13.11.2022 09:31
4810
ЖЧ-2022 олдидан: одатий фаворит, аммо доим нимадир етишмайдиган Англия

Мундиалга доим фаворитлар қаторида боради, аммо юқори даражали дарвозабон, таркибга мос мураббий ёки омад етишмагани учун плей-оффдан ортга қайтади. Ҳа, бу — Англия. Жамоа сўнгги икки йирик турнирда камида яримфиналгача борди, бу сафар-чи? «Уч шерлар»нинг имкониятлари ҳақида фикр юритамиз.

ФИФА рейтингидаги ўрни — 5

ЖЧ-2022 сари йўл — 8 ғалаба, 2 дуранг, 0 мағлубият, тўплар нисбати — 39:3

Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Ҳарри Кейн (12)

ЖЧдаги энг яхши натижаси — чемпионлик (1966).

Гуруҳ босқичидаги ўйинлари:

21 ноябр, 18:00. Англия — Эрон

25 ноябр, 23:59. Англия — АҚШ

29 ноябр, 23:59. Уэльс — Англия

ТАРКИБ

Саутгейт 26 футболчини қайдномага киритди. Ҳимоя чизиғида муаммолар бор. «Челси»нинг қанот ҳимоячилари Рис Жеймс ва Бен Чилуэлл жароҳат сабаб турнирни ўтказиб юборишади, Кайл Уокер тўлиқ тикланиб улгурмаган, Ҳарри Магуайр ва Трент Александер-Арнолд яхши формада эмас, чап қанотда Люк Шоуга ўринбосар йўқ. Фақат Киран Триппьер ва Бен Уайт энг яхши ҳолатда етиб келишмоқда.

Яримҳимоя ва ҳужумга ҳавас қилса арзийди, Кэлвин Филиппсдагина ўйин амалиёти етарли эмас.

Дарвозабонлар: Жордан Пикфорд («Эвертон»), Аарон Рэмсдейл («Арсенал»), Ник Поуп («Ньюкасл»);

Ҳимоячилар: Трент Александер-Арнолд («Ливерпул»), Конор Коуди («Эвертон»), Эрик Дайер («Тоттенҳэм»), Ҳарри Магуайр, Люк Шоу (иккиси ҳам – «Манчестер Юнайтед»), Жон Стоунз, Кайл Уокер (иккиси ҳам – «Манчестер Сити»), Киран Триппьер («Ньюкасл»), Бен Уайт («Арсенал»);

Яримҳимоячилар: Жуд Беллингем («Боруссия» Дортмунд), Конор Галлаҳер, Мэйсон Маунт (иккиси ҳам – «Челси»), Жордан Ҳендерсон («Ливерпул»), Кэлвин Филлипс («Манчестер Сити»), Деклан Райс («Вест Ҳэм»);

Ҳужумчилар: Филип Фоден, Жек Грилиш (иккиси ҳам – «Манчестер Сити»), Ҳарри Кейн («Тоттенҳэм»), Жеймс Мэддисон («Лестер»), Маркус Рэшфорд («Манчестер Юнайтед»), Букайо Сака («Арсенал»), Раҳим Стерлинг («Челси»), Каллум Уилсон («Ньюкасл»).

Тахминий бошланғич таркиб: Пикфорд — Триппьер, Уайт, Стоунз, Дайер, Шоу — Райс, Беллингем— Сака, Кейн, Стерлинг.

ТАРКИБГА ЭЪТИРОЗЛАР

Таркибга киритилмаганлар орасида Фикайо Томори («Милан»), Тэмми Абраҳам («Рома»), Жейдон Санчо («МЮ»), Жеймс Уорд-Проуз («Саутҳэмптон»), Жаррод Боуэн («Вест Ҳэм»), Иван Тони («Брентфорд»), Ҳарви Эллиот («Ливерпул»), Райан Сессеньон («Тоттенҳэм») каби юлдузлар бор. Англия матбуотида энг кўп сўралган футболчилар Томори ва Эллиотт бўлди.

Саутгейт танқидларга учради. Баъзи оммавий ахборот воситалари ва мухлислар Эрик Дайер ҳамда Ҳарри Магуайр рўйхатга киритилгани учун мураббийни айблашди. «Тоттенҳэм» ҳимоячиси сўнгги ўйинларда жиддий хатоларга йўл қўйди, «Манчестер Юнайтед» сардори эса АПЛда атиги 4та ўйин ўтказди.

