06.02.2023 15:45
4662
«Зилзиладан уйғониб кетдим, аммо меҳмонхонада ҳамма ҳам сезгани йўқ». Ўзбекистоннинг 16 жамоаси Туркияда, ЎФА ва «Насаф» зарар етмаганини маълум қилди

Бугун, 6 февраль куни Туркия жанубида маҳаллий вақт билан тонгги соат 04:17да содир бўлган 7,4 магнитудали зилзила оқибатида мамлакатнинг Диёрбакир, Малатя, Қаҳрамонмараш, Хатай, Килис ва бошқа провинцияларига жиддий зарар етиб, одамлар ҳалок бўлган.

Ўзбекистоннинг аксарият клублари ва ёшлар жамоалари февраль ойида Туркияда мавсум олди ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиши анъана тусига айланган. Ҳозирда ҳам Суперлиганинг 13 клуби, Про лиганинг битта жамоаси ва Ўзбекистон ёшлар жамоалари Ўртаер денгизи бўйидаги Анталия шаҳрида янги футбол мавсуми олдидан тайёргарлик жараёнини олиб бормоқда.

Tribuna.uz Туркиядаги тонгги нохуш хабарлардан кейин Анталия шаҳрида бўлиб турган аксарият жамоа вакиллари, футболчи ҳамда мураббийлар билан боғланди. Уларнинг аксарияти зилзиладан уйғониб кетган, баъзилар эса буни сезмаган.

«Зилзиладан уйғониб кетдим. Анталияда ҳам яхшигина сезилди. Аммо ҳамма ҳам буни сезгани йўқ. Эрталабки нонушта пайтида кимдир сезгани, кимдир эса умуман сезмаганини айтди. Меҳмонхона ходимлари 4 балли зилзила бўлганини, аммо Туркиянинг аксарият шаҳарларида жуда қаттиқ силкиниш бўлганини айтишди. Худога шукур, бизда талофатсиз бўлди, одатдагидек эрталабки машғулотларда қатнашдик, режаларимиз ўзгаргани йўқ», - дейди Tribuna.uz билан суҳбатда футболчилардан бири.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси айни пайтда Туркияда йиғин ўтказаётган турли ёшдаги терма жамоаларимиз билан доимий мулоқотда бўлиб тургани ва зилзила оқибатида вакилларимизга зарар етмаганлигини расман маълум қилди.

Шунингдек, Суперлига клублари орасида Қаршининг «Насаф» жамоаси ҳам ҳеч кимга зарар етмаганини билдирган.

«Туркиянинг бир қатор шаҳарларида кучли зилзила содир бўлди. Зилзиланинг кучи севимли жамоамиз истиқомат қилаётган Анталия шаҳрида ҳам сезилди. Шукурки, ҳеч кимга, ҳеч қандай зарар етгани йўқ. Жамоамиз одатдагидек машғулотларни давом эттиради», - дейилади «Насаф» клуби баёнотида.

Қайд этиш жоиз, айни дамда мамлакатимизнинг «Пахтакор», «Навбаҳор», «Насаф», ОКМК, «Қизилқум», «Сўғдиёна», «Олимпик», «Нефтчи», «Бунёдкор», «Сурхон», «Андижон», «Бухоро», «Турон» ва «Локомотив» жамоалари Туркияда янги мавсумга тараддуд кўрмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар жамоалари ҳам Анталия майдонларида йиғин ташкил этган.

Туркия маҳаллий вақти билан соат 13:00гача мамлакатда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 912 нафарга етган, 5385 киши эса турли даражада жароҳат олган. Ҳозирда қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 6 февраль куни эрта тонгда Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида юз берган кучли зилзила оқибатида 1000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Туркия маҳаллий вақти билан соат 13:00гача мамлакатда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 912 нафарга етган, 5385 киши эса турли даражада жароҳат олган. Сурия ҳукумати камида 230 киши ҳалок бўлганини ва 600 дан ортиқ одам жароҳатланганини қайд этган, дея хабар беради Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 

Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатия ваколатхоналари ходимларининг маълум қилишича, Анқарадаги элчихона ва Истанбулдаги Бош консулхона Туркия ҳукумати, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида ташкил этилган тезкор штаб билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар