўлланма олса, 3-4-5-ўрин соҳиблари ўзаро ўйинлардан кейин Суперлигада 12-ўринни олган жамоага қарши ўтиш баҳсида қатнашади. Яъни, Про лигада 5-ўринни олган жамоа ҳам элитага чиқиш имкониятига эга. Шундай экан, ҳозирда Тошкентда йиғин ўтказаётган Руслан Аҳмедов мураббийлигидаги «Хоразм» ўз олдига Суперлигага чиқиш мақсадини қўйган бўлса ажабмас.
«Машъал»
Ўтган мавсумда Суперлига йўлланмаси учун курашдан эрта чиққан «Машъал» бу вазифани 2023 йилда уддалашга уриниб кўриши аниқ. Муборак клуби янги мавсумга Тошкентда тайёргарлик кўрмоқда. Клуб ўтган мавсум 13 нафар футболчиси билан хайрлашди, бу йил эса қайси ўйинчилар жалб этилгани ҳақида ҳозирча расмий хабар берилмаган.
«Шўртан»
Ўтган йиллар давомида Ғузор клуби бош мураббийи сифатида ишлаб келган Асрор Алиқулов Навоийнинг «Қизилқум» жамоасида иш бошлагач, «Шўртан» бош мураббийлигига ёшлар футболидаги етакчи мутахассис Алексей Евстафеев таклиф этилди. Ғузорликлар ўз сафларини Зафар Полвонов, Шокир Йўлдошев, Темур Усмонов сингари ҳужумкор ўйинчилар билан кучайтиришди. Евстафеев мураббийлигидаги «Шўртан» Про лигага мақсадсиз тўп сурмаслиги аниқ.
«Ғиждувон»
Ғиждувонликлар 2022 йилги мавсум якунларига кўра, Про лигадаги ўринларини сақлаб қолишди. Янги мавсум олдидан эса жамоа ҳақида маълумот топиш қийин бўлди.
«Орол»
Ўтган мавсум якунларига кўра, «Орол шамоли» қуйи лигага равона бўлди, Биринчи лигадан эса «Орол» жамоаси Про лигага йўл олди. Нукус клуби 2023 йилги янги мавсум тайёргарлигини Тошкентда ўтказмоқда. Жамоа сафига «Нефтчи»дан тажрибали яримҳимоячи Саламат Қутибоев келиб қўшилган. Клуб мавсум стартига қадар ўз сафига яна янги футболчиларни таклиф этишни режалаштирган.
«Юниред»
Самарқанд шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи ушбу клуб январь ойидан буён Про лига баҳсларига тайёргарликка зўр берган. Тўлиқ номланиши «United Red Bridge» бўлган ушбу жамоа хусусий клуб саналади. Лазиз Раҳматов ва словакиялик инвесторлар раҳбарлигидаги жамоанинг асосий мақсади маҳаллий ёшлардан иборат курашувчан ва рақобатбардош клуб яратиш. Алишер Латипов мураббийлиги қўл остидаги клуб янги мавсумни «Динамо» стадионида ўтказади. Жамоа сафига турли клублардан ўйинчилар синовдан ўтказилиши давом этмоқда. «Юниред» тайёргарлик жараёнини Самарқандда ўтказмоқда.
«Андижон-SGS»
Биринчи лигадан Про лигага чиқарилган «Андижон-SGS» клуби ҳам янги мавсумда янги мақсадларни қўйган. Ушбу жамоа Про лига клублари орасида тайёргарликни Туркияда ўтказадиган иккинчи клуб бўлди. Андижонликлар 10-24 февраль кунлари икки ҳафта давомида Анталияда тайёргарлик босқичини ўтказади.
«Навбаҳор-Фарм»
Наманганнинг иккинчи жамоаси Биринчи лига ғолиби сифатида Про лигага йўлланма олган бўлса-да, регламентга биноан 2023 йилда турнирда иштирок этиши кафолатланмаган эди. Аммо Наманган вилояти ҳокимлиги «Навбаҳор-Фарм»ни барча талабга жавоб бериши ва «Навбаҳор»нинг уй стадиони «Марказий» ўйингоҳида тўп суриши бўйича кафолат берган. Рашид Ғофуров мураббийлигидаги жамоа Про лига баҳсларига ҳозирлик кўрмоқда.
Усмон Ибодов