Қишки трансфер ойнасида «Рома»ни тарк этиши кутилаётган Элдор Шомуродов А Серияда қолишни истамоқда.
Инсайдер Жанлука Ди Марционинг ёзишича, ўзбекистонлик 27 ёшли ҳужумчи ҳозиргача хориж клубларидан тушган 3та клуб таклифини рад этган. Бу жамоалар номи маълум қилинмаган. Ди Марциога кўра, Элдорни «Специя», «Кремонезе» ва «Торино» ўз сафига қўшиб олишни истамоқда.
Footballnews24 хабарига кўра, «Рома» Франциянинг «Лилль» клубидан тушган таклифни кўриб чиқмоқчи бўлган, аммо Шомуродов Италия чемпионатида қолиш қарорини билдирган.
Аввалроқ, Ди Марцио Германиянинг «Байер» ва Испаниянинг «Вальядолид» клуби Шомуродовга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берган эди.
Яна бир инсайдер Никола Скиранинг ёзишича эса, «Рома» раҳбарияти Шомуродов бўйича ўз позициясини ўзгатирмаган: клуб ижарага бериш вариантини кўриб чиқмайди ва футболчининг трансфери учун 13 миллион евро сўрамоқда. Ижара таклифи билан чиққан Италиянинг бир қатор клублари таклифи рад этилмоқда. Шунга қарамай, Элдор Моуриньонинг режаларидан ўрин олмаган.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси жорий мавсум Рим клуби сафида жами 9 ўйинда майдонга тушиб, Италия кубоги ва Европа лигасида ўз ҳисобига 2та гол ёзиб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродовга қизиқаётган клублардан бири «Кремонезе»да Давиде Баллардини бош мураббий этиб тайинлади. Элдор ушбу мутахассис қўл остида «Женоа»да муваффақиятли тўп сурганди.