23.11.2022 20:54
1369
Теглар
Испания олтин даврини қайтара оладими? 

Луис Энрике ёшларга таянмоқда.

Ўтмиш акс-садолари

Испания нолинчи йиллар бошида ва сўнгги ўн йиллик аввалида иккита кучли авлодга эга бўлди. Ҳозир эса Европа ва жаҳонни забт этган «қизил фурия»нинг фақат акс-садоси қолган. Ҳозирги таркибда Евро-2008 чемпионларидан ҳеч ким йўқ, ЖЧ-2010 олтин медалларини қўлга киритган жамоадан эса биргина Серхио Бускетс қолган. Бугунги жамоага ўша афсонавий авлод вакилларидан фақат икки киши - у ва Жорди Альба алоқадор, улар Қатарда катта эҳтимол билан ротация футболчилари бўлишади.

Испания миллий жамоаси ҳам тўпга эгалик қилишга асосланган ва тўп йўқотилга дарҳол прессингга киришишни назарда тутадиган футболни тарғиб этади. Аммо энди бу таянч нуқталари ва ижрочилар бошқа бўлган буткул бошқа жамоадир. Инерция эвазига испанлар ҳозиргача сайёранинг энг яхши жамоаларидан бири сифатида кўрилади. Таркиб қиймати (ЖЧ иштирокчилари орасида 5-ўринда) ҳам буни тасдиқлайди, аммо шу билан бирга Испания — турнирдаги энг ёш еттинчи жамоа (ўртача ёш — 25,6 йил). Педри, Гави, Гарсия, Фати, Торрес, Пино, Уильямс — уларнинг ҳеч бири 22 ёшдан катта эмас.

Мураббийнинг кучи

Испания терма жамоаси деганда — биринчи навбатда жамоа ўйинини белгилаб берадиган яримҳимоя чизиғи кўз олдига келади. Бир мамлакатда бир вақтнинг ўзида бу қадар кўп ижодкор футболчилар жамланиши камдан кам учрайдиган ҳолат. Испаниянинг аввалги авлодининг чинакамига омади келганди. Аммо бу қадар улкан салоҳиятдан ақл билан фойдаланиш ҳам керак бўлади. Ўша Испания буни уддалаганди. Аввалги намунадаги Испания ўзаги каталонияликлар учбурчаги Хави — Бускетс — Иньеста учлигига асосланганди, бу футболчилар ҳар ўйинда сеҳрли ҳаракатларни амалга оширишарди. Аммо клубда доимо бирга ўйналадиган топ даражадаги футболчилар учун вазиятлар яратиш бошқа иш, терма жамоа даражасида янги жамоадошлар билан ҳам шу ишни такрорлаш бошқа масала. Қолаверса, Мессисиз.

Терма жамоа ғалабаларига пойдеворни Луис Арагонес қўйганди, у 2008 йили Европа чемпионатида Испания олтин даврини бошлаб берганди. Унинг ишини Висенте Дель Боске давом эттирди ва ўйин механикасини узил-кесил каталониялик футболчилар асосига ўтказди. Бир муддат турғунлик давридан кейин Луис Энрике ёши ўтиб бораётган таркибни қабул қилиб олди, бу вақтда жамоанинг энг яхши даврлари эски ва замонавий футбол чорраҳасида қолганди.

Испаниялик мураббийлар мураккаб қарорлар қабул қилишига тўғри келади. Арагонес Еврога Раулни олиб кетмаганди, Дель Боске эса майдон марказида маҳоратли футболчилар жуда кўпайиб кетгани туфайли Фабрегас, Сильва ва Матани қурбон қилишга мажбур бўлганди, Энрике эса аста-секинлик билан авлодлар алмашинувини амалга оширди. Луис учун бу иш бегона эмас, унинг бошқаруви даврида «Барса» ўйин услуби тимсоли бўлган Хави аввалига асосий таркибни, кейин эса бутунлай жамоани тарк этганди. Энрике Фабрегас ва Алексис, кейинроқ Педрони қўйиб юбориш бўйича ҳам мураккаб қарорлар қабул қилишига тўғри келган.

