«Эвертон» клуби раҳбарияти жамоа бош мураббийи Фрэнк Лэмпардни истеъфога чиқаришга яқин.
Goal хабарига кўра, «Эвертон» АПЛ сўнгги турида мухлислари қаршисида «Брайтон»дан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраб, турнир жадвалида хавфли ҳудудга тушгач, клуб раҳбарияти англиялик мутахассисни истеъфога чиқариш борасида қарор чиқарган. Мерсисайдликлар янги бош мураббий масаласида аниқ қарорга келгач, АПЛ навбатдаги тури олдидан бу борада расман эълон қилиши кутилмоқда.
Фрэнк Лэмпард ўрнини эгаллашга асосий номзод сифатида жамоа собиқ футболчиси Уэйн Руни кўрилмоқда. АҚШнинг «ДС Юнайтед» клуби бош мураббийи сифатида ишлаётган англиялик собиқ футболчи АПЛда мустақил иш бошлашга тайёрлигини маълум қилган. Клуб раҳбарияти Лэмпардни тайинлаш олдидан ҳам Руни номзодини кўриб чиққан, якунда Фрэнкни таклиф этганди.
Аввалроқ, «Эвертон» бош мураббийлигига Рунидан ташқари, Шон Дайч, Роберто Мартинес, Марсело Бьелса сингари мутахассислар номзоди ҳам борлиги хабар қилинганди. Дэвид Мойес «Вест Ҳэм»ни тарк этса, клуб бу мураббий номзодини ҳам кўриб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, ливерпулликлар Фрэнк Лэмпард қўл остида ўтган мавсум АПЛда зўрға ўрнини сақлаб қолганди. Бу мавсумда эса жамоа 18 ўйинда атиги 3та ғалаба, 6 дуранг ва 9 мағлубият билан турнир жадвалида 18-ўринда бормоқда. Клуб охирги 5 ўйиндан 4тасида мағлубиятга учраган.
Маълумот учун, «Эвертон» бугун, 6 январь куни Англия кубоги доирасидаги «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда ҳам 44 ёшли мураббий бошқарувида майдонга тушади. «Олд Траффорд»даги ўйин соат 01:00да бошланади.