Мухлислардан бири шундай ёзди: «Томори ўрнига Эрик Дайер ва Ҳарри Магуайрни танлаш жиноятдир». Яна бир мухлис қўшиб қўйди: «Томори ўрнига Дайер ва Магуайр, Тони ўрнига Рэшфордни чақириш уятдан бошқа нарса эмас. Мавсумни ажойиб ўтказаётган Эллиот таркибда йўқлиги ҳам шармандалик. Ягона ижобий жиҳат — Мэддисон».

The Independent нашри Тэмми Абраҳам, Иван Тони, Фикайо Томори, Жеймс Уорд-Проуз ва Жаррод Боуэн бўйича эътирозлар билдирди. Томори, Абраҳам, Тони каби ўйинчиларнинг жалб этилмаганини ирқий томонлама талқин қилганлар ҳам бўлди.

Таркиб эълон қилинганидан сўнг, бош мураббий Гарет Саутгейт журналистлар билан суҳбатлашди ва баъзи қарорларини тушунтирди. Мана унинг иқтибослари:

«Меддисон — яхши футболчи, биз буни доим айтганмиз. Ўйлайманки, у бизга бошқа ҳужумкор ўйинчиларимиздан фарқ қиладиган нарса бера олади. Бизга унинг бўш ҳудудлар топиши ёқади. Айни кунларда олдинда ўйнайдиган футболчилар етарли эмас. Унинг узоқ масофадан зарбалари ҳам ажойиб.

Нега Томори ўрнига Магуайр? Ёш ҳимоячилар ёши каттароқ йигитларни таркибдан чиқариш учун етарли ҳаракат қилишмади. Ишончим комилки, Магуайр — бизнинг энг яхши марказий ҳимоячиларимиздан бири.

Жамоамизда йирик турнирларда бўлган, шу даражада ўйнаган ва улардан нима талаб қилинишини биладиган кўплаб футболчилар борлигини ҳаммамиз биламиз. Айни пайтда бизда яхши ва формада бўлган бошқа ўйинчилар ҳам бор. Таркибни танлаганимизда мувозанат керак эди.

Филлипс? Кэлвин 90 дақиқадан 7 та ўйин ўтказа олмайди. У билан таваккал қилдик. Унинг жисмоний тайёргарлигини оширишимиз керак, чунки яримҳимояда имкониятларимиз кўп эмас. Фикримизча, бу таваккал арзийди».

ЕТАКЧИЛАP

Ҳарри Кейн — жамоа сардори, асосий умид.

Айнан Кейнни инглиз футболининг сўнгги йиллардаги асосий шахси деб аташ мумкин. Ҳарри ёмон формада эмас, шунинг учун мухлислар сардордан фаолиятидаги энг яхши турнирни кутишлари мумкин.

Кейн миллий жамоада 75 ўйинда 51 тўп киритган. Яна иккита гол урса, Рунини (53) ортда қолдириб, мутлақ рекордчига айланади.

Сўнгги пайтларда ҳужумчи кўпроқ плеймейкер ролини ҳам бажармоқда.

Раҳим Стерлинг — тезлик. У доимий югуриши билан чап қанот ва марказий ҳужумда кескинлик ҳосил қилади. Тинимсиз ҳаракатлари билан рақибларни чарчатади ва Кейннинг ишини осонлаштиради.

Раҳим қойилмақом тезлик ва ажойиб дриблингга эга, бу эса унга рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш имконини беради. Стерлинг миллий жамоада 79 ўйин ўтказиб, 19 гол урган.

МУРАББИЙ ВА УНИНГ УСЛУБИ

2013 йилда Гарет Саутгейт Англия ёшлар миллий жамоасини бошқарган ва Евро-2015да ҳатто гуруҳ босқичидан ҳам ўта олмаган. 2016 йил сентябрда Сэм Эллардайс истеъфога чиқарилгач, Саутгейт асосий жамоада бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди ва кўп ўтмай лавозимга тўлиқ тасдиқланди.

Гарет бошчилигида инглизлар Россиядаги жаҳон чемпионатига чиқиб, сўнгги 28 йил ичида илк бор яримфиналгача боришди. 2018 йил декабр ойида Саутгейт мамлакат футбол ассоциацияси томонидан йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди, инглиз футболига хизматлари учун Британия империясининг ордени билан тақдирланди.

Саутгейт Англия футболида ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида 50 дан ортиқ ўйин ўтказган ягона шахсдир.  У нафақат жамоани, балки миллатни ҳам илҳомлантирди.

Англия миллий жамоасининг ўйин схемаси: 3-4-2-1 ёки 4-2-3-1.