2014/15 йиллар мавсумида «Барселона»да требл қайд этгани туфайли Энрике Испания термасига энг қийин қарорларни қабул қилиши мумкин бўлган мақомда келди. Ва Луис бундан фойдаланди. Мураббий бу сафар «ПСЖ»да кучли мавсум ўтказаётган Серхио Рамосдан воз кечишда иккиланмади. Унинг ўрнига «Валенсия»дан 22 ёшли Гильямонни таркибга жалб қилди. Кепани ҳатто учинчи дарвозабонликка олиб кетмади, мамлакатдаги энг тажрибали дарвозабон Давид Де Хеани эса ҳатто кенгайтирилган таркибга киритмаганди. Уларнинг ўрнини «Атлетик» Бильба, «Брентфорд» ва «Брайтон» клублари дарвозабонлари эгаллади.

Аммо Энрикенинг авториртети шунчалик кучлики, уни гол урмайдиган, лекин прессингда фойдали бўлган Моратани асосий форвард сифатида танлашини кечиришади. Педри мураббийнинг жамоадаги ролини шундай таърифлаганди:

«У сенга қоядан сакрашни айтиши мумкин, аммо у буни шундай тарзда ифодалайдики, сен буни қилишинг кераклиги ва барчаси яхши бўлишига ишонтиради».

Бир жамоада жуда кўп катта футболчилар тўпланиб қолганида, мураббийнинг иши иккинчи планга ўтиб қолгандек кўринади. Аммо Арагонес ҳам, Дель Боске ҳам юлдузларнинг энг яхши сифатларини очиб берадиган аниқ ўйин тамойилларига интилишганди. Ҳозирги Испания термаси эса — унинг бош мураббийининг муаллифлик лойиҳаси дейиш мумкин.

Кучлар мувозанати

Замонавий Испания термаси «олтин» таркибдан фарқ қилади. Ўша таркибнинг асосий юлдузлари сўралганида кўпчилик Иньеста, Хави, Вилья, Касильяс номларини санай бошларди. Ҳозирги таркибдан бирор футболчини яққол ажратиб олиш қийин — жамоани ўз елкасига олиши мумкин бўлган футболчи сифатида Педрини айтиш мумкин, аммо бу йигитча ҳали 19 ёшда ва ҳозирда ундан жасорат талаб қилиш ўринсиз. 18 ёшида асосий таркибга даъвогар бўлган Гави ҳақида нима ҳам дейиш мумкин, ахир унинг учун ЖЧ-2022 фаолиятидаги илк йирик халқаро турнир бўлса? Масалан, Евро-2008 турнирида Андрес Иньеста 24, Хави — 26 ёшда эди.

Аммо Испания термасида асосийси — услуб сақланиб қолган. Луис Энрике ҳар бир футболчининг вазифалари ва роли аниқ белгиланган тузилма яратди. Бу ерда асосий юлдуз йўқ, лекин майдон маркази ёш футболчилардан таркиб топган ва мунтазам гол урадиган футболчи бўлмаса ҳам, натижа ва голлар бўлаверадиган тизим мавжуд.

«Жамоамиз қайси футболчи майдонга тушишига қараб ўйин услубини ўзгартирмоқчи эмас. Ҳар бир футболчи уникаллиги бор гап. Аммо улар ҳеч қанақасига тизимни ва ўйин услубини ўзгартира олмайди. Бу кулгили бўлган бўларди», — дейди Энрике.

Бу Испания ўзининг ғалабали йилларида амал қилган ёки шунга ўхшаш қоида. Бугунги жамоанинг жозибаси ҳам шунда — бу барибир ўшандай жамоа ва бир вақтнинг ўзида бутунлай бошқача.

Испаниянинг ЖЧ-2022 учун таркиби
Дарвозабонлар: Унаи Симон («Атлетик»), Давид Райя («Брентфорд», Англия), Роберт Санчес («Брайтон», Англия).
Ҳимоячилар: Пау Торрес («Вильярреал»), Эрик Гарсия, Жорди Альба (иккиси — «Барселона»), Хосе Гайя, Уго Гильямон (иккиси — «Валенсия»), Сесар Аспиликуэта («Челси», Англия), Даниэль Карвахал («Реал»), Эмерик Ляпорт («Манчестер Сити», Англия).
Яримҳимоячилар: Серхио Бускетс, Гави, Педри (барчаси — «Барселона»), Коке, Маркос Льоренте (иккиси — «Атлетико»), Карлос Солер («ПСЖ», Франция).
Ҳужумчилар: Иньяки Уильямс («Атлетик»), Альваро Мората («Атлетико»), Марко Асенсио («Реал»), Ферран Торрес, Ансу Фати (иккиси — «Барселона»), Пабло Сарабия («ПСЖ», Франция), Йереми Пино («Вильярреал»), Дани Ольмо («Лейпциг», Германия).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар