Аргентина чемпион бўлганига 36 йил бўлди. Ҳеч ким «шу Аргентина ҳам узоқ вақтдан бери ютолмаяпти мундиални, ана энди, ютишмаса, уят бўпкетади» демайди. Доим фаворит, тўғри, лекин масалан Риода финал мўлжалланган Бразилия каби босим йўқ. Шу сафар ютмаса бўлмайди, деган қатъий фикр бўлмаган ҳеч.
Португалия ҳам шу. Ҳеч қачон чемпион бўлмаган ҳатто. Зўр авлодлар чиққан, нимадир кутилган, кимгадир ёққан, узоққа боради, деб тахминлар қилинган, аммо Германия бўлмаган ҳеч қачон. Тўғрими?
Криштиану ва Месси учун катта эҳтимол, бу сафар охирги мундиал экани қайсидир маънода шу муносабатни ўзгартириб юборгандек, назаримда. Ҳар икки афсона фаолиятига чинакам катта нуқта қўйиш учун жаҳон чемпиони бўлиши керакдек. Сезяпсизми, ҳаддан ташқари кўп гапирилмоқда - Роналду нимадир қилиши керак, Месси эндиям чемпион бўлмаса, бўлмайди.
Ўн беш йиллик ажойиб фаолият натижасида, умуман бўлмаса-да, айни паллада, тарихнинг бугунги нуқтасида Месси Аргентинадан, Роналду Португалиядан каттароқ бўлиб турибди, ишонаверинг. Ушбу мамлакат фуқаролари эмас, четдан, нейтрал мухлислар нуқтаи назарида шундай энг камида.
Бу эса, шубҳасиз, жамоага таъсир қилади. Бу таъсир ижобий ҳам бўлиши мумкин - Месси ё Роналду атрофидаги футболчилар ўзи учун яхши мотивация топиши, етакчи атрофида жипслашиши, ниҳоят Месси ё Роналдуга чемпион бўлишда кўмаклашган беш авлоддан бири сифатида тарихни қолишни исташи мумкин. Ёки аксинча. Маълум паллада салбий факторга айланиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас - Саудия Арабистони Мессини юта олмади, Роналду Гана билан нима қиларкин, рекордлар нима бўлади, қайси бири узоққа боради, ахир Лаутаро Мартинес ким-у, Бернардо Силва қани, Бруночи, эсингиздами шундай футболчилар борлиги? Бу ҳолат қайсидир маънода футболчилардан фойдали босимни олиб ташламайдими? Жуда нозик нуқта-ки, мураббий ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим. Мувозанатни ушлаш, Роналду ё Мессини воқеалар марказида бўлишини қабул қилган ҳолда, бошқа футболчиларни ҳам муносиб тайёрлай билиши керак. Бошқа фаворитларда босим бутун таркибга деярли тенг даражада тақсимланса, Криш ва Мессида жамоасининг тўқсон фоиз юки елкасида тургандек.
Энг ёмон томони, парадокс шундаки, бундай босим, яъни бу жамоалар эндиям чемпион бўлиши шартлиги борасидаги мулоҳазалар афсоналарнинг, айниқса Роналдунинг, пасайиш даврига тўғри келмоқда. Авваллари ҳар иккиси ҳам анча ёш, кучга тўлган, бунинг устига, бу йил ютолмасак, келаси йил бор-ку, деган ижобий томон ҳам бор эди.
Хуллас, Месси ва Роналдунинг атрофи, улар ҳақидаги фикр ва кутилма ва пиарлар турнир охиригача ортиқча юк бўладигандек. Бу эса, Неймар ва Мбаппега қўшимча имконият, назаримда.
Қаҳрамон Асланов