Украиналик вингер Михайло Мудрик «Челси»даги дебют ўйинидаёқ Англия Премьер-лигасида тезлик борасида мавсум рекордини янгилади.
Opta Sports статистик портали хабарига кўра, Мудрик «Челси»нинг «Ливерпул»га қарши ўйинида захирадан майдонга тушиб, қарши ҳужумда нафақат ўйиндаги, балки мавсумдаги энг юқори – 36,63 километр/соат тезликда югурган. Бу АПЛ 2022/23 йилги мавсум рекорди сифатида қайд этилди.
Бунгача рекорд «Эвертон» яримҳимоячиси Энтони Гордонга тегишли бўлиб, у жорий мавсум 36,61 км/с тезликни қайд этганди.
АПЛ жорий мавсумида қайд этилган энг юқори тезликлар:
1) Михаил Мудрик – 36,63 км/с;
2) Энтони Гордон - 36,61 км/с;
3) Дарвин Нуньес - 36,53 км/с;
4) Эрлинг Ҳоланд - 36,22 км/с;
5) Денис Закариё - 36,09 км/с.
Маълумот учун, Мудрик «Ливерпул»га қарши ўйиннинг (0:0) 55-дақиқасида Луис Ҳолл ўрнига майдонга тушган эди. У «Шахтёр»дан 100 миллион еврога трансфер қилинган.