15.01.2023 15:17
2714
Теглар
«Бухоро» стадиони бузилмайдиган бўлди. Президент туристик марказ қуришни тўхтатишга топшириқ берган

«Бухоро» клубининг уй стадиони бузилмайдиган бўлди. 

«Шавкат Мирзиёев жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлган Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилган туристик марказ қуришни тўхтатишга шахсан топшириқ берган. 

Шунингдек, «Бухоро» клубига тегишли бўлган стадион бузилмаслиги айтилмоқда. Ушбу туризм маркази бошқа ҳудудда қурилиши мумкин», - дейилади PressUzb хабарида.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов томонидан 2022 йилнинг 30 декабрь куни тасдиқланган «Бухоро вилоятида амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида» ўтказилган йиғилиш баёнига кўра, Бухоро шаҳридаги «Бухоро» стадиони мажмуаси ва унга туташ ҳудудлар ўрнига «Бухоро туризм маркази»ни барпо этиш учун 32,6 гектар ер ажратиш ва ҳудудда жойлашган ташкилот ва муассаларни бошқа жойга кўчириш белгилангани, сайёҳлик марказини «Enter Engineering» компанияси жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига қуриши кўрсатилгани ҳақида хабар қилинган эди. 

Қайд этиш жоиз, «Бухоро» стадиони 2002 йилда очилган бўлиб, 22 700 томошабин сиғимига эга. Ўйингоҳ сиғими бўйича Ўзбекистонда «Бунёдкор» ва «Пахтакор» стадионидан кейин 3-ўринда туради. Аренада 2019 йилдан 2022 йилга қадар таъмирлаш ишлари олиб борилиб, маҳаллий бюджет ва ҳомий ташкилотлар ҳисобидан катта маблағ сарфланган эди. Хусусан, ўйингоҳ майдонини талаб даражасига келтириш учун агроном фирмалар сўнгги 3 йилда 3 марта майдон чимини янгилашги тўғри келган эди. 

Ниҳоят, 2022 йил ёзида стадион ПФЛ ва ОФК стандартларига тўлиқ жавоб бергач, «Насаф» ва «Навбаҳор» ўртасида кечган (2:1) Ўзбекистон кубоги финали стадионда юқори даражада ўтказилган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Бухоро» клуби 2022 йилги мавсумнинг иккинчи қисмини уй аренасида ўтказиб, Суперлига-2023 йўлланмасини қўлга киритган эди. 

Маълумот учун, «Enter Engineering» компанияси таъсисчиларидан бири Бахтиёр Фозилов саналади. Ушбу компания Самарқанддаги «Silk Road Samarkand» туристик марказини ҳам барпо этганди. Бир қатор йирик компаниялар эгаси саналмиш самарқандлик тадбиркор яқинда Термизнинг «Сурхон» клубини сотиб олган эди.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар