«Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов жамоаси билан А Серия доирасидаги сафардаги ўйинга бормайди.
Romanews хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳужумчи «Специя»га ўтаётгани сабабли бош мураббий Жозе Моуриньо томонидан «Наполи»га қарши Неаполдаги ўйин қайдномасига киритилмайди. Шомуродов сафардаги ўйинга бормай, унинг янги клубга ўтиш масаласи тезлаштирилади.
Аввалроқ, Шомуродов «Специя»га ярим йилга ижарага берилиши маълум қилинганди. Инсайдер ди Марциога кўра, бунинг учун Рим клубига 1,5 миллион евро тўланади.
Маълумот учун, «Специя» А Серияда 15-поғонада бормоқда ва лигада энг кам гол урган жамоалардан биридир. Шомуродов бу мавсум А Серияда 6та ўйинда майдонга тушиб, гол ура олмади.
Эслатиб ўтамиз, А Серия доирасидаги «Наполи» - «Рома» ўйини якшанба оқшомида соат 00:45да бошланади.