«Челси»нинг трансферларига бирданига баҳо бериш қийин, чунки у ерда деярли янги жамоа йиғилмоқда. Қайси футболчининг қай тариқа таъсир кўрсатишини таҳлил қилиш имконсиз. Табиийки, жуда сифатли, ёш ва келажаги порлоқ истеъдодлар йиғилмоқда. Шартномаларнинг 7-8 йилга имзоланаётгани трансфер харажатларини келажак йилларга сочиб юбориш имконини беради. Ҳар мавсум футболчилар учун рақобатга киришиш ўрнига, бирданига йиғиб қўя қолди. Кейинги мавсумларда эса таркибдан четда қолаётган футболчилар аста секин сотилиб, даромад қилаверади.
Поттер учун асосий муаммо шунда. У «Брайтон»да жуда яхши иш олиб борган, малакасига шубҳа йўқ. Аммо топ-клубдаги илк мавсумидаёқ айнан топ-клубларга хос бўлган асосий қийинчиликка дуч келади. Майдонга тушмаётгани туфайли норози юлдузлар ҳаддан ташқари кўп бўлади, бундай ҳолатда ҳар бири билан алоқани ушлаб, муҳитни сақлаб қолиш энг қийини.
Энцо 120 миллионга арзийдими?
Миллий жамоалар ўртасидаги турнирлар бироз алдамчи таассурот қолдиради. Баъзи ҳолатларда бирор жамоанинг кўрсатган натижаси унинг таркибида йиғилган футболчиларнинг савиясидан бироз фарқ қилиши мумкин. Миллий жамоада қисқа муддатда ажойиб муҳит шаклланиши, бу муҳит эса ўз навбатида ҳар бир футболчининг ўз даражасидан юқорига сакрашига туртки бериши ҳам эҳтимол. Ҳақиқий топ-футболчи нафақат мос муҳит, тактик шартлар асосида, балким, ҳар қандай ёмон ҳолатда, ёмон мураббий қўл остида ҳам маълум савиядан тушмаслиги билан ажралиб туради.
Мисоллар кўп, Хамес Родригес ЖЧ-2014 да кўрсатган даражасига бутун фаолияти давомида ҳеч қачон қайтиб чиқа олмади. Аввалги турнирларда Давид Вилья, Диего Форлан, Фабио Гроссони эсланг... Агар бундай факторлар бўлмаганда, Марокаш таркиби шу ойдаёқ топ-клублар ўртасида талаш бўлар, «Реал» Тчуаменининг Каземирога ўринбосар бўлишини кутиб юрмасдан, Амрабат билан шартнома имзолар эди. ЖЧ-2022 анча ёрқин кечган бўлса-да, турнир юлдузлари борасида топ-клублар анча сокинликни сақлаб турганининг сабаби шу – кўриш керак яна.
Аргентина сўнгги мундиалда айнан шундай эмоционал чўққига чиқдики, таркибдаги ҳар бир футболчи ўз даражасидан юқорига сакради. Энцо ҳам улардан бири, ёш, келажаги порлоқ, универсал, табиийки, «Челси»ни кучайтиради, шубҳа йўқ. Аммо унинг Европадаги тажрибаси атиги ярим мавсумни ташкил қилади – унинг янги шартларда, топ-клубда, Поттер қўл остида, унга тўланган рекорд суммани оқлайдиган самарани бера оладими? Катта савол.
Айтингчи, агар Алварес бир йил «Манчестер Сити»да ўйнамаган бўлганида, шу мундиалдан кейин, у ҳам юз миллионлик нарх билан топ-клублар ўртасида талаш бўлмасмиди? Билмадим, лекин камида «Челси» ўйлаб кўрарди, назаримда...
Fair Play нима дейди?
Албатта, «Челси»нинг бугунги сарфлари қайсидир жиҳатларда салбий таъсир ҳам пайдо қилиш эҳтимоли йўқ эмас, аммо умуман олганда, мантиқ бор, айтайлик, молиявий fair play билан муаммолар чиқмаса керак.
Биринчидан, эътибор берсангиз, Мудрик ҳам, Энцо ва бошқалар ҳам ёш футболчилар. Улар учун катта суммалар тўлангани билан шахсий шартномалар катта бўлмайди. «Шахтёр» ёки «Бенфика» даражасидаги маошлардан сал ошириб, келишилган бўлади. Айтайлик, Обамеянг, Стерлинг ёки Каземиро трансферларидан айнан молиявий томондан самарали юришлар бўлди. Бундан ташқари, мабодо ўйин чиқмаган тақдирда ҳам, тўланган пулнинг яхшигина қисмига қайта сотиб юбориш мумкин – олинган футболчилар истеъдодли, барибир харидор чиқади. Риск кам.
Иккинчидан, футболчи сотиб олинаётганда унга тўланган трансфер суммаси маошига қўшилиб, шартнома муддатига тақсимланади. Масалан, Энцога 120 миллион тўланиб, йилига 5 миллиондан маош келишилган бўлса, шартнома 9 йиллик – ҳар йилига 120/9+5=18.3 миллионга тушади холос. «Челси» футболчилар билан узоқ йиллик шартномалар тузганининг сабаби шу. Энцо ё Мудрик учун бирданига катта сумма тўланган бўлса-да, маълум йиллар учун кескин таъсири йўқ.
Учинчидан, сотишдан тушган трансферлар аксинча, бирданига, ўша йил учун тўлиқ ҳисобланади. Демак, агар «Челси» ҳар йили 30-40 миллионлик сотиш қилиб турса, ҳозирги трансферлар бемалол қопланиб кетади.
Клубда яхши одат бор: 30 ёшдан футболчига бир йилдан ортиқ муддатга шартнома берилмайди. Бу эса жамоа таркибини анча енгиллаштириб беради.
«Челси» таркибини қарасак, ортиқча бўлиб қолган, аммо сотилса, яхши пул бўладиган активлар кўп. Пулишич, Зиёш, Стерлинг, Галлаҳер, Чиллуэл ва ҳоказо. Канте кабилар эса шартнома муддати оз, чиқариб юбориш қийин эмас. Яъни, ушбу футболчилар анча ликвид актив ҳисобланиб, Бэйл, Азар ёки Икарди каби муаммо бўлмайди. Агар таркибда катта маошдаги шартномага ўтириб олган, ёки ёши ўтиб сотилиши қийин футболчилар бўлганида, балласт йиғилиб қолган бўларди.
Айтмоқчиманки, «Челси»ни кузатиш янада қизиқ – бу йигитлар билан қандай жамоа тузилиши энг муҳим савол. Молиявий томондан эса юқорида айтганимдек, «Челси» бу борада энг самарали лойиҳа бўлиб келган доим. Америкаликлар камида шу томонини яхши эплашига ишоним комил.
Қаҳрамон Асланов