Саутгейт жамоани биринчи рақамда ўйнашга мажбурламайди. Тўғрисини айтганда, бунинг учун жамоада ресурслар ҳам етарли эмас, шунинг учун кўпинча Англия ташаббусни рақибга беради.

Айтганча, яна бир қизиқ жиҳат — ҳозирги жамоа ҳаводаги дуэлларнинг ўртача 49 фоизида ғалаба қозонади. Бу аввалги Англияга хос эмас.

Миллатлар Лигасидаги қониқарсиз натижалардан сўнг Гаретга шубҳалар пайдо бўлган. Мураббийни ўта эҳтиёткор ўйин услуби учун танқид қилишмоқда. Мундиалда қониқарсиз натижа қайд этилса, унинг ўрнини Томас Тухел, Эдди Ҳау, Грэм Поттер каби мураббийлардан бири эгаллаши айтилмоқда.

КУЧЛИ ВА КУЧСИЗ ТОМОНЛАРИ

Англияда жуда тезкор жамоа бор. Кўп жиҳатдан айнан шу туфайли улар Евро-2020 финалига чиқишди. Инглизлар ўзларининг тезлик салоҳиятидан оқилона фойдаланишади, уни ўйиннинг маълум сегментларида фаоллаштиришади.

Камдан кам ҳолларда Англиянинг юқори прессингини ёки 90 дақиқа югуришини кўрасиз. Инглизлар дастлабки 10-15 дақиқада кучли ўйнашади, кейин эса вазиятга қараб ҳаракат қилишади, куч захираси бор.

Саутгейт футболчиларни чекламайди — бу уларни таваккал қилмайдиган, тўпни йўқотишдан қўрқадиган бошқа кўплаб жамоалардан ажратиб туради. Кейн, Фоден, Беллингем... ҳар қандай ўйинчи етакчиликни қўлга олиб, ғалаба келтириши мумкин.

Қарши ҳужумлар Англиянинг асосий қуролидир. Улар тезкор қанотлар ва мукаммал узатмалар билан амалга оширилади. Инглизларнинг қарши ҳужумларининг ўзига хос хусусияти — бу пасларнинг минимал сони, одатда гол уриш учун 2-3 та узатма етарли.

Англия ҳимоясида ҳаммаси ҳам ҳужумдагидек яхши эмас. Ҳимоячиларнинг позицион хатоларига қўшимча равишда таянч зонасида доимий камчиликлар мавжуд ва футболчидан қатъи назар, у хоҳ Филипс бўлсин, хоҳ Хендерсон ёки Райс, эҳтимол, бу тактика масаласидир. Бу эса Саутгейт учун саволлар туғдиради.

Агар рақиб инглизларнинг тезлигини чекласа, нима бўлади? Жамоа позицион ҳужумларда устунликка эга бўлиши даргумон ва замонавий футболда фақат қарши ҳужумларга таяниш нотўғри йўлдир. Фақат совринга даъво қилмайдиган жамоалар шундай ўйнайди. Ҳа, инглизлар индивидуал ҳаракатлар орқали ўтишга тайёр, аммо тушуниш керакки, бу доим ҳам ишламайди ва йўқотишлар катта муаммоларга олиб келиши мумкин. Позицион ҳужумларда изчиллик йўқлиги Англияни топ-жамоалар орасида ғалаба учун энг кам даъвогарга айлантирмоқда.

ПРОГНОЗ

АҚШ, Эрон ва Уэльс бор гуруҳда Англия 1-ўрин билан кейинги босқичга чиқиши мумкин. Энг қизиқарлиси плей-оффдан бошланади.

Инглизлар 1/8 финалдан муаммоларга дуч келишлари мумкин, бу ерда уларни Сенегал, Эквадор ёки мезбон Қатар кутмоқда. Ва кейин, катта эҳтимол билан 1/4 финалда Франция билан ўйин. Бу баҳс, эҳтимол, «уч шерлар» учун турнирдаги охиргиси бўлади. Мабодо французлар тўсиғидан ўтилган тақдирда, яримфиналда Саутгейт жамоасини ноқулай рақиблар — Испания, Германия, Португалия ёки Бельгиядан бири кутиб туради.

Саутгейт интервьюсида «Англия ЖЧда яримфиналга, Еврода финалга чиқди. Энди йигитларни бундан паст натижалар қониқтирмайди», деганди. Аммо Россиядаги мундиал билан солиштирганда, бу сафар плей-офф йўли мураккаброқ ва инглизлар узоғи билан яримфиналгача етиб боришлари мумкин.

Аъзамжон Иззатиллаев

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар