16.11.2022 20:42
13445
Ҳимоямиз Шомуродовдан бошланади». Катанец Қозоғистон билан ўйин, Элдорнинг келажаги ва мухлис камлиги ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Қозоғистонга (2:0) қарши ўртоқлик ўйинидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Таассуротларим ижобий. Ғалаба қозондик. Тактик жиҳатдан яхши ўйнадик. Мавсум сўнги бўлгани учун жисмоний томондан камчиликлар кўринди. Умид қиламанки, келажакда бу борада яхшиланамиз.

Қозоғистон футболчилари? Рақиб ўйинчиларига баҳо бермайман. Уларда ҳам 1-2 вазиятлар бўлди. Жарима зарбасида омадимиз келди. Осиё жамоаси билан ўйнашгани учун эҳтимол 5 ҳимоячи схемасини танлашмади. Умуман олганда, Қозоғистон — хавфли жамоа. 

Ҳужумчиларимизга олдинги чизиқда эркинлик берамиз, импровизация қилишлари мумкин, аммо ҳимояланишда кўрсатмаларимизни бажаришлари керак. Рақиб футболчилари бўш қолиб кетмасликлари керак. Ҳимоямиз Шомуродовдан бошланади.

Жалолиддин Машарипов ва Ойбек Бозоровнинг йўқлиги (иккаласи ҳам бетоб)? Бу йигитларнинг бўлиши — қўшимча плюс. Айниқса,  Жалол. Лекин доим ўзимда бор футболчилардан фойдаланаман. Бугунги ўйинчилардан қониқдим. 

Шомуродовга келажаги бўйича маслаҳат бермайман. Бу вазифам эмас. У профессионал. Ўйлайманки, у доим ўйин амалиётига эга бўладиган жамоани топади. Лекин шахсан унинг клубдаги ишларига аралашмайман. У миллий жамоага келяпти ва голлар уряпти. Мен учун муҳими — шу.

Шомуродов ва Сергеевнинг бирга ўйнаши? Кейинги ўйинларда синаб кўришимиз мумкин. Футболчилар боғламини яратиш осон эмас. Рақибдан ҳам келиб чиқамиз. Бугун иложи борича яхши формада бўлган ва услубимизни биладиганларни туширдим. Янги қўшилганларни бирданига қўйиб юбора олмайман.

Мухлис камлиги ҳайрон қолдирди. Ахир бу — миллий жамоа. Тўғри, кучли ўйин эмасдир. Нафақат ютганда, балки ютқазганда ҳам қўллаб-қувватлаш керак. Бу йигитлар учун керак. Бразилия, Англияда оддий ўйинларда ҳам мухлислар стадионни тўлдириб ўтиришади», — дея Катанецнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар