15.11.2022 13:04
7278
Теглар
Сречко Катанец: «Бу — шунчаки ўртоқлик баҳси. Мен расмий ўйинлардаги натижалар учун жавоб бераман»

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец Қозоғистонга қарши ўртоқлик ўйини олдидан ўз фикрларини билдирди. 

«Ассалому алайкум. Бизда одатдагидек ўртоқлик ўйини. Ўзига хос нарса йўқ. Фақат бугун тўлиқ йиғилдик. 

Осиё Кубоги 2024 йилда ўтиши? Бу режамизга таъсир қилмади. Бунинг ижобий томонлари бор. Кўпроқ вақтимиз бўлади. Кўпроқ ўйинчиларни синаб кўрамиз. Яна бир яхши томони — чемпионатимиз тугаган бўлади ва тайёргарликка етарлича вақтимиз бўлади. 

Иброҳимхалил Йўлдошев? Бошқа футболчиларни синаб кўрмоқчиман. У ўзини кўрсатиши керак, сўнгги ўйинларда захирада ўтирибди. У ҳали ёш футболчи, қўшиши керак.

Ўзбекистоннинг сўнгги дақиқаларда кўп ўтказиши? Бу барча жамоалар билан ҳам содир бўлади. Футбол шуниси билан қизиқарли. Балки, бу чарчоқ билан боғлиқдир. Омад фактори ҳам бор. Коста-Рика (1:2) билан ўйинда рақиб вабанкка борди, 8 ўйинчиси ҳужумга ўтди, ҳимоячиларимиз хатога йўл қўйди. Концентрацияни йўқотмаслик керак. Бунинг алоҳида ечими йўқ.

Қозоғистон Осиёнинг топ-5 жамоаси қаторига кира оладими? Бошқа минтақадаги жамоа ҳақида бу борада жавоб бериш қийин. Бу авлодлар масаласига ҳам боғлиқ. Рақибни ўрганиб чиқдик. Улар 5 ҳимоячи билан ўйнашади. Эски мактаб. Зич жойлашиб, агрессив ҳаракат қилишади ва буни баъзида ошириб юборишади. Бундай вазиятларда футболчиларимиз ақлли бўлиши керак.

Қозоғистоннинг ўйини ёқди. Алоҳида ўйинчини ажратиб кўрсата олмайман. Словакиядек жамоа билан ажойиб ўйин кўрсатишди.

Принципиаллик? Нима деб жавоб беришим мумкин. Кўпчилик учун бу дерби бўлиши мумкин, аммо мен қарашимни ўзгартира олмайман — бу ўртоқлик ўйини. Кимдир 2007 йилдаги ўйинда жанжал бўлганини айтди, аммо ҳозир иккала жамоада ҳам умуман бошқа ўйинчилар ҳаракат қилишади. Футболчилар бор кучларини беришади, лекин мавсум охири — чарчоқ бор. Устига-устак, энди 1,5та машғулот ўтказдик. Босим ҳис қилмаяпман. Ўртоқлик баҳслари эмас, расмий ўйинлардаги натижа учун жавоб бераман.

Элдор Шомуродов кеч етиб келгани? У майдонга тушади, чунки «Рома»да сўнгги баҳсда ўйнамаган. У ҳатто бошқа ўйинчилардан ҳам яхши ҳолатда», — дея словениялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Беллашув эртага «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 18:00да бошланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар