13.01.2023 19:44
2841
Теглар
“Ҳамма шароит туристларга, ўзимизнинг халқ-чи?” — бухороликлар марказий стадионни бузмасликни сўрамоқда

Бухоро шаҳри маркази, хусусан марказий стадион бузилиб, ўрнига сайёҳлик мажмуаси қурилиши, бу масалада аҳоли билан ҳеч қанақа маслаҳатлашув ўтказилмагани бухороликларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бир гуруҳ фуқаролар бу борада президентга мурожаат билан чиқди.

Мурожаатчилардан бирининг айтишича, бу стадионга ҳар куни спортчилар, 1200 нафар бола ва 50га яқин мураббий келиб шуғулланади.

“Бундан ташқари, миллий гвардия, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати ходимлари – ҳаммаси машғулотларни шу ерда ўтказади, ўзларининг жисмоний ҳолатини шу ерда тиклайди. Бу ерда “Бухоро” футбол жамоаси ўз ўйинларини ўтказади. Биз “Бухоро” жамоаси Суперлигага чиққанида қувонган эдик.

Вилоят ҳокими Хоразмдаги ўйиндан кейин қўллаб-қувватлашни ваъда берган. Бу ҳолатга қандай қарайлик, яна сарсон бўлайликми, бошқа шаҳарларга борамизми? Жамоа тарқаб кетади-ку.

Майли, туристларга жой керак, биламиз, туристик шаҳар ҳам керак, аммо “Арк”дан бошлаб то “Лаби Ҳовуз”гача туристик шаҳарча бор-ку”, дейди у.

Бундан ташқари, у ҳудудда Мотамсаро она ҳайкали жойлашгани, яшил макон доирасида 1500та қимматбаҳо дарахт экилганига урғу берган.

“Булар нима бўлади? Ҳамма нарсани йиқитмоқчимисизлар?

Шунча мураббий чемпионларни тайёрлаяпти, қанча паралампиячилар, чемпионлар бор. Бизни спортдан маҳрум қилмоқчимисиз? Ҳамма шароит туристларга, ўзимизнинг халқ-чи, ёшлар-чи? Шунча ёшларимиз, чемпионларимиз қараб ўтирибди”, – дейди бухороликлардан бири.

Яна бир мураббий стадион 80 йиллик тарихга эгалиги, халқ саломатлигини туристик марказ эмас, стадион сақлашини айтади.

Таъкидлаш лозим, “Бухоро” спорт мажмуасининг катта маблағ сарфлаб таъмирдан чиқарилганига кўп вақт бўлмаган.

Аввалроқ, Олий Мажлис депутати Умида Раҳмонова ҳам спорт мажмуаси бузилишига қарши чиққан эди. “Ҳаммага қадрдон бўлган жойда саёҳатчи ва айрим ажнабийлар учун шаҳарча қуришмоқчи. Маҳаллий аҳоли-чи? Афсуски, шаҳарда аҳолини соғломлаштириш ва югуриш йўлакчалари ҳали етарли эмас”, деганди у.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳри маркази бузилиб, ўрнига туризм маркази қурилиши ҳақида Kun.uz ўз манбаларига таяниб 12 январ куни хабар берган эди.

Бу борадаги режалар ҳукумат раиси ўтказган мажлис баёни билан тасдиқланган. Унга кўра, ёпиқ қарорлар асосида тендерсиз танланган “Enter Engineering” компанияси Бухоро марказий стадионинг ўрнига туризм марказини қуради.

Танланган ҳудудда жойлашган, давлат ва хусусий мулкдорларга тегишли 29 бино-иншоот бошқа ҳудудга кўчирилади. Кўчириладиган объектлар рўйхатида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, МИБ ва кадастр бинолари, марказий стадион, тиббиёт институти, 2-сонли мактаб ҳам бор.

Туризм маркази қурилиши билан параллел равишда ҳукумат Бухоро вилояти учун янги маъмурий марказ ҳам қурмоқчи. Бу марказ минг гектардан иборат бўлиб, Бухоро шаҳридаги “Гулчорбоғ” ва “Отбозор” МФЙлар ҳудудида жойлашади. Биринчи босқичда 100 гектар майдонда янги маъмурий марказ, хизмат кўрсатиш объектлари, кўп қаватли тураржойлар, кўнгилочар масканлар ва сайилгоҳлар барпо этилади.

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар