Уч йиллик танаффусдан сўнг Про лигадан Суперлигага қайтган «Бухоро» клубининг уй стадиони бузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири 2022 йилнинг 30 декабрь куни тасдиқланган «Бухоро вилоятида амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида» ўтказилган йиғилиш баёнига кўра, Бухоро шаҳридаги «Бухоро» спорт мажмуаси ва унга туташ ҳудудлар ўрнига «Бухоро туризм маркази»ни барпо этиш учун 32,6 гектар ер ажратиш ва ҳудудда жойлашган ташкилот ва муассаларни бошқа жойга кўчириш белгиланган. Сайёҳлик марказини «Enter Engineering» компанияси жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига қуриши кўрсатилган. Ушбу компания Самарқанддаги «Silk Road Samarkand» туристик марказини ҳам барпо этганди.
Қайд этиш жоиз, «Бухоро» стадиони 2002 йилда очилган бўлиб, 22 700 томошабин сиғимига эга. Ўйингоҳ сиғими бўйича Ўзбекистонда «Бунёдкор» ва «Пахтакор» стадионидан кейин 3-ўринда туради. Аренада 2019 йилдан 2022 йилга қадар таъмирлаш ишлари олиб борилиб, маҳаллий бюджет ва ҳомий ташкилотлар ҳисобидан катта маблағ сарфланган эди. Хусусан, ўйингоҳ майдонини талаб даражасига келтириш учун агроном фирмалар сўнгги 3 йилда 3 марта майдон чимини янгилашги тўғри келган эди.
Ниҳоят, 2022 йил ёзида стадион ПФЛ ва ОФК стандартларига тўлиқ жавоб бергач, «Насаф» ва «Навбаҳор» ўртасида кечган (2:1) Ўзбекистон кубоги финали стадионда юқори даражада ўтказилган эди.
Эслатиб ўтамиз, «Бухоро» клуби 2022 йилги мавсумнинг иккинчи қисмини уй аренасида ўтказиб, Суперлига-2023 йўлланмасини қўлга киритган эди.
Маълумот учун, «Enter Engineering» компанияси таъсисчиларидан бири Бахтиёр Фозилов саналади. Бир қатор йирик компаниялар эгаси саналмиш самарқандлик тадбиркор яқинда Термизнинг «Сурхон» клубини сотиб олган эди.