18.11.2022 15:39
6893
Теглар
Суперлига-2022 томошабинлар ташрифи: «Навбаҳор» – пешқадам, «Насаф» 2-ўринда, лигани тарк этган «Динамо» «Пахтакор»ни ортда қолдирди

Суперлига-2022 якунларига кўра, стадионлардаги томошабинлар ташрифи бўйича кутилганидек Наманганинг «Навбаҳор» клуби ишқибозлари яққол пешқадам бўлишди.

Сўнгги тургача чемпионлик учун кураш олиб бориб, якунда 2-ўринни эгаллаган «Навбаҳор» жамоаси томошабинлар меҳри бўйича биринчи ўринни эгаллади. «Лочинлар»нинг 1-даврадаги ҳар бир уй учрашувида ўртача 14 966 нафар мухлис йиғилган бўлса, бутун мавсум бўйича ўртача кўрсаткич – 14 204 томошабинни ташкил этди. Бу лигадаги энг яхши кўрсаткич.

Суперлига жорий мавсумидаги рекорд ҳам айнан наманганлик мухлисларга тегишли. «Навбаҳор»нинг «Бунёкдор»га қарши ўйинида (2:1) Наманганда рекорд – 26 231 нафар томошабин тўпланган. Бу натижа яқин орада янгиланишига ишониш қийин.

Томошабинлар сони бўйича иккинчи ўриндан кутилганидек «Насаф» жой олган. Рўзиқул Бердиев шогирдларининг Қаршидаги уй ўйинларга 1-даврада ўртача 7 553 нафардан томошабин ташриф буюрган бўлса, мавсум давомида ўртача кўрсаткич 6 230 нафар томошабинни ташкил этган.

Бу йил Қашқадарёдаги энг кўп томошабин йиғилган баҳс 7 май кунги «Насаф» - «Пахтакор» тўқнашуви бўлди. Нурсиз дуранг (0:0) билан якунланган учрашувни 15 500 мухлис кузатиб борган. Бу Қаршидаги жорий мавсумги рекорд.

Мавсум давомида уч фронт – Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва ОФК кубогида кураш олиб бориб, якунда совринсиз қолган «Сўғдиёна»нинг Жиззахдаги ҳар бир баҳсига 1-даврада ўртача 4 143 нафардан томошабин келган, иккинчи даврада эса бу борада ҳам пасайиш кузатилиб, йиллик ўртача ташриф 3 823 нафар томошабинни ташкил этган. Шунга қарамай, жиззахлик мухлислар ташриф борасида 1-даврадаги 5-ўриндан, 2-даврада 3-ўринга кўтарилган.

Кучли бешликни «Металлург» ва «Динамо» ёпиб берган. Бекобод ва Самарқанд клубларининг уй стадионларида тўпланган томошабинлар сони деярли тенг. Биринчи даврада ташриф борасида 6-ўринда бўлган «Металлург» мухлислар борасида ўсишга эришмаган, аммо пасайиш нисбатан камроқ бўлгани эвазига 4-ўринга кўтарилган. Бу мавсум мухлисларини яна ранжитиб, Про лигага равона бўлган «Динамо» эса томошабинлар ташрифи бўйича бешликдан жой олди. 1-даврада «динамочилар»нинг Самарқанддаги ҳар бир баҳсига ўртача 4 155 нафардан ишқибоз йиғилган, мавсумдаги ўртача кўрсаткич эса 3 618 нафар томошабинни ташкил қилган.

Эътиборли жиҳати, «Динамо» мавсум давомида 6 ой ғалаба нималигини билмай, якунда 14-ўрин билан қуйи лигага равона бўлганига қарамай, Самарқанддаги мухлислар сони бўйича «Пахтакор»ни ортда қолдирган. Чемпион жамоа 1-даврада Тошкентда ўртача 4 482 томошабин тўплаган бўлса, Суперлига якунидаги интригага қарамай 2-даврада пасайиш кузатилиб, мавсум давомидаги ўртача ташриф 3 179 томошабинни ташкил этган.

Томошабинлар ташрифи бўйича ўнликдан «Қизилқум», ОКМК, «Нефтчи» ва «Бунёдкор» жой олган. Шу ўринда, Навоий ва Фарғона шарафини ҳимоя қилувчи клубларининг уй ўйинларини бошқа шаҳарлардаги стадионда ҳам ўтказганини қайд этиш жоиз. «Қизилқум» мавсум стартини Олмалиқда, «Нефтчи» эса Яйпанда ўтказиб, Фарғонада атиги 3та ўйин ўтказди. Мезбонликдаги барча учрашувлар маҳаллий мухлислари қаршисида ўтганида клублар бу борада юқорироқ ўринларда ҳам бўлиши мумкин эди.

Қизиғи, томошабин тўплаш масаласида ўнликдан ташқарида қолган 4 жамоа - «Қўқон-1912», «Олимпик», «Локомотив» ва «Сурхон» клубидан 3таси турнир жадвалида ҳам лигада қолиш учун курашди. Бу мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши футболда қанчалик муҳимлигидан далолат. Қўқон клуби ўз майдони эмас, қўшни Яйпанда тўп сургани ҳам ташрифнинг пасайишига ва лигадан тушиб кетишига таъсир қилди. «Сурхон» эса ўз ўйинларини Термизда эмас, йил давомида Самарқанд, Тошкент ва Олмалиқда ўтказди. Сарсонгарчилик оқибатида клуб бир амаллаб лигада қолган бўлса-да, мухлислари сони бўйича сўнгги ўринга тушди. Темур Кападзе мураббийлигидаги дебютант «Олимпик» ҳали энди мухлис тўплаётган бўлса, «Локомотив» аввалги йилларда ҳам бу борада мақтана олмасди.

Суперлига-2022 1-давра томошабинлар ташрифи:

Суперлига-2022 мавсум томошабинлар ташрифи:

У.Ибодов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар